loader
Foto

Абдураҳмон Носир

«Ушбу ҳукмдор ҳарбий юришларда чарчоқ билмас, етакчилик қобилияти яхши ривожланган, табиатан тап тортмас, дадил шахс эди. Юрт аҳолиси қурғоқчиликдан азият чеккан йили унинг ҳузурига қози Мунзир Балютдан чопар келиб, қозининг шахсий илтимосини, яъни халойиқ олдига чиқиб, Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилиш илтимосини келтирди. Ушбу илтимосга жавобан ҳукмдор дастлаб эгнига дағал кийим кийди, сўнг тавба қилиб, Парвардигорга кўзда ёшла сажда қилганча: «Пешана гажагим Ўз ихтиёрингда (яъни мен тўла-тўкис Сенинг измингдаман), менинг ай-бим учун қавмимни жазолама. Мен неки иш қилсам Сендан яширин кечмайди!» - дея хитоб қилди. Бунн эшитган қозининг юзи яшнаб: «Ер юзидаги энг қудратли ҳукмдор бўйин эгар экан, самодаги Қудратлн Ҳукмдор ҳам раҳм-шафқат айлажак», - дея тахмин қилди. Шундан сўнг мусулмонлар ёмғир сўраб намоз ўқишди. Карами кенг Аллоҳ уларга мурувват қилди».(Сияру аъламун-нубала, 15 - 336.)

Имом Заҳобий

Мазкур ҳикоямиз қаҳрамони - Европа халқлари Ўрта асрнинг буюк ҳукмдори дея тан олган Абдураҳмон Носир бўлади. У Андалусия ўлкаси забт этилиб қулагунига қадар ўтган бутун тарихи давомида энг забардаст ҳукмдор бўлди. Унинг тойфа замонидан олдин ўтган ҳукмрон-лик даври Андалусия учун юксалиш даври дея эътироф этилди. Ушбу буюк мусулмон маърифатнинг кенг оммалашишига жиддий аҳамият бериб, Андалусия мусулмонлари орасида саводсизлик тўла-тўкис барҳам топишига эриша билди. Ҳатто аёллар ҳам Абдураҳмон Носир даврида курраи заминнинг ўша замондаги энг йирик кутубхонаси бўлмиш Кордова кутубхонаси учун китоб кўчириш билан машғул бўлишди.

Доктор Роғиб Сиржоний халифа Абдураҳмон Носир даврида юртда эришилган юксак маданий ютуқларни ўзининг «Андалусия тарихи» асарида кенг тавсифлаб ўтди. Абдураҳмон Носир Андалусия масжидларининг жонланишига катта аҳамият берди, Кордова жоме масжидини кенгайтириш ишларини амалга ошириб, уни Ислом оламининг ўша замондаги энг катта масжидига айлантирди.

Андалусия халифалигининг бутун ҳудудида Исломий адолат ҳукм сурди. Ўша даврда насроний инсон Исломий давлатнинг ҳомийлиги остида яҳудий билан бир девор қўшни бўлиб тинч-тотув яшади. Ўз юртида таъқиб қилинган яҳудий ва христианлар Кордовага, мусулмонлар ҳимояси остига ёғилиб келди. Бутун дунёнинг Исломий уламолари ҳам шу ерга йиғилди. Кордованинг ўзида қурилган масжидлар сони уч мингдан ошиб кетди, илм-фан гуркиради, меъморчилик санъати ривож топди, бир-биридан ғаройиб муҳандислик ғоялари амалиётда ўз ифо-дасини топди. Кордова дунёда кўчалари тунда ёритиладиган биринчи шаҳар бўлди. Халифалик пойтахти жаҳолат ва адолатсизлик ботқоғига ботган Европа зулматидаги рўшнолик чироғига айланди гўё.

Ушбу Исломий давлатда Европада биринчи бўлиб умумий касалхона ва кутубхоналар пайдо бўлди. Абдураҳмон Носир Европадаги энг гўзал шаҳар саналган Мадина ва-Заҳра (Мадина ва-Заҳра - милодий X асрда Испаниядаги Сьерра-Морена тоғ тизмаси ҳудуди-да, Кордованинг ғарбидан 8 километр нарида барпо этилган сарой шаҳри.) шаҳрини барпо этди. Мусул-мон олимлар ушбу шаҳар лойиҳасини ниҳоятда ажойиб тарзда рўёбга чиқаришди. Мадина ва-Заҳра шаҳри уч қисмдан ташкил топган бўлиб, ҳар бири тоғнинг бир-бирининг устига зинапоядек кўтарилган поғоналарида қад кўтарди. Хусусан, юқори поғонада кўрки таърифга сиғмас сарой қурилди. Ўрта поғонада истироҳат боғларию кўркам дарахтзор жой олди. Қуйи поғонасида эса турли-туман иморатлар ва жоме масжид барпо этилди. Кордовада ўз кўрки ва мукаммаллиги ила дунёда мавжуд кўприклардан ўтиб кетган кўприк курилди.

Халифа Абдураҳмон Носир даврида халк иқтисодий фаравонликда яшади, турмуш даражаси анча кўтарилди, аҳолига кўрсатиладиган хизмат турларининг ҳажми ортди, бепул тиббий ёрдам пайдо бўлди, толибларга ойлик маош тўланадиган бепул таълим тизими кенг татбик этилди. Кексаларга талаб даражасида қараладиган қариялар уйлари қурилди. Ҳатто ҳайвонлар парвариш қилинадиган уйлар ҳам қад кўтариб, ҳарбий фабрика ва бандаргоҳлар тизимига асос солинди. Мусулмонлар армияси унинг даврида Европадаги энг қудратли армияга айланди.

Андалусиядаги тойфагача бўлган вазият ана шундай эди.

Табиийки, сизда, қадрли китобхон, савол туғилиши мумкин: «Қандай қилиб Андалусия мусулмонлари шундай масхараомуз даражага қадар тубанлашиб кетишдики, насроний қирол Альфонсо Олтинчига ўлпон тўлайдиган бўлиб қолишди?»

Тўғрисини айтганда, Андалусиядаги мусулмонларнинг ҳукуматга Абдураҳмон Носир келгунгача бўлган аҳволи хўрлик ва заифлик даражасига кўра тойфа замонидаги аҳволидан беш баттар бўлган. Андалусиянинг ўша замондаги заифлик даражасини бутунича англаб етиш учун Абдураҳмон Носирнинг барча амакиларию уларнинг ўғиллари тахтдан воз кечишганини билиш кифоядир. Чунки уларнинг ҳеч қайси бири тарихга Андалусияни қўлдан кетказган ҳукмдор сифатида киришни истамаган.

Абдураҳмон Носир тахтни қабул қилиб олганда ҳали йигирма бирга тўлмаган ёш йигит эди. Ушбу йигитча тарих жараёнини нафақат Андалусия, балки бутун Европа миқёсида ўзгартириб юборишга эриптди.

Энди кейинги савол туғилиши мумкин: «Қандай қилиб ушбу йигитча бутун бошли юрт аҳволини ўзгартириб, Андалусияни Ўрта аср Европасининг энг буюк давлатига айлантира билди?»

Халифа Абдураҳмон Носир эришган улуғворлик сири Андалусияда, ушбу йигитча ҳукуматга келгунча ҳукм сурган айнан ўша заифлик бўлди. Агар бундай аянчли вазият қарор топмаганда, мазкур ҳикоямиз қаҳрамони Ислом умматининг юз нафар буюк шахси рўйхатига кирмаган бўлар эди. Зеро, ўз халқининг хўрланган, заиф аҳволини куч ва қудратга айлантирган даражада кўтара билган тарихий шахслар - нафақат Исломий, балки ҳар қандай бошқа жамиятнинг буюк шахслари ҳисобланади. Яхшилаб тозалайдиган оловда тобланмас экан, темир ҳеч қачон пўлатга айланмайди.

Сизу бизнинг мазкур ҳикоя қаҳрамони туғилиб ўсган муҳитдан кўп фарқ қилмайдиган давримизда ҳукм сураётган заифлик замонида буюк шахслар қандай пайдо бўлиши мумкинлигини англаб етиш учун ул зоти шарифнинг сийратини пухта ўрганиб чиқишимиз керак бўлади. Шу иш билан шуғулланар эканман, халифа Абдураҳмон Носирни банибашар тарихидаги энг буюк шахслардан бирига айлантирган қуйидаги учта омилни кўра билдим:

1. Тақводорлиги билан ажралиб тургани. Халифа Абдураҳмон Носир ҳаётда диндор, худотарс, ҳукмдорлик даврида Андалусия юрти иқтисодий жиҳатдан юксак даражага кўтарилганига қарамай дунёвий лаззатлардан йироқ юрган шахс бўлган. Одамлар унинг хусусий ғазнасида биттагина варақ топишган, холос. Унда у ўз қўли билан қуйидаги мазмунга эга бир неча сатр битган: «Фалон йилнинг фалон ойидаги фалон кун мен учун беташвиш ўтган кун бўлди». Одамлар санаб чиқиб, бундай кунлар халифанинг умрида атиги ўн тўртта бўлганини аниқлашди.

2. Одамлар қалбига қаҳрамонона руҳ бахш этгани. Бу иш Ислом умматининг буюк шахслари томонидан намоён этилган жасорат намуналарини аҳоли орасида кенг тарғиб этишдан иборат бўлди (мазкур асар воситасида биз ҳам шу ишга қўл урганмиз). Абдураҳмон Носирнинг бобоси Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ўз набирасига «қурайшийлар қарчиғайи» номи ила танилган қаҳрамон бобокалони Абдураҳмон Доҳил ва бошқа боболари томонидан кўрсатилган жасоратлар намуналари ҳакида кўп ҳикоя қилиб борган. Бу билан у набирасининг онгига, ушбу бола ўсаётган хаста муҳитдан кескин фарқ қиладиган қаҳрамонлик ру-ҳини сингдириб борган.

Аммо... халифа Абдураҳмон Носир ва унинг улуғ бобокалони Абдураҳмон Доҳил қайси аслзода хонадонга мансуб бўлган? Ушбу буюк сулола Исломга нима берди? Нима сабабдан ушбу хонадон тарихи мудҳиш даражада бузиб юборилган? Уларнинг сулоласидан чиққан қайси инсон курраи заминда пайғамбарлардан кейин келган энг сара одамлар орасида учинчи ўринни эгаллаган?

Ат-Туробийнинг

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан