loader
Foto

Қандай қилиб Эрон шиа давлатига айлангани ҳақида (2-қисм)

644-йилда солиҳ халифа Умар (р.a.) вафотидан сўнг сайловлар бўлиб, унда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бири Усмон ибн Аффон янги ҳукмдор этиб сайланди.

Усмон мусулмон умматининг биринчи вакилларидан эди. Маккалик бутпарастлар томонидан қувғин қилинган даврда у бир гуруҳ мусулмонлар билан бирга Эфиопияга ҳижрат қилди. Йирик тижоратчи бўлиб, у ўз пулига бутпарастларга қарши курашаётган қўшинлар учун қурол ва ўқ-дорилар сотиб олган.

Усмон халифа этиб сайлангач, мусулмон қўшинлари Осиё ва Африканинг энг чекка ҳудудларига қадар Ислом байроғини кўтариб, ўзларининг истило юришларини давом эттирдилар. Усмон даврида Эрон империясининг забт этилиши ниҳоят якунланди. Халифалик қўшинлари Афғонистон заминидан ўтиб, Ҳиндистонга етиб келишди.

Халифа Усмоннинг энг кўзга кўринган ишларидан бири бу китоб матнини бузиш ва қўшимчалар киритиш эҳтимолидан ҳимоя қилиш мақсадида Қуръони Каримнинг намунавий нусхасини яратувчи комиссия ташкил этгани бўлди.

Халифа Усмон даврида унинг сиёсатининг турли жиҳатларидан норози одамлар пайдо бўлди. Бу норозиликдан фитна уруғини сепиб, мусулмонларни парчалаб юбормоқчи бўлган ва шу орқали Халифаликни йўқ қилиш учун шароит яратмоқчи бўлганлар фойдаландилар. 655 йилда бир гуруҳ қўзғолончилар халифанинг уйига ҳужум қилиб, уни ўлдиради. Усмон Умардан кейин шаҳид бўлган иккинчи халифа бўлди.

Халифанинг ўлдирилиши фуқаролар уруши – фитнанинг бошланишига олиб келди, бу мусулмонлар ўртасида чуқур бўлинишнинг бошланиши эди. Усмон ўлдирилгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёви Али ибн Абу Толиб (р.a.) халифа этиб сайланди. У болалигида Исломни қабул қилган биринчи одам эди. Али шахсан кўплаб жангларда қатнашган ва бунинг учун у "Аллоҳнинг арслони" фахрий лақабини олган. Халифа Али ҳукмронлигининг ўзига хос хусусияти мусулмонларнинг турли гуруҳларини ўзаро яраштириш истаги эди. Аммо юзага келган вазиятда бу имконсиз бўлиб чиқди.

Халифа Усмоннинг қотиллари давлатда катта таъсирга эга эдилар, шунинг учун Али вазиятни янада кескинлаштирмаслик учун уларни жазолашга шошилмади. Бу Сурия ҳукмдори Муовиянинг Али ҳокимиятини тан олишдан бош тортишига олиб келди. Муовиянинг исёнини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи саҳобалари қўллаб-қувватладилар. Али қўзғолонни бостириш учун қўшин тўплашга мажбур бўлди.

Мусулмонлар ўртасидаги уруш кўплаб қурбонларга олиб келди. Ҳал қилувчи жанг Сиффин жанги бўлиб, у нафақат томонлардан бирига ғалаба келтирмади, балки мусулмонлар орасидаги бўлинишни янада чуқурлаштирди. Муовия ва Алини қўллаб-қувватлашдан бош тортган харижийлар ҳаракати пайдо бўлди. 661 йил январда улар бир вақтнинг ўзида халифанинг ва Сурия ҳукмдорининг ҳаётига суиқасд қилишди. Али ҳалок бўлди, лекин Муовия енгил яраланди ва тирик қолди.

Али (р.a.)нинг ўлдирилиши билан солиҳ халифалик даври тугади, аммо нотинчлик даври тугамади. Унинг баъзи тарафдорлари вақт ўтиши билан диний мазҳабга айланган шиалик ҳарбий-сиёсий ҳаракатини (арабча "тарафдорлар" дан - муаллифнинг эслатмаси) ташкил этдилар.

Шиа ҳаракатида Эрондан келган муҳожирлар муҳим роль ўйнаган, улар шиаликда ўзларининг йўқ бўлиб кетган давлатларини тиклаш имкониятини кўрганлар. Яқин Шарқнинг бир қатор минтақаларида шиалик оқимларидан бири – иснашаарийлар ҳукмронлик қила бошлади.

Узоқ вақт давомида шиалар араб халифалигига қарши муросасиз қуролли кураш олиб бордилар. Уларнинг тарафдорлари ўз таъсирини Марокашдан Ҳиндистонга ёйишди. Вақти-вақти билан шиалар ўз давлатларини яратишга муваффақ бўлишди, лекин кўпинча улар мағлубиятга учрадилар - нафақат жангларда. Етакчи мусулмон уламолари ўз асарларида шиа фақиҳларининг далилларини енгиб, баъзан қурол кучи билан эриша олмаган нарсага сўз билан эриша олдилар.

16-асрга келиб шиа давлатларининг аксарияти мағлубиятга учради, мусулмонлар эса иснашаарий таълимотидан юз ўгиришди. 1500 йилда туркий қабилалар иттифоқи бошлиғи Исмоил Сафавйи Озарбайжонни босиб олиш учун юриш бошлаганида вазият ўзгарди. 1502 йилда у Эрон шоҳи унвонини олди. Шу пайтдан бошлаб Сафавийлар давлати тарихи бошланади.

Исмоил ҳам ота-боболари каби шиалик тарафдорларидан эди. Исмоил истилолари бошланишидан олдин Эрон аҳолисининг аксарияти суннийлар эди, аммо бу ҳолат бўлажак шоҳга мос келмасди. Оққўюнлулар давлати ҳукмдорига йўллаган мактубида у ўзининг диний-сиёсий эътиқодини шундай ифодалайди: "Менинг ягона ниятим – аждодларим, пок имомлар динини ёйишдир. Токи ўз ўрнида адолат қарор топмагунича Аллоҳ ва Унинг пок имомлари ва ҳақ дин учун қиличимни яланғоч тутаман. Ҳар икки дунёда нажот топиб, қолганлар орасида энг саодатли подшоҳ бўлиш учун самимий иймон билан пок имомларнинг пок руҳларидан мадад сўраш, доимо "Али Аллоҳнинг ноибидир", деб иқрор бўлиш керак. ”

Исмоил Сафавий ўз давлати ташкил этилгандан сўнг шиаликни давлат дини деб эълон қилди. Шиаликни кенг оммага таништириш мақсадида Садр институти ташкил этилди. Садр махсус тайинланган амалдор бўлиб, унинг ихтиёрида кучли маъмурий ва полиция аппарати мавжуд эди. У давлатдаги диний ҳаётни бутунлай тартибга солган ва назорат қилган.

Шоҳ Исмоил ҳам бутун оиласи каби Сафавийнинг сўфийлик тариқатига аъзо бўлган. Шуниси эътиборга лойиқки, тариқат асосчиси Сайфиддин умрининг охиригача сунний бўлган, аммо унинг ворислари шиаликни қабул қилиб, ўз тарафдорларини шу йўлдан бошлаб кетган. Эронда тариқат кўп сонли бўлмаган, асосан туркий қабилалар (қизилбошлар) ўртасида тарқалган. Сафавийларнинг аксарияти Шарқий Анадолуда яшаган. Шоҳ Исмоилга шиалик расмий мақомини берганидан сўнг, Анадолу, Сурия, Баҳрайн ва бошқа араб давлатларидан кўплаб сафавийлар Эронга кўчиб ўтишди ва шу тариқа янги тузум учун ишончли дастак пайдо бўлди.

Сафавийлар Эронида суннийлар аҳолининг таъқиб остидаги ва мазлум қисмига айланди. Суннийларга қарши қатағонлар аҳолини қирғин қилиш, масжидларни вайрон қилиш билан бирга олиб борилди. Эронда шиаликни сингдириш сиёсати икки аср давом этди. 18-аср бошларига келиб эса Сафавийлар мамлакат аҳолисининг кўпчилиги шиаликни қабул қилишига эриша олдилар.

Шоҳ Исмоил ва унинг меросхўрларининг муваффақияти Ироқ, Сурия ва бошқа бир қатор мамлакатлардаги кичик шиа жамоалари ўз таълимотларини тарғиб қилишни давом эттиришга кучли туртки бўлишига олиб келди. Вақт ўтиши билан шиалар яна қуролли кураш усулларига ўтишди, бу Сурия, Яман ва Ироқдаги қатор уруш ва қўзғолонларда ўз аксини топди.

Эронга келсак, айниқса, 1979-йилда халқ қўзғолони натижасида мамлакатда ҳокимият шиа руҳонийлари қўлига ўтганидан кейин у ҳамон шиалик таянчи бўлиб турибди.

Абу Муслим тайёрлади