loader
Foto

Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг» (Моида сураси, 2-оят).

«Аср билан қасамёд этурманки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар» (Аср сураси, 1-3-оятлар).

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Кўп инсонлар бу суранинг маъносини тадаббур қилишдан ғафлатдадир», деган маънода гап айтганлар.

Шарҳ. Ҳасан Басрий ва Имом Муқотил раҳматуллоҳи алайҳлар: «Бу сурадаги «Аср» сўзидан мақсад аср намозининг вақти», де-ганлар. Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: «Кундузининг охирги вақти», деганлар. Кўп муфассирлар «Умумий замон маъносида» деганлар. Чунки инсоннинг униб-ўсиши, ҳаёт кечириши маълум бир замонда бўлади. Демак, замоннинг ҳам улуғлиги бўлгани сабабли Аллоҳ таоло замон билан қасам ичди.

[хўсиро] сўзи инсондаги сармоянинг тугаб битиши маъносини билдиради. Инсон умри мобайнида охират амалларини қилмай, амаллар захирасини жамламаса, унинг асл сармояси бўлмиш умри зое бўлган ҳисобланади. Мана шу зарар ва касод бўлишдан сақланиш йўли сифатида бу сурада тўртта сифат келтирилди.

1. Иймон келтириш.

2. Солиҳ амал қилиш.

3. Бошқаларни иймонга ва солиҳ амалга чақириш.

4. Азият ва мусибатларга сабр қилишни инсонларга тарғиб қилиш.

Булардан аввалги иккитаси инсоннинг ўзига тегишли сифатлар саналади. Кейинги иккитаси эса барча мусулмонларни ислоҳ қи-лишга тегишли сифатлар ҳисобланади. Бир мусулмон бошқаларга насиҳат қилиши ва яхшиликка чақириши инсонларнинг ислоҳига сабаб бўлади.

Сурада келган «сабр» сўзи эса нафсини тийиш назарда тутилган. Нафсни тийиш икки маънода бўлади:

Биринчиси, солиҳ амаллар қилишда нафсини ялқовликдан тийиш. Иккинчиси, гуноҳ қилишдан нафсини тийиш.

Сабрдан яна бир маъно назарда тутилган. Яъни сен уларга насиҳат қилаётган пайтингда улар томонидан сенга бўладиган азиятларга сабр қилгин.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Икки саҳобий ўзаро учрашиб қолишса, бир-бирларига Аср сурасини ўқиб бермагунча ажрашишмас эди». Муҳаммад Шафеъ Усмоний ўз тафсирларида бу сура борасида айтадиларки: «Инсон ҳаёти давомида Қуръон ва суннатга эргашиши қанчалик зарур бўлса, ўз амалини Қуръон ва суннатга тобе қилиши шу даражада муҳим. Бу нарса инсонга қанчалик муҳим бўлса, бошқаларни ҳам иймонга, солиҳ амалларга тарғиб қилиши шунчалар муҳимдир. Чунки амалнинг ўзи мукаммал нажотга кифоя қилмайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон қурби етганича амрумаъруф, наҳйи мункар қилиб туриши керак».

Абу Абдурраҳмон Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир ғозий (урушга чиқувчи)ни Аллоҳ йўлида таъминласа (қуроллантириб, тайёрлайдиган бўлса), ҳақиқатдан у ҳам ғазот қилибди. Ким бир ғозийнинг ортидан унинг аҳлига яхшилик билан ўринбосар бўлса (ёрдам берса), ҳақиқатан у ҳам ғазот қилибди», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ. Бошқа бир ривоятда: «Ким бир ғозийни қуроллантирса ва у уруш майдонига кирса, қуроллантирувчи инсонга ғозий ўлдирилгунича ёки ортига қайтгунича ғозийнинг ажридек ажр бериб турилади», дейилган.

Ҳадис ровийси Абу Абдурраҳмон Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳу. Исмлари Зайд. Ҳудайбийя ғазотидан аввал Исломга кирган ва байъатдан сўнг Мадинага келиб яшаган. Макка фатҳи куни Жуҳайна қабиласининг байрокдори бўлганлар. Вафотлари Мадинада ҳижрий 78 йилда 85 ёшларида бўлган. У кишидан 81 та ҳадис ривоят қилинган бўлиб, шулардан бештаси муттафақун алайҳ ҳадислар ҳисобланади.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайл қабиласининг Бану Лаҳён уруғига лашкар юбораётганда: «Ҳар икки инсондаи бири урушга борсин, ажрда шерик бўлишади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ. Ҳузайл арабларнинг катта қабилаларидан бўлиб, Бану Лаҳён унинг бир уруғи ҳисобланар эди. Набий алайҳиссалом шу ерга лашкар юбориб: «Ҳар икки инсондан бири урушга борсин, ажрда шерик бўлишади», дедилар. Яъни бири бошқасини қуроллантириб, урушга тайёр қилиб жўнатсин. Ажр-савобни баробар олишади, дедилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Равҳо деган жойда бир карвонга йўликдилар. У зот: «Қайси қавмдансиз?» деб сўрадилар. Улар: «Мусулмонлармиз», дейишди. «Узингиз кимсиз?» деб сўрашганда, У зот: «Аллоҳнинг Расулиман», дедилар. Шунда бир аёл ёш гўдакни кўтариб: «Бунга ҳаждан насиба борми?» деб сўради. У зот эса: «Ҳа, унинг савоби сенга тегади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ. Уламолар айтишганки, ёш гўдак ҳаж қилса ҳажи ўтади. Агар эҳромнинг жиноятларини содир қилиб қўйса, ўзига ҳам васийига ҳам ҳеч қандай жазо йўқ. Агар боланинг ақл-ҳуши жойида, тамйиз ёшида(«Тамйиз ёши - ажратиш ёши». Тўғри ва хатони ажрата оладиган бўлади. Ўз ишини ўзи бажара олдиган ёш. Етти ёшдан бошланиши айтилган.) бўлса, ҳаж арконларини ўзи адо қилади. Агар гўдак бўлиб, эсини танимаган бўлса, васийи унинг номидан амалларни бажаради ва савоби васийга тегади. Лекин боладан Ислом ҳажи соқит бўлмайди.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзига буюрилган нарсани чин кўнгилдан комил, тўлиқ адо этадиган, уни буюрилган кишига топширадиган омонатдор мусулмон хазиначи садақа қилгувчи икки кишининг бири бўлади», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Бир ривоятда [юнаффизу] «амалга оширади» сўзининг ўрнига [юътии] «беради» сўзи келган. «Садақа қилувчи» сўзи иккилик ва кўплик шаклида келган. Иккиси ҳам тўғри.

Шарҳ. Мулла Алий Қори роҳматулллоҳи алайҳ бу ҳадисда тўртта шарт бор деганлар:

1. Эгасининг буйруғи бўлиши;

2. Қанча бер дейилса, ўзига олиб қолмасдан шунча бериши;

3. Қалбида хурсандчилик билан бериши;

4. Буюрилган инсонга бериши.

Ҳадисдаги сўзи икки хил ўқилган. Яъни «қоф» ҳарфи фатҳали ва касрали бўлади. Шунда бундай хазинабон икки садақа қилгувчининг бири бўлади ёки садақа қилгувчилардан бири, деб айтилади.

"Риёзус солиҳин шарҳи"китобидан