loader
Foto

Акциялар савдосига оид масалалар

Компания акцияларига сармоя киритиш мумкинми, акциясини сотиб олиш мумкин бўлган компанияларни аниқлашда қандай қоидаларга аҳамият бериш керак, акциялар савдоси мавзулари борасида саҳифамизга аввал юкланган мақолаларга қўшимча сифатида, “Акциялар савдоси қачон чайқов услуби қачон эса шаръан рухсат этилган савдо бўлади” деган мавзуни ёритишга қарор қилдик.



Ушбу масалага батафсил киришишдан олдин, компаниялар акциялари савдоси ҳақидаги қоида ва тартибларни қисқа тарзда эслаб олайлик. Агар компания ҳалол фаолият билан шуғулланса, бу компаниянинг акциясини сотиб олиш ва унинг қиймати ошиши, ҳамда дивиденддан фойда олиш динимизда жоиз деб белгиланган. Ҳалол фаолият билан шуғулланувчи компания деб фаолияти шариатга мувофиқ (shariah compliance) компаниялар тушунилади, бу тавсифга эга бўлиш учун эса икки асосий текширувдан ўтиш керак:



    Компаниянинг бизнес фаолияти

    Компаниянинг молиявий кўрсаткичлари



Дастлаб, компания пулни қайси фаолиятлари орқали ишлаб топаётгани текширилади. Агар компаниянинг асосий даромади қимор, рибо, маст қилувчи ичимликлар ишлаб чиқариш каби исломда қатъий тақиқланган фаолият турлари ортидан келса, бундай компаниянинг акциясини сотиб олиш мумкин эмас.



Агар компаниянинг асосий даромади (95%+) тақиқланмаган фаолиятдан келса, текширишнинг 2-босқичи, яъни молиявий кўрсаткичларни ўрганишга ўтилади:



    Компаниянинг фоизга олинган қарз (interest-bearing debt) миқдори жами бозор капиталлашув қийматининг (яъни компания акцияларининг биржа нархи/қиймати) 30%идан ошмаслиги керак

    Компаниянинг фоизли депозитлари (interest-taking deposits) миқдори жами бозор капиталлашув қийматининг 30%идан ошмаслиги керак

    Компаниянинг жами ликвид активларининг миқдори жами активлар миқдорининг 70%идан ошмаслиги керак.



Юқоридаги кўрсаткичларни ҳисоблашда, компаниянинг энг охирги чоракда тақдим қилинган баланс ҳисобварағидан ва ушбу ҳисобот тақдим қилинган санадаги бозор капиталлашув қийматидан фойдаланилади.



Бирон компаниянинг акцияларини сотиб олиш жоизми йўқми текширишнинг бироз осон йўли ҳам мавжуд бўлиб, бу ушбу компаниялар тикерини (биржадаги махсус белгиси/номи) “Islamicly”, “Zoya”, “Sahih invest” каби дастур-платформалар орқали текшириб кўришдир.



Ушбу фаолият жоизлиги ва акциясини харид қилиш мумкин бўлган компанияларни қандай аниқлашни эслаб олдик. Энди эса ушбу акцияларни қандай сотиш, аниқроғи уларни сотаётганда нималарга аҳамият бериш кераклиги ва қачон бу амалиёт чайқовчилик, қачон эса мумкин бўлган савдо эканлигини аниқлаб оламиз.Чайқов амалиётининг қисқа таърифи бу – эгаликни қўлга киритмасдан, яъни хатарларни тўлиқ зиммага олмай, балки нархлар тафовутида пул қилишни мақсад қилган ҳолда даромад олиш.



Акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар савдоси амалга ошириладиган майдон “Фонд бозори” деб номланади. Фонд бозорида акциялар билан чайқов амалиёти деб, компания акциясига эгалик қилиш ёки ундан дивиденд кўринишидаги даромад олиш мақсадисиз, фақат қисқа вақт ичида нархлар тушиши ва кўтарилиши натижасидаги тафовут эвазига фойда кўришга айтилади. Бу фаолият шаръан ножоиз бўлиб, гап фақат мақсадда эмас балки фонд бозорида бу амалиёт қисқа вақт оралиғида бўлгани сабаб компания акциялари ҳали харидор номига ўтмаган бўлади, яъни унинг мулкига ўтиб улгурмайди. Маълумки ўз мулкида бўлмаган ҳар қандай маҳсулотни сотиш шаръан тақиқланган.



Акция харид қилинганида ўз-ўзидан харидор ҳисобига тушиб, унинг номига ўтмайдими деган савол юзага келади. Албатта шундай, аммо акциялар савдоси глобал тижорат эканлигини ва барча қимматли қоғозлар турли “депозитарийлар”да сақланишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг бир ҳисобдан бошқасига ўтиши муайян муддат талаб қилиши мумкин.



Ушбу тизим “Т+2” (савдо куни + 2 кун) деб номланади. Мазкур тизимнинг моҳияти шундаки, бунда харидор акцияни ҳозир сотиб олади, аммо айирбошлаш амалиёти 2 иш кунидан сўнг амалга оширилади. Масалан сиз бугун $500га акциялар сотиб олдингиз, аммо улар сизнинг ҳисобингизга индинга ўтади.



Демак, акциялар сотиб олинган куниёқ уларни қайта сотиш юқорида айтилганидек чайқов амалиёти бўлар экан.

Манба