loader
Foto

Қуръондаги рамзлар ва ишоралар ҳақида

Балки сен жавоҳирлар ортида яширилган рамзлар ва ишоратлар ҳақида билишни истарсан? Биз Қуръонда жамланган у жавоҳирлар ҳақида баён қилгандик. Билиб олки, инсонлар наздида Кибрити Аҳмар моддий оламдаги бор-йўғи оддий кимёвий бир модда. Ҳар бир нарсанинг моҳиятига қадам мана шундай оддий сифатларидан бошланади. Секин-секин чуқурлашиб, улуғ сифатларигача етиб борилади. Шу тарзда тош ёқутга, мис эса соф олтинга айланади ва дунёдаги юракни сиқувчи, зерикарли ҳодисалар роҳат бера бошлайди, ўтмишдан узоқлашиб, келажакка юзланилади. Қалб жавоҳирларининг қандай қилиб ҳайвоний разолат ва жаҳолат саргардонлигидан фаришталар каби покизалик-ка эришганини кўрмаяпсанми? Бу тарзда кўнгил асфала софилийндан аълойи иллийинга юксалади. Қалб оламлар Роббига яқинликка эришади, абадул абад Унинг жамолига мушарраф бўлиш бахтига сазовор бўлади. Хўш, энди айтчи, Кибрити Аҳмар сўзи бу вазият энг муносиб номми ёки муносиб эмасми? Мана шу сабабдан ҳам биз бу мартабага Кибрити Аҳмар номини бердик.

Танлаган номимиз шу мартаба учун қанчалар лойиқ эканлиги ёки лойиқмаслигини ўзинг инсоф билан мушоҳада қил ва нафсинг билан маслаҳатлашиб кўр! Кимёвий модда ичида энг нафиси бу - ёқут. Ёқутларнинг энг қимматбаҳоси эса қизил ранглилари. Шунинг учун биз қирми-зи ёқутни маърифати зот (Зотини таниш илми) номи сифатида танладик.

Тарёки акбарга келсак, у одамлар наздида ошқозонга тушган заҳри қотилни даф этиб, шифо берувчи зидди заҳар демакдир. Бу ерда шу дунёда ҳалок қилувчи заҳар назарда тутилган.

Энди қалблардан ўрин олган бидъат, йўлдан озиш ва кибр каби ҳалок этувчи заҳарларга бир назар сол! Бу зид-ди заҳар заҳри қотилни йўқ қилиб, поклик олами, неъмат ва роҳат-фароғатни сақлаб қолиш учун абадий ечим бўла олади. Бу заҳар ва унинг зарарларидан даволовчи дори эса далил ва ҳужжатдир. Энди айтчи, Тарёки акбар деб номланиши энг тўғри ва энг афзал ном эканми ёки йўқми?

Мискул азфар эса инсоннинг бу моддий дунёда борлигини англатган ва қандай инсон эканлиги уфуриб турган бир ифорни билдиради. Инсон ўзлигини яширишга уринса ҳам, бу ҳид уни фош қилиб қўяди. Чунки у ҳид ҳавога тарқалиб кетади. Эгалланган илмларга диққат қилсанг, улар учун бундан муносиб ном топилмаслигига амин бўласан. Зеро, у илмни эгаси яширишни истаса ҳам, билими намоён бўлаверади. Мискул азфар номи бу ҳолат учун энг тўғри ва муносиб ном эмасми?

Ўзинг ҳам биласанки, фиқҳ илмини ва шаръий ҳукмларни билиш инсонни таниқли қилади, номини элга ёяди, инсонларнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор қилади.

Яхши ном ва ҳурмат-эътибор ортидан қалбнинг эришганлари буруннинг мушк ҳидидан маст бўлганиданда афзалроқ.

Уд (ўтин бўлаги, таёқ) ҳақида нима деёламиз? Инсонлар учун уд (ўтин бўлаги, таёқ) кераксиз бир буюм каби. Лекин бу ўтин парчаси оловга ташланса, олов алангаланади ва қуюқ тутун тарқалишига сабаб бўлади. Бу тутун билан биргаликда ажойиб ҳид таратади ва фойда беради. Тутун етиб борган ерига қадар шу хушбўй ҳидни ёяди.

Мунофиқлар ва Аллоҳнинг душманлари зулматга ош-нодирлар. Улар фойдасиз ёғоч қипиқларига ўхшайди. Чақмоқ, зилзила бўлган заҳоти бу ёғочлар ўт олиб, қипиқларидан тутун чиқа бошлайди. Уларнинг ёқимсиз ҳиди қалбларгача тарқалади. Уднинг хушбўй ҳиди эса энг юксак даража ҳисобланувчи Фирдавс жаннати сари интилишга чорлайди, йўлдан озиш, ғафлат ва кибрдан узоқлашишга ёрдам беради. Бу ҳолат уд номи билан аташ энг тўғри ва муносиб иш эмасми?

Бу масалалар юзасидан баён қилганларимиз етарли бўлди. Қолганларини сен нафсинг тубидан чиқар. Агар кучинг етса ва шунга қодир бўлсанг, рамзларни кашф эт.

Агар хитоб қилганларим тирик бўлсалар эди, мени эшитган бўлардилар. Афсуски, хитоб қилганларимда ҳаёт нишони йўқ эди.

Имом Ғаззолийнинг

"Қуръони Каримнинг жавоҳирлари ва дурлари" китобидан