loader
Foto

Вақф китоби

Вақф - луғатда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Истилоҳда эса, мулкдорнинг бирор нарсани ўз мулкида қолдириб, ундан олинадиган фойдани орият каби садақа қилишидир. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлидир. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаднинг наздларида мулкдорнинг вақф қилинган нарсаси Аллоҳ таолонинг мулки бўлади.

Абу Ҳанифанинг қавлига кўра вақф қилинган нарса устида хусумат бўлган вақтда ҳокимнинг “вақф мулки” деб буйруқ қилиши ва қурилган масжидда азон айтилиб одамларга намоз ўқишлари билан вақф қилувчининг мулкидан чиқади.

Имом Муҳаммад эса вақф қилувчи ўз мулкини мутавалли(Вақф мулкини бошқарувчи)га топшириш ва унинг қабул қилиб олиши билан вақфга айланади, дейдилар.

Имом Абу Юсуф эса вақф қилувчининг «фалон нарсани вақф қилдим» дейиши билан вақфга айланади, дейдилар.

Имом Абу Юсуфнинг қавлига кўра вақф қилувчи вақфдан олинадиган фойдани ва вақф мутаваллилигини ўзида қолдириши мумкин бўлади. Шунингдек, истаганда ушбу вақф ерини бошқа ерга кўчириши мумкинлигини шарт қилиши мумкин бўлади. Яна Имом Абу Юсуфнинг қавлига кўра вақф мулкидан доимий фойдаланувчи шахсни тайин қилмаслиги дуруст бўлади ва вақтинчалик фойдаланиб турган шахс вақф мулкидан фойдаланишни тарк қилса, фойдаланиш хуқуқи камбағалларга ўтиб кетади.

Одатда, кўчмас мулклар вақф қилинади. Бироқ одамлар вақф қилишга одатланган кўчар мулкларни ҳам, яъни, Қуръони карим, илм китоблари, қозон ва ўчоқ кабиларни ҳам вақф қилиш мумкин. Вақфни бировга мулк қилиб берилмайди ва мулк қилиб олинмайди.

Агар вақф камбағалларга аталган бўлса, тушган фойдани аввало вақфни обод қилишга сарфланади. Агар вақф маълум шахсга аталган бўлса, обод қилиш, таъмирлаш харажатлари ўша одамнинг чўнтагидан бўлади. Агар у бош тортса ёки камбағал бўлса, вақф ижарага берилади ва тушган фойдадан обод қилингач, ҳалиги шахсга қайтариб берилади.

Вақфни таъмирлаш пайтида чиққан ғишт, ёғоч каби нарсалар унингь ўзига ишлатилади ёки керак бўлганда ишлатиш учун сақлаб қўйилади. Агар сақлаб қўйишга ҳожат бўлмаса, сотиб, пулини таъмирлаш ишларига сарфланади. Вақфдан фойдаланувчиларга бўлиб берилмайди. Чунки уларнинг вақфдан фойдаланишгагина ҳақлари бор, холос.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан