Эронда шиаларнинг муқаддас Қум шаҳридаги Жамкарон масжиди тепасида қизил байроқ кўтарилди, деб хабар бермоқда Fars ахборот агентлиги.
У Керман шаҳридаги терактдан сўнг масжид гумбазида пайдо бўлган. Худди шу байроқ 2020 йилда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймоний сионистлар томонидан ўлдирилганидан кейин кўтарилган эди.
Шиа анъаналаридаги қизил байроқлар адолатсиз қон тўкилгани ва ўлдирилган одамдан қасос олишга чақириқни англатади.
Шу ҳафта чоршанба куни Эрон жануби-шарқидаги Керман шаҳрида Сулаймоний ўлимининг тўрт йиллиги хотирасига мотам маросимлари чоғида портлашлар содир бўлди. IRNA агентлиги маълумотларига кўра, натижада 89 киши ҳалок бўлган, улардан 12 нафари 15 ёшгача бўлган болалардир; ҳодиса оқибатида жами 284 киши жабрланган.
Эрон ички ишлар вазирининг хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари Мажид Мираҳмадийнинг айтишича, портлашлар худкуш-террорчилар томонидан амалга оширилган. Эрон ҳукумати пайшанба кунини қурбонлар учун миллий мотам куни деб эълон қилди.
2020 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШнинг Бағдод халқаро аэропорти яқинида ўтказган операцияси натижасида Сулаймоний ва Ироқ шиа милицияси раҳбари ўринбосари Абу Мадий ал-Муҳандис ҳалок бўлган. Бунга жавобан Эрон Американинг Ироқдаги базаларига зарбалар берган.