loader
Foto

Асҳобур-Расси (Кудуқ эгалари)

«Кудуқ эгалари» қавми ҳақида Куръони каримнинг икки сурасида оятлар нозил бўлган. Бири, «Фурқон» сурасида: «Од, Самуд (қабилаларини) ва «қудуқ эгаларини» ҳамда шу орадаги кўп авлодларни (эсланг)! Барчаларига масаллар келтирдик ва (гап кор қилмагач), барчаларини бутунлай йуқ қилиб юбордик».(Фурқон, 38-39)131

Иккинчиси, Қоф сурасида: «Улардан (Макка кофирларидан) олдин Нуҳ қавми, «қудуқ эгалари», (Шуайб қавми), Самуд (қабиласи) инкор қилган эдилар.

Шунингдек, Од (қабиласи), Фиръавн (қавми), Лутнинг оға-инилари, дарахтзор эгалари (яъни, Шуайб қавми) ва Туббаъ қавми ҳам. (Уларнинг) барчалари пайғамбарларни инкор этишгач, Менинг ваъдам (азобим уларга) муқаррар бўлди»(Қоф, 12-14) мазмундаги оятлардир. Бу оятларнинг мазмунига қараганда, бошқа қавмлар қатори «Кудуқ эгалари» қавми ҳам оммавий жазо билан ҳалок этилганлар.

Ибн Жарир ат-Табарийнинг айтишича, «Кудуқ эгалари» қавми «Буруж» сурасида айтилган «оловли чоҳ» эгаларидир. «Оловли чоҳ» воқеъаси Ибн Исҳоқва баъзи олимларнинг фикрича, Исо алайҳис-саломдан кейин содир бўлган. Шунга кўра, икки оятнйнг мазмуни ҳам Ибн Жарирнинг фикрини рад этади.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳунинг фикрича, «Кудуқ эгалари» Самуд қабиласи яшаган қишлоқлардан бирининг аҳолисидир. Муфассирлардан Икрима айтади:

«Қудуқ эгалари» Ёсин асҳоблари бўлиб, улар Фалаж шаҳрида яшаганлар.

Муфассирлардан Қатоданинг фикрича, Фалаж Ямома қишлоқларидан биридир.

Абу Ҳотим Ибн Аббосдан ривоят қилишича, «Қудуқ эгалари» Озарбайжондаги бир қудуқ воқеасида иштирок этган кишилардир. Икриманинг фикрича, Пайғамбарлар дафн этилган бир қудуқнинг номидир.

Ал-Ҳофиз «ал-Қабир» китобида, Абул-Қосим ибн Асокир «Тарих» китобининг аввалида шундай ривоят келтиради: «Асҳобур-Расси (Қудуқ эгалари) Ҳазур деган маконда яшар эдилар. Аллоҳ таоло уларга Ҳанзала ибн Сафвон исмли кишини пайғамбар этиб юборди. Қавм Аллоҳнинг пайғамбарини инкор ва такзиб қилдилар. Од қабиласининг асосчиси бўлган Од ибн Авс ибн Эрам ибн Сом ибн Нуҳ ҳам шу маконда яшар эдилар. Од ўз авлодларини олиб Рассдан чиқиб кетди ва Аҳқоф номли жойга жойлашишди.

Рассда қолган ва пайғамбарни такзиб қилган қавм эса омматан ҳалок этилди.

Однинг Жибрун ибн Саъд исмли набираси ўз одамлари билан Дамашқ шаҳри ўрнига жойлашди ва шаҳар барпо этиб, уни Дамашқ деб номлади. Аллоҳтаоло уларга Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Улар ҳам пайғамбарга имон келтирмай ҳалокатга учрадилар.

Бу ривоятдан чиқадиган хулоса шуки, «Асҳобур - Расси» ҳалокати Од қавми ҳалокатидан узоқ муддатлар аввал содир бўлган.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Ал-Ҳасан ан-Наққошнинг ривоятига қараганда, Асҳобур-Расси қавмининг бир қудуғи бўлиб, қавм ундан ичишар ва ерларини суғоришда ҳам фойдаланишар эди. Қавмнинг бир чиройли, одобли, адолатли подшоҳлари бор бўлиб, қавм ундан жуда фахрланишарди.

Тақдирнинг тақозоси билан подшоҳ оламдан ўтди. Қавм бу жудоликка чидамай, қаттиқ мотам ва изтиробда бўлдилар. Бир неча кун ўтгандан сўнг, Иблис алайҳил-лаъна марҳум подшоҳнинг суратига кириб, қавм ҳузурига келди ва: «Мен ўлмаган эдим. Сизларни синаб кўриш учун бир неча кун ғойиб бўлдим, холос», деди. Қавм подшоҳларининг «ўлмаганидан» жуда хурсанд бўлдилар.

Иблис уларни: «Мен билан орангизга парда тутиб қўйинглар. Энди мен абадий ўлмайман!», деб алдади. Қавм эса бу алдовга учиб, «абадий ўлмайдиган подшоҳ»га сиғина бошладилар.

Аллоҳ таоло уларга Ҳанзала ибн Сафвонни пайғамбар қилиб юборди. У, парда орқасида ўтирган ва қавмни ўзига ибодат қилишга чорлаган одам қиёфасидаги Иблис эканлигини, унга эмас, балки ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш лозимлигини айтиб, қавмни имонга даъват қилди.

Кофир қавм эса Аллоҳнинг пайғамбарига итоат этиш, Иблисдан юз ўгириш ўрнига, пайғамбарга душманлик қилдилар ва уни ўлдириб, қудуққа ташладилар.

Ана шундан сўнг, уларни суғориб, боғларини яшнатиб турган қудуқ суви тўхтади, сувсизликдан боғлар, экинлар қуриди ва ниҳоят одамлар ҳам ташналикдан хароб бўлдилар. Обод шаҳар вайрон бўлиб, одамлар ўрнини жинлар ва ваҳший ҳайвонлар эгаллади. Инсонларнинг шодлик қичқириқлари ўрнини ваҳший ҳайвонларнинг ўкиришлари қоплади.

Ибн Жарир ат-Табарий Ибн Исҳоқ орқали Муҳаммад ибн ал-Қуразийдан шундай ҳадис ривоят қилган:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Киёмат куни жаннатга биринчи кирадиган одам қора қулдир».

Бунинг сабаби шуки, Аллоҳ таоло бир қишлоқдаги қавмга пайғамбар юборди. Қавм пайғамбарга унамай, бўйин товладилар. Илло бир қора қул Аллоҳнинг пайғамбарини ҳақ билиб, унга имон келтирди. Қавм эса пайғамбарнинг оёқ-қўлини боғлаб, қудуққа ташладилар ва устига ҳеч ким кўтара олмайдиган оғир тошни қўйиб, бекитиб ташладилар. Қулай фурсатни топиб, қора қул қудуқ бошига келди ва кўп машаққатлар билан тошни суриб, пайғамбарнинг устини очди, унга сув ва таом берди. Шу тариқа ҳар куни қора қул ўтин териб сотиб, унинг пулига таом сотиб олиб келиб, пайғамбарнинг ҳолидан хабар олиб турди. Бир кун яна ўтин териб келиш учун далага чиқди. Ўтинни елкасига кўтариб жўнашдан аввал бироз дам олмоқчи бўлди ва ерга узала тушиб ётди. Аллоҳ таоло у қора қулни ухлатиб қўйди ва шу ётганича етти йил ётди. Уйқудан уйғониб иккинчи ёнбошига ўгирилди ва яна етти йил шу ётганича ухлаб қолди. Ўн тўрт йилдан кейин ўрнидан туриб, ўзини бироз ухлаб дам олган ҳисоблаб, ўтинни бозорга олиб бориб сотди ва одатича пайғамбарга ейиш учун таом сотиб олди. Таомни кўтариб қудуқ ёнига келди, лекин у қудуқдан пайғамбарни топа олмади. Чунки, қора қул ухлаб ётган вақтда қавмга Аллоҳ инсоф бериб, қилмишларига афсус чекиб, тавба қилиш учун

пайғамбарнинг ёнига борган ва уни қудуқдан чиқариб, узр-маъзур айтишиб, имонга келган эдилар.

Пайғамбар дарҳол қора қулни сўрадилар. Лекин қавм уни топа олишмади. Қора қул уйқудан уйғонганда эса, Аллоҳтаоло пайғамбарнинг руҳини қабз қилган эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ана шу қора қул жаннатга кирувчиларнинг биринчисидир» -дедилар.

Мазкур ҳадисни ривоят қилган Ибн Жарир ўзини-ўзи рад этади ва шундай дейди: «Қора қул ораларида мавжуд бўлган қавм Қуръонда зикр этилган «Асҳобур-Расси» қавми бўлиши мумкин эмас. Чунки, у қавм кейинроқ пайғамбарга имон келтиргани ва итоат этгани айтиб ўтилди. Аллоҳтаоло Қуръонда эса «Асҳобур-Расси» қавмини бутунлай ҳалок қилганини баён этиб турибди.

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг

"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан