loader
Foto

Жувайрия Бинт Ҳорис

Жувайрия бинт Ҳорис Мусталация Хузоъийя (р.а.). Расулуллоҳнинг аёлларидан бири, «мўминларнинг онаси» деган рутба соҳибаси. Исломга киргунига қадар исми «Барра» бўлгани ривоят қилинади. Жувайрия (қизалоқ) исмини Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) берганлар.

Манбаларда Жувайрия (р.а.) Расулуллоҳга турмушга чиққанида йигирма ёшда бўлгани қайд этилади. Мазкур никоҳ Бану Мусталақ ғазотидан кейин, ҳижрий 5 йилда бўлиб ўтган. Шундан келиб чиқиб, Жувайрия бинт Ҳорис милодий 607-608 йилларда таваллуд топган деб хулоса қилиш мумкин.

Жувайрия (р.а.)нинг ота томонидан насли Ҳорис ибн Абу Зирор ибн Ҳабиб ибн Аъиз ибн Молик ибн Мусталақ ибн Саид ибн Амр ибн Рабиа ибн Ҳорис ибн Хузоа. У Хузоа қабиласининг раиси бўлган, Бану Мусталақ ғазотида Пайғамбар (алайҳис-салом)га қарши урушган, кейинчалик исломни қабул қилган.

Сийра китобларида Жувайрия (р.а.) жуда гўзал бўлган деб келтирилади. Бир ҳадисда айтилишича, Оиша (р.а.) Расулуллоҳнинг олдиларига келган Жувайриянинг ҳусн-жамолини кўриб рашк қилганлар.

Жувайрия бинт Ҳорис жоҳилият даврида ўз қавмининг саййидаси бўлган. «Мурайсий куни» деб номланган Бану Мусталақ ғазотига қадар ҳам амакиваччаси Мусофиъ ибн Сафвон никоҳида бўлган. Ибн Сафвон мазкур ғазотда мушрик ҳолида ҳалок бўлган. Жувайрия (р.а.) жангдан сўнг асир олиниб, ўлжа тақсимида Собит ибн Қайс (р.а.)нинг чекига тушган.

Жувайрия (р.а.)нинг исломга кириши айнан асирга тушиши билан боғлиқ. Собит ибн Қайс катта тўлов эвазига уни озод қилиши мумкинлигини айтади. Шунда Жувайрия бинт Ҳорис Расулуллоҳ (алайҳис-салом)га шикоят қилиб боради. Жувайриянинг шикоятини тинглаб: «Сенга сўраганингдан ҳам афзали бўлишини хоҳлайсанми?», деб сўнг «Уша тўловни тўлаб сени озод қиламан ва уйланаман», дейдилар. Жувайрия рози бўлади ва исломни қабул қилиб «мўминларнинг онаси» мартабасига эришади.

Никохдан сўнг Бану Мусталақ асирлари Расулуллоҳ билан қариндош бўлиб қолганлари сабабли, саҳобийлар ҳам қўлларидаги барча асирларини озод қиладилар. Манбаларда қайд этилишича, бир кунда асир тушган юзга яқин оила озод қилинган.

Оиша (р.а.) айтадилар: «Жувайрия каби ўз қавмига барокатли бўлган бошқа аёл йўқ».

Пайғамбар (алайҳис-салом) Жувайрия (р.а.)нинг кўп тасбеҳ ва салавот айтишини эътироф этганлар. У ибодатга каттиқ берилган солиҳа аёл бўлган. Бу ҳакда Имом Муслим саҳиҳ ҳадисни ривоят қилган: Жувайрия (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (алайҳис-салом) бомдод пайтида Жувайриянинг ҳузуридан чиқиб кетдилар. У намоз ўқийдиган хонасида эди. Сўнгра чошгоҳ намозини ўқиб бўлиб қайтиб келсалар, Жувайрия (р.а) ҳали ҳам ўтирган эди. Шунда Расулуллоҳ: «Чиқиб кетганимдан бери шу ҳолатда ўтирибсанми?», деб сўрадилар. У «Ҳа», дея жавоб берди. Расулуллоҳ (алайҳис-салом): «Мен сендан кейин тўртта калимани уч мартадан айтдим, агар улар тарозида ўлчанса, сен бугун айтган нарсалардан огир келади. Улар: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада холҳиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи»дир», дедилар.

Ҳадис китобларида Жувайриядан 7 та ҳадис ривоят қилинган. Жумладан, Имом Бухорий битта, Имом Муслим эса иккита ҳадисни ривоят қилган.

Жувайрия бинт Ҳорис (р.а.) Муовия ибн Абу Суфён (р.а.) халифалиги даврида, 56/676 йилнинг рабиул-аввал ойида Мадина шаҳрида вафот этди. Жанозасини Марвон ибн Ҳакам ўқиб, Бақиъ қабристонига қўйилди.

"101 улуғ саҳобий" китобидан