loader
Foto

Улуғ ва солиҳ имомлар (уламолар) билан бирга ўтиришнинг фойдалари

Пешво зотга назар солиш нафсга эшитишдан кўра нафсга кўпроқ таъсир қилади. Уларга назар соладиган кишига яхшилик таъсирини қолдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ушбу нарсадан етарли насибага эга бўлганлари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар билан бирга ўтирганлари, у зотни кўрганлари ва яқин бўлганлари туфайли у (саҳоба)лар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлганлар.

Кишининг солиҳ ва пешво зотларга қараши Аллоҳни эслатади. Чунки унинг ташқи кўриниши, ҳайбати, қўрқуви, гапириши, сукути, бошини қуйи солиши, ҳаракати, тек туриши-ю барча ишларида нур, унс, хотиржамлик, муҳаббат, сакинат намоён бўлади. Унга ким қараса, албатта, унга Аллоҳни эслатади. Солиҳ зотнинг унга қараб турган сурати Аллоҳ томон юзланишга йўналган бўлади. Чунки, уларни кўрганда Аллоҳ таоло эсга келади.



Солихлар билан бирга ўтирувчилар қалбига яхшилик қандай ўрнашади?



Ҳаким Термизий роҳимаҳуллоҳ “Наводир ал-усул” китобидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Унинг кўриниши сизларга Аллоҳни эслатадиган киши” сўзлари шарҳида шундай деган: “Улар шундай зотларки, Аллоҳ таолодан уларда кўриниб турадиган белгилар бор. Қурбат (Аллоҳ таолонинг яқин бўлиши) жозибаси, улуғлик нури, кибриёлик ҳайбати, виқор унси уларни юқори кўтаргандир. Агар бирор киши унга, яъни улардан бирига назар солса, малакут таъсирини кўргани учун Аллоҳ таолони эслайди.

Қалб ушбу нарсаларнинг кони, нурнинг қароргоҳидир. Юз қалбнинг сувидан сув ичади. Агар қалбда ваъда ва ваид султонлиги нури бўлса, юзга ушбу нурни чиқаради. Агар кўзинг унга тушса, сенга яхшилик ва тақвони эслатади. Сенга ундан тўғрилик, илм ва Аллоҳ таоло буйруқларининг маҳобати воқе бўлади.

Агар қалбда ҳақиқат эгалиги нури бўлса, ўша нарсани юзга олиб боради. Кўзинг унга тушса, ростгўйлик ва ҳақиқатни эслайсан. Сенга ҳақиқат ва истиқомат (тўғрий йўлдан оғмай юриш) маҳобати намоён бўлади. Агар қалбда Аллоҳ таоло султонлиги, азамати ва улуғлиги нури бўлса, уни юзга олиб боради. Кўзинг унга тушса, сенга Аллоҳнинг азамати, улуғлиги ва салтанатини эслатади. Агар қалбда Аллоҳ таоло нури бўлса, (билки) у нурларнинг нуридир. Уни кўриш сени нуқсон ва қарши нарсалардан тўхтатади.

Қалбнинг иши юз томирларини суғориш, уни ҳўллаб турадиган ҳаёт сувини ичиришдир. Қалбдан юзга ундаги бошқа нарсалар ҳам чиқади. Ушбу нурларнинг ҳар бири қалбда, юзи ундан ичган бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Ва улар(нинг юзлари)га тпароват, (дилларига) сурур бахш этар” (Инсон сураси, 11-оят).

Агар қалб ўзидаги нур таратган нарса туфайли Аллоҳ таолонинг бандадан рози бўлиши билан сурурга тўлса, қалбга кирган нарса юзда порлайди. Бу эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўрганда Аллоҳ эсланадиган нарсанинг далили ва У Зот дўстларининг аломатидир”.

Абдулфаттоҳ айтади: “Ушбу улуғ тур (йўл) салафлар ўртасида жуда кўп тарқалган. Одамлар унга назар солиб манфаат олиш учун у томон борганлар. Чунки уни кўришнинг ўзи қалбни нурга тўлтиради, нафсда тўғриликни ҳаракатга келтиради, динни севимли қилиб қўяди ва Аллоҳ таолони эслатади”.



Уламо ва солиҳларнинг юрган йўлини эгаллаш ва одоб ўрганиш учун улар билан бирга ўтиришни қасд қилиш



Имом Ибн Жавзий “Сайдул хотир” китобида шундай деган: “Салафларнинг бир гуруҳи со-лиҳ банданинг илмини ўзлаштириш учун эмас, унинг юрган йўлига назар солиш учун у томон борар эдилар. Илмининг самараси юрган йўли (қилаётган ишлари) эди”.

Абу Толиб Маккий “Қут ал-қулуб” асарида: “Улар (салафи солиҳлар) уламолар ва солиҳларга назар солиш, дуо олиш ва уларнинг одобини ўр-ганиш учун юртларни кезишар эди”, деган.

Ҳорис Муҳосибийнинг

"Рисолатул мустаршидийн" китобидан