loader
Foto

Энг илғор филантроплар рўйхатида мусулмонлар қани?

Интернет маконини сайр қилиб, тасодифан АҚШнинг энг йирик муҳтожларга ёрдам берувчилари рўйхати берилган Форбс веб-сайтига кириб қолдим. Шундан кейин хайр-эҳсон қилувчи мусулмонларни топиш умидида жаҳоннинг энг йирик филантроплар рўйхатини қидиришга қарор қилди. Ажабланарлиси шундаки, рўйхатда фақат битта фамилияни топдим. Ўзим ҳам шундай ўйлагандим. Ахир, Ислом, хайр-эҳсонни, қалбнинг ва "ҳамённинг" сахийлигини бошқа динлардан кўра кўпроқ рағбатлантиради. Табиий бойликлар ортидан триллионлаб доллар ишлаб топган мусулмон давлатлари сони ҳам кам эмас. Бироқ, филантропларнинг дунё рўйхатлари Осиё-Тинч океани минтақасининг кам сонли вакиллари билан бирга ҳар қандай Англо-Саксонларга тўла.

Ислом мажбурий хайр-эҳсонни "энг юқори қонуний даражада" - Ислом динининг учинчи устуни сифатида закотни белгилаб қўйган ягона дин эканлигини англаб етганидан кейин вазият янада хунукроқ бўлиб туюлди. Закот бойликни камбағаллар фойдасига тўғридан-тўғри қайта тақсимлашнинг асосий манбаи ва ижтимоий кўтарилишлар сабабидир.

Бундан ташқари, ислом турли мақсадлар ва эҳтиёжларга йўналтирилиши мумкин бўлган ҳар хил кўнгилли хайр-эҳсонларни (шунингдек, маълум бир ҳаракатлар ва хатолар учун гуноҳни ювиш мақсадидаги хайр-эҳсонларни) кўзда тутади. Дунё мусулмонлари ҳаётида садақаи-жориянинг муҳимлиги ва роли ҳақида эса гапирмай қўя қоламиз.

Бир мунча мулоҳазалардан сўнг, мен ҳам чуқур ҳақиқатнинг тубига етиб бордим .... Ғарб филантропларидан фарқли ўлароқ, исломий қадриятлар тизимида хайр-эҳсонга бундай хўжакўрсинчилик йўқ. Аллоҳ Таоло яширин хайр-эҳсонни қўллаб-қувватлайди. У қаердадир очиқчасига садақа беришга рухсат берса – бу кўпинча бошқалар учун ибрат бўлиб хизмат қилади. Мусулмонлар хайр-эҳсонининг бутун моҳияти унинг телевизион камералардан, оммавий ахборот воситаларидан, кенг жамоатчиликдан ва ҳатто ўз нафсидан махфий сакланишидан иборат. Исломда садақа муқаддасдир. Садақа билан мақтанилмайди ва бу орқали уларнинг мағрурлиги ошмайди.

Мусулмонлар ўз бойлигини жон деб намойиш этади, лекин эзгу ишлари ва садақаларини сир сақлайди – сиз буни парадокс дейишингиз мумкин, лекин мен  буни меъёр деб айтаман.

Ғарб филантропия эса аслида кеккайган тарзда ўзини-ўзи пиар қилиш, бизнесни илгари суриш, турли схемалар ёрдамида бу хайрияларнинг бир қисми ортга қайтариладиган тарзда режалаштириш, солиқдан қочиш ёки оптималлаштириш билан чамбарчас боғлиқ. Бу ерда самимийлик улуши жуда кичик, чунки замонавий одамларда ҳеч кандай муқаддаслик тушунчалари қомаяпти. Тўғрироғи, у бор. Лекин шахс ўзи учун, унинг «эго»си шунчалик муқаддаски, хайр-эҳсонлар кўпинча унинг «муқаддас эго»си жиғига тегади..... Айнан шу сабабли сиз энг йирик хайр-эҳсон килувчилар рўйхатида мусулмонларни топа олмайсиз. Уларга бу рўйхат керакмас, улар рўйхатсиз ҳам ўзларини анча қулай ҳис қиладилар......

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган кун Унинг соясидан жой топадиган одамларнинг еттита тоифасини санаб ўтганлар ва: «…садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмай қолган одам…” деганлар.

Абу Муслим таржимаси