loader
Foto

Шубҳалар

Кичик ҳаром қилинган нарсалардан кейин навбат шубҳаларгадир. Шубҳа деб кўпчилик одамлар унинг ҳукмини билмайдиган, унинг ҳалол, ҳаромлигида иштибоҳ қиладиган нарсаларга айтилади. Булар қатъий ҳаром қилинган нарсалар эмасдир.

Ахди ижтиҳодлардан шундайлар борки, унинг ижтиҳоди уни бир нарсани мубоҳ ёки ҳаром дейиш фикрига олиб боради. Энди у ана шу фикрни ушлаши вожибдир, бошқаларнинг хавотирини ўйлаб, ижтиҳод қилмаслиги жоиз эмсдир. Зеро, Аллоҳ инсонларни ижтиҳод билан бандалик қилишга буюради, агар улар шунга аҳл бўлсалар, албатта. Гарчи уларни ижтиҳодлари хато бўлса ҳам улар узрлидирлар, балки улар бунга ажр олурлар.

Яна улардан тақлид қиладиганлари борки, улар уламолар ичидан ўзлари ишонганларига тақлид қиладилар. Агар улар ўша ўзлари ишонган уламонинг билими, динига аниқ хотиржам бўлсалар, унга тақлид қилишларининг ҳеч қандай зиёни йўқдир.

Агар бировга бирон масъалада ҳақиқат аниқ бўлмаса, у ҳолда бу шубҳа бўладики, у дини, обрўсини сақлашлик учун у шубҳадан тақво қилмоқлиги лойиқдир. Иттифоқ қилинган ҳадисда келади: “Ҳалол очиқ бўлди, ҳаром ҳам очиқ бўлди. Ўртада шубҳалар қолдики, уни кўп одамлар билмайдилар. Ким шубҳалардан тақво қилса ўз дини ва обрўсини сақлабди. Шубҳаларга тушиб қолса ҳаромга тушибди. У худди чегара атрофида қўйларини ўтлатаётган чўпон кабидирки, унинг қўйлари чегарадан ташқарига ўтиб кетиши мумкин”.

Билмайдиган инсон шубҳали ишга рўпара келганида ишончли олимдан сўраши ва унинг ҳақиқатини билмоқлиги вожибдир. Аллоҳ таоло айтади:

“..агар билмайдиган булсангизлар, аҳли илмлардан сўранглар!” (Наҳл сураси, 43-оят)

Ҳадисда келади: “Огоҳ бўлинглар, билмасанглар сўранглар, чунки ожизликнинг шифоси сўрашдир”.

Одамлар шубҳалар бобида бир тарафдан нуқтайи назарларининг хилма-хиллиги, бир тарафдан табиатларининг хилма-хиллиги ва тақво тарафдан ўз ўринларининг турлича эканига қараб турли ижтиҳодлар қилурлар.

Баъзи бир васваса қилувчилар борки, улар кичкина тушунмаган нарсани каттайтириб то жавобини топгунича шубҳалар ҳақида баҳс қиладилар. Масалан, ғарбда сўйилган жонлиқлар ҳақида шубҳага солувчилар борки, улар узоқни яқин, мумкинмас нарсани мумкин деб фараз

қилиб, то Аллоҳ таоло кенг қилиб қўйган ишларни ўзлари учун тор-танг қилиб олгунларича

сўрайверадилар.

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бундай дейди:

“Эй муминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган), очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар!..” (Моида сураси, 101-оят) Демак, Мусулмондан бундай инжиқлик талаб қилинмайди.

Бухорий Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Бир қавм бизларга гўшт олиб келди. Бизлар у гўштни сўйганда бисмиллоҳ айтилганми, йўқми билмаймиз, деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга ўзинглар бисмиллоҳ айтиб еяверинглар”, дедилар.

Имом ибн Ҳазм бу ҳадисдан мана бу қоидани олди: Биз ғойибда бўлган нарсадан сўрал-маймиз.

Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу ҳамроҳлари билан бирга йўлда кетаётиб бир чуқурчадаги сувга рўпара келдилар. Умарнинг ҳамроҳлари ҳалиги қудуқнинг эгасидан, эй қудуқчи, сувинг тозами, йўқми, деб сўради. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: Эй қудуқчи айтмай қўя қол, чунки бизлар такаллуфдан қайтарилганмиз, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мана бу саҳиҳҳадис ривоят қилинган. Бир киши у зотдан намозда ёки масжидда турган ҳолатида ўзидан ел келган деб хаёл қилаверишини айтиб шикоят қилди. Шунда у зот: “Овозни эшитмагунича ёки ҳидни сезмагунича намоздан чиқмайди”, дедилар.

Шундан уламолар бир қоидани олганлар аниқлик шак билан йўқ бўлмайди. У ўз ишини қилаверади, шакни ташлайди. Бу эса васвасачиларга қарши қатъий далилдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийни чақириғига жавоб берганлар, унинг таомини еганлар ва бу таоминг, мана бу идишинг ҳалолми, ҳаромми деб сўрамаганлар. Яна у зот ва асҳоблари кофирларнинг тиккан кийимларини кийганлар, улар ясаган идишларни ишлатганлар. Яна улар ғазотларда уларга тушган, кофирлар ишлатган идишлар, кийимларни ораларида бўлиб олганлар. Ҳатто саҳобалар бир мушрика аёлнинг идишидан сув олиб ишлатганларининг ривояти бор.

Яна у зотдан аҳпи китобларнинг унда тўнғиз гўштини еган, ароқ ичган идишларни ишлатиш ҳақида сўраганларида, у зот: “Агар ундан бошқа идиш топа олмасанглар, ўша идишларни ювиб ишлатаверинглар”, деганлар.

Имом Аҳмад шубҳа очиқ ҳалол ва очиқ ҳаром ўртасидаги нарса эканлигини айтган ва: Ким шубҳадан сақланса динини соф ҳолда сақлаган бўлади, деган. Яна у шубҳа гоҳида ҳалол ва ҳаромлиги номаълум нарса ҳам деган.

Аллома ибн Ражаб айтади: Яна бу гапга қўшимча қилиб молига ҳалол ва ҳаром аралашган кимса билан муомала қилиш ҳам киради. Агар молини кўпи ҳаром бўлса Аҳмад айтади: У кимсадан узоқлашиш лойиқ бўлади, аммо молига аралашган ҳаром оз, билинмайдиган даражада бўлса унга яқинлашиш мумкин. Асҳобларимиз молига ҳаром ва ҳалол аралашган инсоннинг ана шу моли макруҳми ёки ҳаромлиги ҳақида ихтилоф қилишади. Бу икки важҳга кўра бўлади. Агар унинг молини кўпи ҳалол бўлса у билан муомала қилиш, унинг молини ейиш жоиздир. Ҳорис Алийдан султоннинг берадиган мукофотлари ҳақида ривоят қилиб айтади: У мукофотларни олишнинг зарари йўқ, агар берган мукофотининг кўпи ҳалол бўлса. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳоблари ҳам мушриклар ва аҳли китобларнинг умуман ҳаромдан узоқлашмасликларини билган ҳолларида улар билан муомала қилар эдилар.

Агар иш иштибоҳ бўлса у шубҳадир. Уни тарк этиш эса тақводир. Суфён айтади: Шубҳа менга ёқмайди, уни тарк этиш яхшироқдир.

Заҳрий ва Макҳул айтади: Унинг молида аниқ ҳаром борлигини билмаса уни ейишнинг зарари йўқдир. Унда шубҳа борлигини билса ҳам ундан ейишнинг зарари йўқдир. Аҳмад бунга Ҳанбалнинг ривояти орқали далил келтиради.

Имом Аҳмад ҳалол, ҳаромлиги иштибоҳ бўлган мол ҳақида айтади: Агар мол кўп бўлса ундан ҳаром миқдорини чиқариб юбориб, қолганини ишлатади. Агар мол оз бўлса ҳаммасидан узоқ бўлади. Чунки ўша озгина бўлган ҳаромдан ишлатиш билан унга ҳаром аралашмаганидан саломат бўлинмайди. Ҳалол мол эса бунинг аксидир. Яна ўша асҳобларимиз ҳаромни чиқариб юборгандан кейин қолган ҳалоли озми, кўпми ишлатаверади, дейишади. Бу Ҳанафийя ва бошқаларнинг ҳам гапидир. Тақво аҳдидан бўлганлар, масалан, Бишрул Ҳофий бу гапни олган.

Салафлардан баъзилари агар унинг молида аниқ ҳаром борлигини билмай, ҳаром аралаш-ганини билса уни олишга рухсат берган, худди юқорида Макҳул, Зуҳрийдан ривоят қилгани каби. Шу каби гап Фузайл ибн Иёздан ҳам ривоят қилинган.

Яна шу ҳақда салафлардан ривоят қилинади. Ибн Масъуддан ривоят қилинган саҳиҳ гап бор. У зотдан бир киши ҳақида сўрашдики, у кишининг бир қўшниси бўлиб, у очиқ ҳолда пора олар ва бундан ўзини ноқулай сезмас эди. Шу одам меҳмондорчиликка чақирганлиги ҳақида сўрашди. Ибн Масъуд: Бораверинглар, гуноҳи ўзига, деди. Бошқа ривоятда: Қўшнимнинг моли шубҳалилигини ҳам, ҳаромлигини ҳам билмайман, деди. Шунда Ибн Масъуд: Боравер, чунки тайёрланган нарса сизлар учун, гуноҳи эса ўзига, деди. Бошқа бир ривоятда: Мен у тайёрланган нарса ё покиза эмас ё ҳаром деб биламан, деди. Шунда ибн Масъуд, боравер, дедилар. Имом Аҳмад буни ибн Масъуд саҳиҳ ривоят қилингани айтган бўлса ҳам, у бунга қарши тарзда у зотнинг: гуноҳ қалбни емирувчидир, сўзини ҳам келтирган.

Ҳар ҳолда, кўп одамларга у ҳалолми ёки ҳаромлиги аниқ бўлмаган нарсалар иштибоҳли ишдир.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси