loader
Foto

Атеистларнинг шубҳалари табиати

Аллоҳ таоло бу саволларга Қуръоннинг кўплаб оятларида жавоб беради. Аллоҳ таоло айтадики «Агар уларга фаришталарни нозил қилсак ҳам, уларга ўликлар гапирса ҳам ва кўз олдиларида ҳамма нарсани тўпласак ҳам, Аллоҳ хоҳламаса, иймон келтирмаслар. Лекин кўплари нодонлик қилурлар» (Анъом, 111).

Шунингдек, оятлардан бирида Аллоҳ айтадики: «Агар сенга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботаётган бўлса, қодир бўлсанг, ер остидан ковак қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят (мўъжиза) келтир. Аллоҳ хоҳлаганида, уларни ҳидоятга жамлар эди. Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлма» (Анъом, 35).

Аллоҳ таоло бизга кўрсатиб турибдики, агар биз ернинг тубига тушсак ёки осмонга нарвонда кўтарилиб, кофир ва шубҳа қилувчилар учун ўзимиз билан ҳужжат олиб келсак ҳам, бу уларнинг қалбларини иймонга бир қарич яқинлаштирмайди.

Ажабланарлиси шундаки, бу оятда замонамизнинг аҳволи ёрқин тасвирланган. Биз Ер бағрини неча милга бурғуладик ва ақл бовар қилмайдиган баландликларга кўтарилдик, телескоплар ёрдамида коинотимизнинг ҳайратланарли, ҳаяжон уйғотадиган ҳодисалари ҳақида фикр юритишимиз мумкин, биз ўтмишда одамлар ҳеч қачон билмаган нарсаларни кўришимиз мумкин: галактикалар, туманликлар, пульсарлар, квазарлар ва б.

Буларнинг барчаси Аллоҳ Таолонинг ҳайратланарли аломатлари бўлиб, унинг буюклиги инсоннинг чекланган тасаввурлари доирасига сиғмайди. Биз галактикамиз қанчалик катта эканлигини, Коинот неча йил мавжуд бўлганини, қора туйнукнинг тортишиш кучи нима эканлигини ва ҳоказоларни тушуна олмаймиз. Бироқ, энди инсон бу улуғворликни ўз кўзи билан кўрса-да, у ҳали ҳам кофирлар учун далил бўла олмайди.

Гап шундаки, атеистлар мавжудликнинг мутлақо бошқа шаклларига дуч келган тақдирда ҳам, улар ердан қанчалик узоқда бўлишидан қатъи назар, ҳар доим уларни бир четга суриш ёки "нормал" ва "ҳеч қандай ўзига хослиги йўқ" таърифларига мослаштириш йўлини топадилар. Аллоҳ таоло худди шундай қилган ўтмишдаги қавмларни мисол қилиб келтиради: уларнинг кўз ўнгида мўъжизалар рўй берди ва улар бу шунчаки ҳийла, найранг, сеҳр, Худонинг борлигини исботламайдиган оддий нарса, дедилар. Шундай қилиб, кибрлари туфайли улар кар, соқов ва кўр бўлиб қолдилар.

Абу Муслим таржимаси