loader
Foto

Ғийбатга рухсат берилган ўринлар

Шариатнинг мақсадларини рўёбга чиқариш учун баъзи ҳолатларда бошқаларнинг нуқсонларини зикр қилишга рухсат берилади. Чунки мазкур мақсадларга эришиш учун шундан бошқа йўл йўқ. Улар олти ўриндан иборат бўлиб, бундай ҳолатда ғийбатнинг гуноҳи даф қилинади.



Биринчиси: Зулм. Бир киши қозига ўзининг фалончидан зулм кўрганлиги ёки унинг хиёнати ва порахўрлиги тўғрисида хабар бериши мумкин. Агар ушбу ҳолатда у мазлум бўлмаса, бу ғийбат ҳисобланади. Аммо қози тарафидан зулм кўрса, султонга шикоят қилиши мумкин. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақ эгасининг сўзи бор», деганлар.



Иккинчиси: Ислоҳ қилиш учун осийга раддия бериш ва уни бу ишдан қайтариш учун ёрдам талаб қилиш маъносида. Яъни мазкур ишлардан қайтаришга ўзининг куч ва имконияти етмаса, куч ва имконияти бор раҳбарлар ва маҳкамага мурожаат қилиши мумкин.



Учинчиси: Фатво сўраш учун муфтийга: «Отам менга зулм қилди» ёки «Аёлим мана бундай қиляпти, ундан қандай халос бўлишим керак?» каби арз қилишда. Чунки Ҳинд бинти Утба Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Абу Суфён бахил, мен ва болаларимга кифоя қиладиган нарсани бермайди, унга билдирмасдан бирор нарса олишим мумкинми?» деди. Шунда у зот: «Ўзинг ва болаларингга етарли нарсани яхшилик ила ол», дедилар. Бу суҳбатда Абу Суфённинг бахиллиги ва зулми эсланди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътироз билдирмадилар.



Тўртинчиси: Мусулмонни ёмонликдан огоҳлантириш: Агар бир фақиҳ бидъатга берилиб, фосиқлик қилса ва унинг бу ёмонлиги бошқаларга ҳам таъсир қилиш хавфи бўлса, унинг бидъатчи ва фосиқлиги ҳақида бошқаларга огоҳлантириш маъносида айтиш мумкин.



Уламоларимиз: «Фожир имомнинг, бидъатчининг ва ошкора фосиқлик қилувчининг ҳақларида ғийбат йўқ», дейдилар.



Бешинчи: Бир инсон ўзида бўлган нуқсони билан лақабланиб, танилиб қолган бўлса. Масалан: Шилпиқ, Чўлоқ каби. Чунки тарихда Аъмаш–шилпиқ ва Аъраж–чўлоқ каби машҳур зотлар бўлишган.



Уламолар мазкур шахсларни танитиш учун шундай лақаблар билан зикр қилишни зарурат, дейдилар. Мазкур шахслар ўз лақаблари билан шу даражада машҳур бўлганларки, ўзларининг бундай лақабланишларини мутлақо кариҳ кўрмаганлар.



Олтинчи: Фосиқлиги билан танилган кишининг сифатларини айтиб танитиш. Масалан: «хунаса», «ароқхўр», «тажовузкор»га ўхшаш. Уларни мазкур айблари билан зикр қилиш ғийбат ҳисобланмайди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки юзидан ҳаё пардасини олиб ташласа, унинг учун ғийбат йўқ», дедилар.



Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Фожирнинг ҳурмати йўқдир», деганлар. Бу билан у киши ошкора фисқу фужур билан шуғулланувчини ирода қилганлар. Лекин фисқу фужурни яширинча қилса, унинг ҳурмати риоя қилинади.



Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳузурларида бир аёлнинг солиҳ амаллари, тутган рўзалари тўғрисида гапирилди. Лекин унинг қўшниларига тили билан озор бериши ҳам эсланди. Шунда у зот: «У жаҳаннамдадир», дедилар.



Бошқа бир ривоятда эса: «Бир аёлнинг бахиллиги тўғрисида эсланди. Шунда у зот: «Ундай бўлса, унда ҳеч қандай яхшилик йўқ», дедилар», дейилган.



Ушбу ривоятда мазкура аёлнинг диндаги ютуқ ва камчиликлари тўғрисида эсланяпти, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ғийбат қилишда айбламадилар, аксинча, мазкура аёл тўғрисида ёмон хабар бердилар. Шундан келиб чиқиб, уламоларимиз диндаги фосиқ, фожирлар тўғрисида, хусусан, аҳли илмларнинг ҳузурида бу ҳақдаги ҳукм ва масалаларни билиб олиш учун эслаш ва сўраш мумкинлигини айтадилар. Қолаверса, фожир ва фосиқларнинг қилаётган жиноятларидан бошқаларни огоҳлантириш ва ундан қайтариш учун улар ҳақида гапириш мумкин, дейдилар. Хусусан, дин номидан нотўғри фатво берадиганлар, мусулмонлар ўртасида фитна ва фасод қўзғайдиганлар, ҳар хил бидъату хурофотларга рухсат берадиганлар тўғрисида халқни огоҳлантириш учун гапиришга рухсат бор, дейдилар.

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати