loader
Foto

Золим эрнинг ёнида қандай қилиб омон қолиш мумкин

#Я Не Хотела Умирать – мана шу хештэг остида Инстаграм фойдаланувчилари қалбни парчалайдиган ва инсон онгига сиғмайдиган юзлаб ҳикояларни жойлаштирмоқда. Гўзал, соғлом ва ўзига тўқ аёлларнинг чала эркаклар қўлига тушиб, таниб бўлмас даражада ўзгарганлиги ҳақида ҳикоялари. Ғамгин, ўзига ишончсиз, тилка-пора бўлган ҳолда улар қариндошлари, ҳамкасблари, дўстлари кўз ўнгида охирги паллагача танасидаги ва қалбидаги яраларни яшириб, вафот этишган. Расмий статистикага кўра, Россияда йилига 15 минг аёл турмуш ўргоғи қўлидан ҳалок бўлади. Норасмий статистика шуни кўрсатадики, ҳар йили яна икки минг аёл калтаклаш ва ҳақоратларга дош бермагани учун ўз жонига қасд қилади.

Уйдаги зўравонликдан қандай қутулиш, қаерга қочиш, кимга мурожаат килиш мумкин, сизга қўл кўтарган эркакни кечириш ёки кечирмаслик – бугун шулар ҳақида сўзлашамиз.

Ислом ва уйдаги зўравонликлар

Ислом ҳар қандай шаклдаги зўравонликни қоралайди. Биринчи навбатда аёлларга нисбатан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун ҳаётлари давомида бирон марта на ҳаракатлари билан, на сўзлари билан турмуш ўртоқларини хафа қилмаганлар ва ҳаттоки ўлишларидан олдин, видолашув хутбасида ҳам аёлларнинг ҳуқуқларини ҳеч қачон бузмасликка чақирганлар. Можаролар юзага келганда, Ислом ўз хотини панд-насиҳат қилиш ва муаммо борасида ташвиш билдиришга чақиради. Агар бу усул ёрдам бермаса, эр 4 ойгача никоҳ тўшагини тарк этиши керак. Мусулмонлар дини зўравонликка йўл қўймаслик, қаҳр-ғазабни бостириш, жанжаллашган томонларни яраштириш, уришиб қолган эр-хотинга рўй берган нарсалар ҳақида ўйлаб кўриш учун имкон бериш, хулоса чиқариш ва ўз жавобгарлигини тан олиш учун барча чоралар кўришга даъват қилишини тушуниш учун шунинг ўзи кифоя. Итоатсиз хотинга ҳеч қандай усул кор қилмаган тақдирда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишини мисвокдан катта нарса билан уришга рухсат бермаганлар.

Уйдаги зўравонлик нима?

Эр ва хотин ўртасидаги бу шафқатсиз ва қўпол муносабатлар, кўзга кўринадиган сабабларсиз жанжаллар ва назорат қилиб бўлмайдиган тажовузнинг лов этиб ёнишидир. Уйдаги зўравонлик бу – энг аввало, калтаклаш, доимий ҳақоратлаш ва руҳий босим кўрсатишдир. Кўпинча уйдаги зўравонлик қурбонлари сўнгги нуқтагача жим туришади. Улар руҳий тушкунликка тушган бўлади, жамоатчилик фикридан ва ўч олинишидан қўрқади, бор кучи билан оиласини асраб қолишга ҳаракат қилади.

Эр-хотин ўртасидаги оддий жанжаллар уйдаги зўравонликдан нимаси билан фарқ қилади? Эр-хотин ўртасидаги низолар, қанчалик оғир бўлмасин, уйдаги зўравонлик тоифасига фақат бир хил схема бўйича, камида икки марта рўй бергандагина ўтади. Асосий фарқ эса шундаки, оиладаги низо ҳар доим маълум бир муаммо асосида, масалан, психолог ёрдамида ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммо асосида юзага келади. Уйдаги зўравонликнинг ўзига хос сабаби йўқ, у фақат зўравоннинг тажовузга мойиллиги ва хотини устидан ўз кучини намойиш этишига асосланади.

1. Уйдаги ихтилофлар ҳақида гапни кўчага олиб чиқинг

Биринчи навбатда вазият ҳақида яқинларингизга гапириб беринг. Мунтазам калтаклашлар бу – уйдаги гапни кўчага олиб чиқиш мумкин бўлмаган ҳолат эмас. Ота-оналар, қариндошлар ва ҳамкасбларнинг ёрдамига мурожаат қилинг. Шафқатсиз зўравонлар ҳар доим жабрланувчини ташқи дунё билан ҳар қандай алоқадан ажратишга ҳаракат қилишади. Аммо агар сиз ҳаётингиз ва соғлиғингиз учун қўрқсангиз, унда сизнинг муаммонгиз билан ёлғиз қолишингизга имкон бермайдиган қариндошлар ва танишлар билан нима содир бўлаётгани ҳақида гаплашиш учун қўрқув ва уятчанликни енгишингиз керак.

2. Жамоатчиликка ёрдам сўраб мурожаат қилинг

Чет элда золим қийновчининг қурбонга яқинлашиши суд томонидан тақиқланиши зарурий ва етарли ҳимояга айланмоқда. Бироқ Россияда жабрланувчиларнинг 40%и калтакланганидан кейин полицияга мурожаат қилмаслигини маълум қилади. Уларга ёрдам берилишига ишонмайди ёки яхши билишадики, уларнинг аризаси шунчаки қабул қилинмайди. Ҳуқуқшуносларнинг айтишича: зўравонлик қурбонларига ҳуқуқ-тартибот органларидан ҳимоя талаб қилишга имкон берадиган қонун зарур. Шунга қарамай, уйдаги зўравонлик қурбони жимгина ўтириб, таовузкорнинг янги золимлигини кутиши мумкин эмас, бунисига у чидай олмаслиги ҳам мумкин. Шаҳрингизда энг яқин жойлашган шундай вазиятга тушган аёлларга кўмак бериш маркази қаерда эканлигини билиб олинг, дин ёки жамоат арбобларига ёрдам сўраб мурожаат килинг, ҳаётингизни қутқариш учун қўлингиздан келган ҳамма ишни қилинг.

3. Ўзингизни қутқариш учун режа тузинг

Агар тажовузкор золим билан битта том остида яшашда давом этадиган бўлсангиз, муносабатларингизда вақтинчалик сокинлик даври юзага келган бўлса, лекин сиз назорат қилиб бўлмайдиган қаҳру-ғазабнинг янги лов этиб ёнишидан қўрқсангиз, чекиниш режасини олдиндан ўйлаб қўйинг. Маълум миқдорда пул, ҳужжатлар, уйнинг захира калити ва дори-дармонлар тайёрлаб қўйинг, хавф туғилган тақдирда уларникида яшириниш учун қариндошлар билан келишиб олинг. Қўшниларни огоҳлантириб қўйинг: агар улар сизнинг хонадондан шубҳали овозлар эшитилса, дарҳол полицияга қўнғироқ қилишсин.

4. Зўравонни қандай қилиб тўғри тарк этиш лозим?

Золим эри билан йиллар давомида яшаган аёллар, қоидага кўра, ўзини ҳеч кимга кераксиз, ҳимоясиз, ҳуқуқсиз ҳис қилади. Ўта оғир вазиятларда уларда «Стокгольм синдроми» ривожланади – кучли кечинмалар таъсири остида қурбонлар ўз зўравонларига раҳми кела бошлайди, уларнинг ҳаракатларини оқлайди. Аёл киши навбатдаги сабабсиз ва назорат қилиб бўлмайдиган жанжаллардан бирида ҳалок бўлиши мумкинлигини англаб етиши керак. Бироқ, агар жасорат топиб, ҳаракат қилина бошласа, вазиятни ўзгартириш мумкин. Ҳеч қачон кетиб қолиш ҳақида золим эрингизга ультиматив шаклда маълум қилманг. Сизга ажрашувни расмийлаштиришда ёрдам берадиган, психологик ёрдам кўрсатадиган, мустақил оёққа туриш имкониятини тақдим этадиган инқироз марказлари ёки яқин одамларингиз қўллаб-қувватлаймиз деган ваъдасини олиб қўйинг.

5. Қачон оилани сақлаб қолиш керак?

Кўп нарса тажовузкор ўз хулқ-атворини қандай баҳолашига боғлиқ. Агар у ўзини ҳақ деб биладиган, зўравонлик эса – меъёр деб ҳисоблайдиган, ҳамма нарсада фақат хотинини айблайдиган бўлса, бундай муносабатлар энди ҳеч қачон яхши томонга ўзгармайди. Агар эр тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганини тушуниб, нафақат сизнинг олдингизда, балки жамоатчилик олдида ҳам буни тан оладиган бўлса, никоҳни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш кўриш мумкин. Бундай ҳолатда соғлом муносабатлар сари биринчи қадам унинг бундай хулқ-атвори сабабларини аниқлайдиган ва лов этиб ёнадиган қаҳру-ғазабини назорат қилишга ўргатадиган психотерапевт ёрдамига мурожаат қилишга розилик бериши бўлиши мумкин.

Хулоса

Оилавий ҳаётни тортишув ва жанжалларсиз тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Эрининг қовоқ солиб қараши ва ранжитадиган танбеҳ бериши аёл ўзини оиладаги зўравонлик қурбони,  деб кўрсатиши учун сабаб бўла олмайди. Биз биринчи оилавий низодан кейиноқ ўз ҳуқуқларингизни исботлаш ва судда ёки масжидда ажралишни талаб қилиш учун югуриб боришингизни сўрамаймиз. Бугун биз "икки ёрнинг уришгани – ўйнашгани" бўлган ҳолат ва севикли хотини мазлумага, эри эса қонхўр золимга айланиб қоладиган ҳолатларни фарқлашни сўраймиз. Биринчи ҳолда, сабр-тоқат ва муҳаббат сизни қутқаради, иккинчи ҳолатда эса, аёл нажот топиши учун барча саъй-ҳаракатларни қилиши керак, чунки бизнинг ҳаётимиз ва соғлиғимиз Аллоҳ Таоло бизга берган энг қимматли неъматдир.

Абу  Муслим таржимаси