loader
Foto

Ижарани бекор қилиш ҳақидаги бўлим

Ижарага олинган нарсадан фойдаланишга халал берадиган айб сабабли ижара келишуви бекор қилиниши мумкин (ижарага олинган ер ёки тегирмонга сув кел-май қолиши каби). Бироқ ижарага олувчи айбли нарсадан фойдаланишда давом этса ёки айб бартараф этилса, ижара келишувини бузиб бўлмайди.

Ижара келишуви, шунингдек, уч кун ичида келишувни бекор қилиш ҳуқуқини олиш билан (масалан, «истасам уч кунгача келишувдан воз кечаман», дейиш каби) ва кўриш ҳуқуқи сабабли (масалан, ижарага олинаётган ҳовлини кўрганда ёқтирмаслик каби) ҳам бекор қилинади.

У яна узр туфайли бекор қилинади. «Узр» дейилганда томонларнинг бирига келишувда кўзда тутилмаган зарарнинг етиши тушунилади. Бунга ижарага берувчининг ижарага берган нарсасини сотмаса бўлмайдиган даражада қарздор бўлиб қолишини, ижарага олувчининг банкрот бўлишини, ишчи ёллаган тикувчининг касодга учраб, ишини тарк қилишини мисол қилиш мумкин.

Ижарага берган нарсасини сотишни истаб қолиш узр ҳисобланмайди.

Ижарага берувчи ва олувчидан бирининг ўлими сабабли ижара келишуви ўз-ўзидан тўхтайди. Агар улар келишувни ўзлари учун тузмаган бўлсалар (масалан, ака укаси учун, ишчи хўжайини учун тузган бўлса) ижара ке-лишуви белгиланган муддатгача давом этаверади.

Агар бировнингҳовлисини зўрлик билан тортиб олган одамга ҳовли эгаси «ҳовлини бўшатиб қўй, агар бўшатмасанг, ойига 1000 сўмдан тўлайсан» деса-ю, ҳалиги зўравон индамаса ва ҳовлида ўтиришни давом эттираверса, айтилган пулни тўлайди. Чунки унинг индамагани розилик аломати ҳисобланади.

Ижара келишувини келаси замонга боғлаб тузиш ёки бузиш мумкин («уйимни сенга келаси ойдан бошлаб ижарага бераман» ёки «келаси ойдан эътиборан келишувни бекор қиламан» каби). Бироқ савдо-сотиқда бундай қилиш мумкин эмас.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР