loader
Foto

Имомнинг овоз чиқариб қироат қилиши ҳақида

Имом жума ва икки ҳайит намозларида, шунингдек, бомдодда, шом ва хуфтон намозларининг аввалги икки ракатида овоз чиқариб қироат қилади. Юқорида номлари айтилган намозларни қазо қилиб ўқилаётган намозга имомлик қилаётган имом ҳам овоз чиқариб қироат қилиши вожибдир.

Имом пешинда, асрда, шомнинг учинчи ракатида ва хуфтоннинг охирги икки ракатида овозни чиқармай, яъни махфий қироат қилади.

Имом қироатни ошкора қилиши лозим бўлган намозларни ёлғиз ўзи ўқиётган одам, хоҳласа овоз чиқариб, хоҳласа махфий қироат қилади. Аммо овоз чиқариб, ошкора қироат қилгани афзал. Бордию намозни қазо қилиб ўқиётган бўлса, махфий қироат қилиши вожибдир.

Овоз чиқариб қироат қилишнинг энг ками ўзига энг яқин турган киши эшитадиган даражада ўқишдир. Овоз чиқармай, махфий қироат қилишнинг энг ками фақат ўзи эшитадиган қилиб ўқишдир. Бу ҳукм нутққа боғлиқ бўлган «Талоқ», «Қул озод қилиш» каби ишларга ҳам тегишлидир. Мисол учун, кимдир «талоқ қўйдим» деса-ю, ўзи эшитмаса, талоғи тушмайди.

Қироатнинг суннати сафарда, вақт шошилинч бўлса, «Фотиҳа» билан исталган суралардан бирортасини, аммо тинчлик ва бемалол пайтида «Фотиҳа»дан кейин «Буруж»га ўхшаш бирор сурани қироат қилишдир.

Сафарда бўлмаганда «Фотиҳа»дан кейин бомдод ва пешинда «Ҳужурот»дан «Буруж»гача, аср ва хуфтонда «Буруж»дан «Лам якун»гача бўлган, шомда эса «Лам якун»дан «Нас»гача сураларни тиловат қилишни уламоларимиз маъқул кўришган. Зарурат пайтларида эса шароитга қараб ўқилаверади.

Бир намозга маълум бир сурани тайин қилиш макруҳдир. Яъни, қайсидир бир намозга маълум бир сурадан бошқасини ўқиб бўлмайди, деган эътиқодда бўлиш нотўғридир.

Намоз ошкорами, махфийми, барибир имомга эргашган одам қироат қилмай жим туради. Шунингдек, имом жуманинг хутбасини ўқиётганида ҳам гапирмай, жим ўтирилади. Фақатгина имом «Йа айюҳаллазина ааману соллу алайҳи»("Аҳзоб” сураси 56-оят. Маъноси: “Эй имон келтирганлар Пайғамбарга салавот айтинглар”.) оятини ўқиса, эшитганлар ичларида салавот айтадилар.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан