loader
Foto

Исроил ва Туркия: дўстлик ва адоват ўртасида

Яқин вақтгача Эрдўған ва Нетаняху телекамералар қаршисида ҳазиллашарди. Энди Анқара Исроилни "ҳарбий жиноятчи" деб атамоқда. Туркия элчиси эса Исроилда "persona non grata" деб эълон қилиниши мумкин. DW Туркия-Исроил муносабатлари ҳақида ҳикоя қилади.



"Бўйинбоғларимизнинг ўхшашлиги икки томонлама муносабатларимиз яхшиланиб бораётганидан далолатдир", деди Бенямин Нетаняху 20 сентябр куни Нью-Йоркдаги "Türkevi" (Турк уйи) биносида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашуви чоғида. Иккаласи ҳам камералар олдида дўстона суратга тушишди ва ҳазиллар билан алмашишди.

Бир неча ҳафта олдин Туркия-Исроил муносабатларида бурилиш нуқтаси деб ҳисобланган воқеа энди узоқ тарихдек кўринади. Охирги кунларда камералар олдидаги ҳазиллар Эрдўғаннинг бутунлай бошқача баёнотларига ўз ўрнини бўшатиб берди. "Биз бутун дунёга Исроил уруш жиноятчиси эканлигини айтамиз", деди Туркия раҳбари октябр ойи охирида Истанбулда Фаластин тарафдорлари митингида. Ўз навбатида Эрдўған Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган Хамасни "озодлик ҳаракати" деб атади. Бундай баёнотлардан сўнг Исроил ўз дипломатларини Туркиядан чақириб олди - ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, бу давлат билан муносабатлар "қайта кўриб чиқилиши" керак.

4-ноябрь куни Эрдўғандан янги кескин баёнот келди: у Исроил бош вазири Нетаняху билан кейинги алоқаларни тўхтатганини эълон қилди. Туркия Исроил билан дипломатик алоқаларини ҳали узмаган бўлса-да, Анқарадаги дипломатик доиралар яқин келажакда Туркиянинг Тел-Авивдаги элчиси "persona non grata" деб эълон қилиниши мумкинлигини кутмоқда. Исроил бу баёнотларга ҳозирча изоҳ бермади. Яқин Шарқ бўйича эксперт Габриэль Харитос DW нашрига берган интервьюсида Исроил уруш кабинети ҳозирда фақат урушнинг бориши ҳақида изоҳ бераётганини тушунтиради. "Аммо дипломатларнинг ишдан бўшатилиши ўз-ўзидан гапиради", деди Харитос, Грециядаги ELIAMEP институтининг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси ва Исроилдаги Бен-Гурион институти ходими.

"Воситачининг роли ҳеч қачон реал бўлмаган"

Бугун Туркия Исроил жамиятида "Ишиднинг янги версияси" бўлган террорчи ташкилотнинг иттифоқчиси сифатида қабул қилинади. Инқирознинг дастлабки кунларида Анқара воситачилик таклиф қилган, аммо бу таклиф қабул қилинмаган. Шундан сўнг Туркия аниқ Хамас тарафини олди. Фахрий элчи Сафак Гёктурк узоқ йиллар Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ бўлимида ишлаган. Унинг таъкидлашича, Туркия ечим топишда фақат чекланган рол ўйнаши бошидан маълум бўлган - қисман ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси ва Хамас ўртасидаги мафкуравий алоқалар туфайли.

Унинг фикрича, Туркия ҳукуматининг бу позициясини, биринчи навбатда, ички сиёсат нуқтаи назаридан тушуниш керак. "У, эҳтимол, ўз базасини қондириш кераклигини тушунди", деди эксперт ва бу база асосан консерватив мусулмон сайловчилардан иборат.

Ижобий муносабат бузилди

Сўнгги ўн йилликлардаги кўплаб инқирозлар ва оғзаки зарбалардан сўнг, 2021 йилда икки давлат элчиларини алмашганда яқинлашувга ҳаракат қилинди. Бунга Исроил президенти Ицхак Герцогнинг Туркияга ташрифи сабаб бўлди.

Харитоснинг сўзларига кўра, бу Эрдўғаннинг энергетика соҳасида умумий манфаатлар топиш умидида Исроил билан муносабатларда янги саҳифа очиш қарори эди. «Исроил томонидан ҳеч қандай расмий тасдиқ бўлмаган бўлса-да, Эрдўған Нью-Йоркда Нетаняху билан учрашувдан сўнг Шарқий Ўртаер денгизида қўшма бурғулаш ишлари олиб борилиши ва ноябр ойида ҳар икки давлат энергетика вазирлари қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун учрашишини эълон қилди. - дейди Харитос. - Энди бундай учрашув бўлиши даргумон».

Сиёсатдаги зиддият иқтисодиётга таъсир қилмайди

Ўтмишдаги кўплаб сиёсий таназзулларга қарамай, икки томонлама иқтисодий муносабатлар инқироз даврида нафақат мустаҳкам бўлиб қолди, балки яхшиланди. AKPнинг 20 йиллик бошқаруви даврида 2002 йилдан 2022 йилгача Исроил ва Туркия ўртасидаги савдо айланмаси олти баробар ошди. 2022-йилда бу тахминан 8,91 миллиард долларни ташкил этди. Исроил Туркиянинг энг муҳим экспорт ҳамкорлари орасида ўнинчи ўринда туради. Ўша йили Туркияга рекорд миқдордаги исроиллик сайёҳлар келди - тахминан 700 минг киши.

Фахрий элчи ва Туркия Иқтисодий сиёсатни ўрганиш жамғармаси (TEPAV) Савдо тадқиқотлари марказининг амалдаги директори Бозкурт Аранга кўра, ҳозирги сиёсий инқироздан яхши иқтисодий алоқалар омон қолиши кутилмоқда. У ўз прогнозини мамлакатлар бир-бирига муҳтожлиги билан изоҳлайди. "Икки давлат ишбилармонлари бир-бирини азалдан танийдилар ва бир-бирларига ишонадилар, – дейди у. -

Харитос ҳам иқтисодий муносабатларнинг ёмонлашишини кутмайди. "Бунинг акси: сиёсий романтиканинг охири икки давлат учун бизнес никоҳининг бошланишига айланади", деб ҳисоблайди эксперт.

Кўтарилиш ва пасайиш ҳикояси

1949 йилда Туркия Исроил давлатини тан олган биринчи мусулмон давлатга айланди. Исроил давлатининг асосчиси Девид Бен-Гурион турк тилини билган ва Истанбулда ҳуқуқшунослик таҳсил олган. 2002-йилда исломий АК партия ҳокимиятга келишидан сал аввал икки давлат ўртасида савдо ва туризм жадал ривожланиб, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик кучайган эди. Масалан, Исроил қирувчи учувчилари Туркия ҳаво ҳудудида машғулотлар ўтказган, исроиллик техниклар турк қирувчиларини модернизация қилган.

2010-йилнинг 31-майида Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазо сектори учун гуманитар ёрдам ортилган турк кемасига бостириб кирганида муносабатларга жиддий зарба берилди. Кемада 9 нафар турк фаоли ҳалок бўлган. Туркия ўз элчисини чақириб олди. 2013-йилда Нетаняху Эрдўғандан узр сўраган ва Анқарага 20 млн доллар товон пули таклиф қилган. Ўшандан бери бошқа инқирозлар, жумладан, АҚШ президенти Трамп Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олганидан кейин ҳам пайдо бўлди.

Туркия ишончни қайтариши керак

Араннинг фикрича, Туркиянинг Исроилга нисбатан ҳозирги позицияси узоқ муддатли оқибатларга олиб келади. "Эрдоғаннинг ХАМАС ҳақидаги баёнотлари, албатта, ўз таъсирини ўтказади. Нафақат Исроил, балки Ғарб билан муносабатларга ҳам таъсир қилади. Буни четлаб бўлмайди, - дейди Аран. - Бу позиция Туркиянинг глобал сиёсий имиджига путур етказади, ҳозир эса ташқи сиёсатда яна ишонч қозонишга тўғри келади". "Ишонч вақт ўтиши билан тўпланиши мумкин бўлган қимматли материалдир. Йўқотиш осон ва қайтиб келиш қийин", - дейди у.

Ҳаритос икки томонлама муносабатларнинг келажаги фақат урушдан кейин белгиланишини таъкидлайди. "Ҳозирги пайтда Исроил сиёсий тизимининг ягона вазифаси бу урушда ғалаба қозониш ва Хамасни йўқ қилишдир. Фақат урушдан кейин Исроил қайси ҳукуматлар дўстона, қайсилари дўстона муносабатда бўлмаганини эслайди", - деб ҳисоблайди эксперт.