loader
Foto

Ўлгандан сўнг тирилишга имон

Ўлгандан сўнг тирилишга, яъни аввалги шакл ва борлиқ йўқ бўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтириш ҳар бир мусулмонга фарздир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Сўнгра сизлар, албатта, қиёмат куни қайта тирилурсиз” (Мўминун сураси, 16-оят).

«Инсон (кофир), Биз уни нутфадан (бир томчи шаҳват сувидан) яратганимизни, энди эса у бирданига (Ўзимизга) ошкора хусумат қилувчи бўлиб қолганини кўрмадими?! У Бизга: “Чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?” деб, нақл келтирди-ю, (аммо) ўзининг (қандай) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “У (чириган суяк)ларни дастлаб пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У турли хил яратиш(лар)ни билувчидир”» (Ёсин сураси, 77-79-оятлар).

“Ал-Мақосид” номли китобда бундай дейилади: “Ўлгандан сўнг тирилишга имон келтириш фарздир, уни инкор қилиш қатъиян куфрдир.”

Баъзилар: “Ўлгандан сўнг тирилишга ишониш танасухга ишониш-ир, руҳнинг бир тандан бошҳа бир танга ўтиши танасухдир. Чунки руҳўтган иккинчи тан биринчи тан бўлмайди”, дейишади. Ҳадиси шарифда бундаймарҳамат этилади: “Жаннат аҳлининг туки, сокрли бўлмайди. Улар қаримас, либослари эскирмас”. (Термизий, ж: 4, с. 679). “Жаҳаннамдаги кишининг тиши Уҳуд тоғи кабидир”. (Термизий, ж:4, к. 40, ҳ№: 2577, с 703). Шу ҳадисларнинг маъносидан келиб чиқсак, жасадлар билан қайта тирилиш таносух демакдир.

Жалолиддин Румий ҳазратлари ҳам бундай деганлар: “Таносух эътиқоди кирмаган мазҳаб йўқ”, дейишса, бундай жавоб берамиз: “Агар иккинчи бадан биринчи баданнинг аслий қисмларидан яратилмаса, таносух ҳисобланади. Қайта тирилиш таносух деб аталса, фақат унинг номланишида келишмовчилик бўлади. Чунки таносухга ишонувчилар таносухни руҳни шу дунёда (тушда) кўринадиган шахсларга ўтиши деб таърифлашади. Улар жаннат ва дўзахга, охиратда бўладиган бошқа ҳолатларга ишонишмайди. Шу сабабдан ундай эътиқодда бўлганлар кофир саналади. Аллоҳ таоло марҳамат этади:

“Албатта, оятларимизни инкор этувчиларни дўзахда куйдиргаймиз. Азобни тотсинлар деб, терилари куйиб битиши билан ўрнига бошқа (янги) териларни алмаштириб турамиз. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Нисо сураси, 56-оят).

Бу ояти карима ҳиссий лаззатлар билан мукофотланадиган киши, жисмоний изтироб ва машаққатлар билан жазоланадиган кимса Аллоҳ таолога итоат этган киши ё гуноҳ қилган кимсадан бошқа киши бўлишини ифодаламайди. Чунки биз деймизки, жисмоний ва ҳиссий лаззат ва азобларда уларни туйиш, сезиш эътиборлидир. Бирор восита билан бўлса ҳам азоб ва лаззатни тотувчи, ҳис этувчи руҳдир. Руҳнинг ўзи, шунингдек, таннинг аслий қисмлари ўзгармасдир. Шу сабабли бир инсонни болалигида кўрган киши уни кексалигида, кўриниши ва қиёфаси ўзгарганида кўрса ҳам, унинг ўзи дейди, бошқа киши демайди. Ёшлик чоғида жиноят қилган кишига кексайганида жазо берилса жазо жиноятни қилгандан бошқа кишига берилди, дейилмайди. Худди шунингдек, ҳадиси шарифда айтилган “жаҳаннамдаги кофир тишининг Уҳуд тоғича каттариши”, унинг аъзолари шишиши маъносидадир.

“Шарҳ Мавоқиф”да бундай дейилган: Инсон баданининг аслий қисмлари умрининг аввалидан охиригача қолган қисмларидир.

Биз (аҳли сунна) келтирганимиз далилларга асосан, қайта тирилиш (янги жасад билан эмас) жасаднинг аслий қисмлари билан бўлиши, ўлгандан сўнг қайта тирилишни, (жасаднинг барча қисмларини қайтарилишини) инкор этувчиларнинг сўзларини эътибордан қолдиради. Ҳадисларда бундай келган: Аллоҳ таоло (қайта тирилтирган инсоннинг) эр кишиларнинг суннат қилинганда кесилган эт парчасини, олинган тирноқларни, сочларни, тушган тишларни ва жасаднинг илк яратилишида бўлган бутун қисмларини қайтаради. Аллоҳтаоло сўнгулардан (тирилтирилган инсонни қайтарилган қисмларидан) истаганини қолдиради, хоҳлаганини йўқ этади.

Аллоҳ таоло қиёматда ақлли инсонларни қандай тирилтирса жинниларни, болаларни, жинларни, шайтонларни, ҳайвонларни, ҳашаротларни ва қушларни ҳам тирилтиради. Ҳадиси шарифларда ана шундай ворид бўлган. Аъзоси тўла шаклланмасдан тушиб қолган тушук (тушган парча) ҳам тирилтириладими? Имоми Аъзам Абу Ҳанифадан бундай ривоят қилинган: агар унга руҳ ато қилинган бўлса, тирилтирилади, руҳ ато қилинмаган бўлса, тирилтирилмайди. Чунки қайта тирилтириш руҳ ва жасад билан бўлади. Аллоҳ таолога муқарраб олимларнинг мазҳаби шудир. Қунавий, Шаъбий ва Ибн Сириннинг тушукда аъзолари шаклланган бўлса, у ҳам тирилтирилади, деганлари қабул қилинмайди. Зеро, баъзи аъзолар шаклланиб тушган тушик (аёл иддасининг тугаши каби) айрим дунёвий масалаларга ечим бўлади, холос. Охиратга оид ҳоллар унга қиёс этилмайди.

Мулла Али ибн Султон Муҳаммад Қори

"Имоми Абу Ҳанифанинг Ал-Фиқҳул Акбар" китоби шарҳидан

Йўлдош Эшбек ва Муҳаммад Шариф Жуман таржималари