loader
Foto

Ким қандай йўлга чақирса...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир тўғри йўлга чақирса, ўзига эргашганларнинг ажрича унга ҳам ажр ёзилиб туради ва бу уларнинг ажридан ҳеч нарсани камайтирмайди. Ким бир залолатга чақирса, ўзига эргашганларнинг гуноҳича унга ҳам гуноҳ ёзилиб туради ва бу уларнинг гуноҳидан ҳеч нарсани камайтирмайди» (Имом Муслим ривоят қилган).

Шарҳ: Ҳадиснинг мазмунига кўра бу ҳадис икки қисмга бўлинади. Ҳадиснинг аввалги қисмида ҳидоятга чорловчи кишининг фазли баён қилинди. Ушбу қисмда унинг даъватига эргашиб амал қилган инсонларга қанча ажр-савоб берилган бўлса, унга ҳам шунча ажр берилиши айтилди. Бу ерда икки тарафга ҳам алоҳида-алоҳида савоб берилиши маълум бўляпти.

Савол: Нима учун чорловчига ҳам худди эргашганларга бериладиган ажр-савоб ҳеч нарса камайтирилмасдан бериляпти?

Жавоб: Бу ерда икки жиҳат бор. Ҳидоятга чақиргувчига даъватни етказгани учун ажр берилади. Эргашганларга эса ўзларининг амаллари туфайли ажр берилади. Жиҳатлар алоҳида-алоҳида бўлгани учун ҳар иккиси ҳам бирининг савобидан камайтирилмасдан ажр олишади.

Ҳадиснинг иккинчи қисмида эса залолат ва гуноҳга чақиргувчи инсонга унга эргашиб гуноҳ-маъсият қилган инсонларнинг гуноҳи мислича гуноҳ ёзлиши баён қилинди. Бу ерда ҳам жиҳатлар турличадир. Гуноҳга чорловчига адаштиргани сабабли гуноҳ бўлса, эргашган кимсага содир этгани сабабли гуноҳ бўлади. Бу ҳолат ушбу ояти каримага мувофиқдир: «(Қиёмат кунида) ҳеч бир кўтарувчи (гуноҳкор) ўзга (инсон)нинг юкини (гуноҳини) кўтармас» (Фотир сураси, 18-оят). Биринчи ҳолатга кўра мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга қанчалар савоб берилади?! Чунки у зотга эргашувчиларнинг саноғи чексиздир.

калимасидаги танвин таҳлил, яъни озайтириш учун бўлиб, озгина бўлса-да, ҳидоятга чорлайдиган бўлса, шунда ҳам унга савоб берилади, деган маънони ифодалайди.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан