loader
Foto

Пайғамбарлар вориси инсонларга яхшиликни тиловчилардир

Азиз биродарларим, биз татфиф (кам ўлчаб, кўп талаб қилиш) жиноятига қўл уряпмиз. Аллоҳ таоло Мутаффифун сурасида шундай дейди: "Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар".

Халқдан талабимизни тўлиқ талаб қилиб, масъулиятимизни охиригача бажармаслик ҳам татфифдир. Уларнинг ҳам бизда қайсидир жиҳатдан масъулияти бўлганидек, бизнинг ҳам улар билан бўлган алоқада мажбуриятларимиз бор. Уларнинг устимиздаги ҳаққи - биз уларнинг диний ҳолати ҳақида қайғуришимиздир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳолатлари қандай эди? Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам доим маҳзун ва андишали эдилар.

Агар ўзимизни пайғамбарлар вориси деб даъво қилсак, уларнинг сифатларига ҳам ворис бўлишимиз керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим маҳзун ва андишали эдилар. Ҳеч қайси пайғамбар ҳашаматли ҳаёт кечирмаган. Ҳеч қайси пайғамбар бойлик йиғиб, унга кўмилиб, бу дунёга берилиб яшамаган. Ҳеч қайси пайғамбарнинг дарди улов, зотдор от ёки туя миниш бўлмаган. Ҳеч қайси пайғамбар катта кошонаси ёки зебу зийнатлари бўлишини истамаган.

Ҳар бир Пайғамбар бир вазифа билан келган, у ҳам бўлса, "Ер юзидаги инсонлар Аллоҳ таоло билан қандай боғланса бўлади?" дея ғам чекишган. "У нима қилса, жаннатга эришади?" Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг улуғи эканлар, бу хусусият уларда ҳаммадан зиёда бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим маҳзун ва андишали эдилар. Ҳамиша "Аллоҳнинг бандасини қандай қилиб дўзах оловидан сақлаб қолса бўлади" деган ташвишда бўлганлар.

Азиз биродарларим, биз ака-ука, опа-сингилларимизнинг, ота-онамизнинг дўзах оловига қараб кетаётганини кўрамиз, лекин ўзимизни бепарво тутамиз. Агар пайғамбарларнинг ҳақиқий вориси бўлганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сифатлари бизда ҳам зуҳур этарди.

Шайх Муҳаммад Салимнинг

"Раббоний олим ким?" китобидан

Замира Бобошева таржимаси