loader
Foto

Ҳасад мазаммати баёни

Ҳалок қилгувчи нарсалар - ғазаб, адоват, ҳасад зарарлари хусусидаги китобдан...

Билинки, ҳасад ҳам адоват натижаларидан бўлиб, адоват эса ғазабдан келиб чиқади. Демак, у ғазабдан униб чиққан тиканнинг бир шохи, ғазаб эса унинг асл томири экан. Энди ўз навбатида ҳасаднинг ҳам саноқсиз мазмум (емон) шох-бутоқлари бор. Ҳасад зарарлари ҳақида жуда кўп хабарлар ворид бўлган.

Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Олов ўтинни егани каби ҳасад яхши амалларни ейди. У зот ҳасад, унинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида яна шундай дедилар: “Бир-бирингиз билан ҳасад қилишманг, узилишманг, адоват сақламанг ва бир-бирингиздан юз ўгиришманг, балки, эй Оллоҳ бандалари, ўзаро биродар бўлинглар!" Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Бир куни Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, у зот: “Ҳозир мана шу дарадан сизларнинг олдингизга чиқиб келадиган киши аҳли жаннатлардандир”, дедилар. Шу заҳоти ансор (Мадиналик мусулмон)лардан бўлган бир киши кўринди. У чап қўлида кавуши, соқолидан таҳорат сувларини сачратганча келиб, салом берди. Эртасига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кечаги сўзларини такрорлаган эдилар, яна ўша киши кўринди. Учинчи куни ҳам шу ҳол такрорланди. Пайғамбар алайҳиссалом ўтирган жойларидан туриб кетганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳалиги кишининг ортидан бориб деди: "Мен отам билан тортишиб қолиб, уч кунгача унинг олдига т кирмасликка қасам ичдим. Агар сен менга жой берсанг, борар эдим", деди. У киши: "Яхши", деб жавоб қилди. Шундан кейин Абдуллоҳуч кеча унинг уйида тунади, лекин бирор кеча хонадон эгасини ухламай ибодат қилганини кўрмади. Фақат у ётган жойида у ёнидан бу ёнига ағдарилса ҳам Оллоҳни зикр қиларди. Аммо бомдод намозигача ўрнидан турмасди. Абдуллоҳ айтади: "Ундан ҳеч ёмон гап эшитмадим. Уч кун ўтиб, унинг қилган амалларидан кўнглим тўлмагандан кейин айтдим: "Эй худонинг бандаси, отам билан орамизда ҳеч қандай жанжал бўлмаган эди. Лекин мен соллоллоҳу алайҳи ва салламдан сен ҳақингда шундай-шундай гапларни эшитиб, қандай амаллар шарофати билан бундай баланд даражага мушарраф бўлганингни билмоқчи бўлдим, аммо сен тарафингдан бирор ортиқча амални кўрмадим. Энди ўзинг айтсанг, қай йўл билан бундай баланд мақомга эришдинг?". Шунда у: "Ўзинг кўрганларингдан ўзга сирим йўқ”, деди. Мен бурилиб кетмоқчи бўлган эдим, у тўхтатиб деди: "Ўзинг кўрганингдан ўзга сирим йўқ, фақатгина мен бирор мусулмонга Оллоҳ таоло қандайдир неъмат ато қилган бўлса, унга нисбатан кўнглимда ҳеч қандай кудурат ва ҳасад топмайман", деди. Абдуллоҳ айтади: "Мен унга, Сен кўтарила олган, бизлар ета олмайдиган мақом шу экан", дедим.

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Гумон, фолибад (ёмон фол очиш) ва ҳасад деб аталмиш уч нарса борки, ҳеч ким ундан холи эмас. Мен сизларга бу уч балодан қутулиш йўлини айтаман. Гумон қилсангиз, уни ҳақиқат деб билманг, фолибад очсангиз (масалан: олдингиздан қора мушук ўтса), тўхтамай кетаверинг, ҳасад қилсангиз, зулм қилманг, яъни, ҳасад қилган одамингизга ёмонлик раво кўрманг". У улуғ зот яна шундай дедилар: "Аввалги миллатларнинг иллатларидан сизларга ҳасад ва адоват ўтди. Адоват - даҳшатли қирғин, яъни, дину иймон қирғинидир. Оллоҳ номига қасамки, иймонли бўлмагунча жаннатга кирмайсизлар, бир-бирингизни яхши кўрмасдан эса ҳаргиз иймонли бўла олмайсизлар. Бинобарин, иймон билан яшашнинг йўли ўз ораларингда дўстлик ва хайрихоҳликни ёйишдир". Яна шундай дедилар: "Камбағаллик куфрга олиб бориши мумкин, ҳасад эса тақдири азални енгиши мумкин". Яна айтдилар: "Менингумматимга ҳам илгари ўтганларнинг касали етиб келади". "Илгари ўтганларнинг касали не эди?” деб сўралди. Жавоб қилдилар: "Кибр-ҳаво, манманлик, мол-дунё ортдиришдаги рақобат, бир-биридан четланиш ва зулмга сўнгра эса бошбошдоқликка олиб борадиган ҳасадгўйлик".

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай дедилар: "Биродаринг бахтсизлигидан кулмагин, зеро, Оллоҳ бахт ато этиб, сенга балосини юбориши мумкин". Ривоят қилинадики, Мусо алайҳиссалом Оллоҳ таоло ҳузурига бораётган чоғида Арши-аъло соясида бир кишини кўриб унинг мартабасига ниҳоятда ҳаваси келди ва ўз-ўзига: "Шубҳасиз бу улуғ зот Оллоҳ таолонинг севган, ардоқли бандасидир”, деди. Кейин Оллоҳ таолодан у кишининг исмини билдиришини сўраган эди, Парвардигор Ўз пайғамбарининг саволига жавоб қилмай, бундай деди: "Балки сенга унинг амалларидан учтасини айтаман: у Оллоҳ Ўз фазли-карами билан бандаларига берган неъматларига ҳасад қилмас, оқпадар эмас, чақимчилик қилмаган эди”.

Закариё алайҳиссалом айтдилар: "Оллоҳ таоло айтади: Ҳасадчи - берган неъматларимга душман, қилган ҳукмимдан норози, бандаларим орасида қилган тақсимотимга хурсанд бўлмайдиган кимсадир”. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: "Умматим устида энг кўп қўрқадиган нарсам, уларнинг мол-дунёлари кўпайиши сўнг бир-бирларига ҳасад қилиб, ўзаро низолар чиқишидир". Яна шундай дедилар: "Муродларингга етишиш йўлида уларни сир тутиш билан мадад сўранглар, зеро, ҳар бир неъмат эгаси ҳасадланувчидир". Яна айтадилар: "Шубҳасиз Оллоҳ берган неъматларнинг душманлари бордир". "Улар кимлар?" деб сўрадилар. "Улар Оллоҳ таоло Ўз фазлу карами билан берган неъматларга сазовор бўлган инсонларга ҳасад қилгувчи кимсалардир.", деб жавоб бердилар. Яна айтдилар: “Олти нарса сабабли сўроқ-саволсиз дўзахга кирувчи олти тоифа бор" "Улар кимлар, ё Расулуллоҳ?" деб сўрашди. “Жабру-зулм қилган амирлар, миллатчилик қилган араблар, кибру-ҳавога берилган йўл бошчилар, хиёнат йўлига кирган савдогарлар, жаҳолатга юз бурган аҳли давлатлар, ҳасад қилувчи аҳли илмлар”, дедилар. Салафлардан бири айтди: "Қилинган биринчи гуноҳҳасад бўлган эди: Иблис Одам алайҳиссаломнинг мартабаларига ҳасад қилиб, у зотга сажда қилишдан бош тортди - ҳасад уни гуноҳга етаклади”.

Ҳикоя қилинади, Авн ибн Абдуллоҳ Фазл ибн Меҳлаб ҳузурига кирди. Бу пайтда Фазл Восит шаҳрида ҳоким эди. Авн айтди: "Мен сенга баъзи нарсалар ҳақида ваъз-насиҳат қилмоқчиман". "Қандай ваъз?" сўради ҳоким. У: "Кибру гуноҳ, кибру-ҳаводир", деди. Сўнгра: "Малоикаларга Одамга сажда қилинглар, деганимизда улар сажда қилдилар, фақат иблис бош тортди..." оятини охиригача ўқиди. "Яна очкўзликдан сақлан, чунки Одамни жаннатдан чиқарган нарса очкўзликдир. Оллоҳ таоло унга кенглиги осмонлар ва Ерга тенг келадиган жаннатни раво кўриб у жойдаги бор неъматлардан тановул қилишга изн берди, фақат бир дарахт мевасини манъ қилди. У эса очкўзлик қилиб худди шу дарахтдан еди ва натижада жаннатдан чиқарилди, деди сўнг, "Ундан (жаннатдан) ҳаммангиз тушингиз!” оятини охиригача тиловат қилди. Шундан кейин Авн насиҳатда давом этди: Ҳасаддан ҳазар қил. Зеро, Одам боласи ўз биродарини ҳасад сабабли ўлдирди”, деди ва: "Уларга Одамнинг икки хабарини ҳаққи-рост тиловат қилинг!" оятларини ўқиди ва шу сўзларни қўшимча қилди: "Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳақида гап кетса билмасдан бирон нарса дейишдан ўзингни тий, қазо-қадар хусусида сўзланганда, юлдузлар тўғрисида гапирилганда сукут қил!”

Бакр ибн Абдуллоҳ айтди: "Подшоҳлардан бирининг олдига келиб юрадиган бир киши бор эди. Одатда у ҳар гал подшоҳнинг рўбарўсида туриб, шундай дейди: "Сенга яхшилик қилганга яхшилик қил, ёмонлик қилгувчига эса ёмонлик қилма, чунки қилган ёмонлиги ўзига қайтар”. Бу кишининг подшоҳ ҳузуридаги обрў-эътиборига бир кимсанинг ҳасади келиб, подшоҳ олдида унга туҳмат ёғдирди: "Рўпарангизда туриб ҳар хил гапларни гапирувчи ўша одам Сизни, оғзи бадбўй, деб юрибди”. Подшоҳ сўради: “Сўзларинг ростлигини қандай билишим мумкин?” У айтди: "Сиз уни ёнингизга чақирасиз. У сизга яқин борганида, қочиб қўли билан бурнини тўсиб олади”. Подшоҳ унга: "Кетавер, мен ўйлаб кўраман”, деди. У кимса подшоҳ олдидан чиқибоқ ҳалиги кишини ўз уйига меҳмонга чақириб, саримсоқ солинган таомлар билан сийлади. Меҳмондорчиликдан сўнг у подшоҳ ҳузурига борди ва одатдагидек, унинг рўпарасида туриб: "Сенга яхшилик қилганга яхшилик қил, ёмонлик қилувчига эса ёмонлик қилма, зеро қилган ёмонлиги ўзига қайтар!” деди. Шунда подшоҳ: Ёнимга яқинроқ кел! деди. У подшоҳнинг ёнига борди, саримсоқ, ҳидидан подшоҳ озорланмасин деб, қўли билан оғзини тўсди. Подшоҳ ичида: "Фалончининг гапи рост эканда”, деди. Лекин ҳеч нарса сезмагандай қўлига қалам олиб, унга бир хат ёзиб берди ва амалдорларидан бирига олиб боришни тайинлади. Бу подшоҳнинг шундай одати бор эди: Бировга ҳадя ёки мукофот бермоқчи бўлса, унга ўз қўли билан хат ёзиб берарди. Аммо бу сафарги хатнинг мазмуни ўзгача эди: "Хатимни олиб борган кимсани сўйиб терисини шил ва ичига сомон тиқиб, менинг олдимга жўнат!” У киши хатни олиб чиқаётиб, ҳалиги тухматчига дуч келди. Унинг кўзи хатга тушиб, "бу қандай хат?” деб сўради. "билмадим, подшоҳ бирор мукофотга ёзиб бердилар, шекилли”, деди у. Шуни менга ҳадя қилган, деб ялинди тухматчи. Бу киши яқиндагина уникида меҳмон бўлганини ўйлаб, ичида: йўқ десам уят бўлар, деб ўйладида, "Майли сенга бўлақолсин”, деди. У хатни олибоқ амалдорнинг олдига чопди. Хатни очиб ўқиб кўрган амалдор: "Бунда ёзилишича, мен сени сўйиб терингни шилишим керак”, деди. Қўлга тушганини сезган туҳматчи жон ҳолатда: "Худо ҳаққи, бу хат меники эмас эди. Ишонмасанг текшириб кўр”, дея ялина бошлади. Амалдор эса: "Подшоҳнинг хати текширилмайди", деб уни сўйиб, терисини шилди ва ичига сомон тиқиб подшоҳ саройига жўнатди.

Эртасига ҳалиги киши подшоҳ ҳузурига борди одатда айтадиган гапини такрорлади. Подшоҳ уни тирик ҳолда кўриб, таажжубга тушди ва... "хатни нима қилдинг?" деб сўради. У айтди: "Фалончи йўлимдан чиқиб хатингизни ҳадя қилишимни сўраган эди, унга ҳадя қилдим". Подшоҳ айтди: "У кимса, одамларга "подшоҳнинг оғзи бадбўй", деб юрганингни менга етказган эди". "Мен бундай демаганман", - жавоб берди у. "У ҳолда нима сабабдан менинг ёнимга келганингда бурнингни тўсиб олдинг?” - сўради подшоҳ. "Ўша кимса мени саримсоқ солинган таомлар билан меҳмон қилган эди. Шу ҳид сизга етишини истамаган эдим". Бу сўзларни эшитган подшоҳ: "ёмонлик қилувчининг ёмонлиги ўзига қайтгувчидир", деган сўзларинг чин ҳақиқат экан, сен ўз мартабангга муносиб экансан", деди.

Ибн Сийрин алайҳир-роҳма айтди: "Дунё ишларидан бирортасида ўзгага ҳасад қилмадим. Чунки у зот жаннат аҳлларидан бўлса, унинг жаннат неъматлари олдида жуда ҳақир бўлиб қоладиган дунёсининг нимасига ҳасад қиламан. Агар, у кимса дўзах аҳлидан бўлса, унинг дўзахга киришига сабаб бўладиган дунёсининг нимасига ҳасад қилай". Бир киши Ҳасандан сўради: "Иймонли одам ҳасад қилиши мумкинми?” Ҳасан деди: "Албатта. Ахир Яъқубнинг болалари ҳақидаги ҳикояни унутдингми? Лекин қачон дилингда бировнинг бахтига ҳасад қилсанг модомики, уни қўлинг ёки тилингга чиқармас экансан, (яъни амалга оширмас экансан), сенга зарар етмайди".

Абу-Дардо айтади: "Банда ўлимни қанча кўп зикр қилса, унинг хурсандлиги ва ҳасади шунча кам бўлади”.

Муовия деди: "Ҳаммани рози қилишим мумкин, фақат неъматга ҳасад қилувчини рози қила олмайман, чунки уни фақатгина неъматнинг кетиши рози қилади. Ахир айтилганку:

Ҳар қандай адоватни йўқ қилиш мумкин, илло Ул адоватга сабаб бўлса ҳасад, йўқолмас асло".

Ҳукамолардан бири айтди: "Ҳасад тузалмас жароҳатдир, ҳасадгўйнинг ҳасад қилиши учун дуч келган нарса сабаб бўлаверади".

Аъробий деди: "Мен ҳасадгўйдан кўра мазлумга ўхшаганроқ золимни кўрмадим. Чунки у сенинг олдингдаги неъматни ўзига нисбатан зулм деб ҳисоблайверади”.

Ҳасан айтди: "Эй одам боласи, нега биродарингга ҳасад қиласан? Агар Оллоҳ суйганлиги сабабли у бандага неъмат ато қилган бўлса, сен Оллоҳ суйган бандага қандай ҳасад қиласан? Агар унинг мол-давлат топишига бошқа сабаб бўлса, (яъни, ҳаром йўллар билан топган бўлса), оқибатда дўзахга элтувчи бўлган мол-давлатнинг нимасига ҳасад қиласан?"

Оллоҳ таоло барчамизни ҳасад балосидан асрагай!

Шайх Аллоуддин Мансур роҳимаҳуллоҳнинг

"Осмонингдан узилма, эй дил" китобидан