loader
Foto

БМТ Исроилнинг аёллар ва қизларга нисбатан ҳарбий жиноятларидан ҳайратда

Ғазо секторидаги фаластинлик аёллар ва қизлар Исроил кучлари томонидан ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабатга дучор бўлмоқда. Бу ҳақида БМТнинг аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик бўйича махсус маърузачиси Рим Алсалем "Анадолу" агентлиги мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.

Агентлик суҳбатдоши мавжуд вазиятдан чуқур хавотирда эканлигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Ғазо секторида 7 октябрдан бери давом этаётган воқеалар минглаб аёллар ва болаларга таъсир қилган. Унинг таъкидлашича, Ғазо сектори аҳолиси учун "ҳақиқий дўзах"га айланган.

"30 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, уларнинг 70 фоизи аёллар ва болалар. Бу геноцид давом этишига йўл қўйиб бўлмайди. Фаластинлик аёллар ва болалар инсониятга қарши даҳшатли жиноятлар ва уруш жиноятларига дучор қилинмоқда", - деди Алсалем.

"Ғазо секторида хотинлар эрларидан айрилмоқда, ҳар соатда икки она ўлмоқда, сон-саноқсиз болалар етим қолмоқда. Одамлар атайлаб оч қолдирилмоқда, гуманитар ёрдам етказилиши эса тўсилган. Ҳомиладор аёллар бомба ва тиббий ёрдамнинг етишмаслиги шароитида, кўпинча анестезиясиз туғишга мажбур бўлади ", - дея давом этди у.

Алсалемнинг айтишича, фаластинлик болали аёлларнинг судсиз ва тўғридан-тўғри қатл этилиши, шунингдек, фаластинлик аёлларнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши, ғойиб бўлиши ва Ғарбий Соҳил ёки Исроилдаги қамоқхоналарга ўтказилиши ҳақида ишончли хабарлар бор.

Махсус маърузачи 2023 йил 7 октябрдан 31 декабрга қадар ҳибсга олинган 3 минг ғазоликдан 200 нафарга яқини аёллар ва қизлар эканлигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, бу даврда Ғарбий Соҳилда ҳибсга олинган 3700 нафар фаластинликдан 147 нафари аёллар ва 245 нафари вояга етмаганлардир.

БМТ вакили Ғазо секторидаги аёллар жинсий зўравонлик таҳдидига ҳам дучор бўлишидан огоҳлантирди.

"Биз фаластинлик аёлларнинг яланғоч қилиб ечинтирилгани ва ҳақоратли вазиятларда, айниқса сўроқ пайтида суратга олингани ҳақидаги ишончли хабарлардан даҳшатга тушдик. Ғазо секторида қўлга олинганидан кейин ҳижобларини ечиб, эркак полициячилар тинтув қилган аёллар бор. Бу аёллар ҳам суратга олинган. Бу суратлар исроиллик аскарлар орасида ва интернетда тарқалмоқда. Бу уруш қонунларини очиқдан-очиқ бузишдир", деди у.