loader
Foto

Ўлдирилган ажали билан ўлади

Ажал биттадир. Қатл қилинган киши ҳам ўз ажалида (умри тугагани учун) ўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Ўша муддатлари етиб келганида эса, уни бирор соат кейинга ҳам сура олмайдилар, олдинга ҳам” (Наҳл сураси, 61-оят).

Ҳадиси шарифда баён этилган, умрни зиёда ё қисқа бўлишидан мурод умрда хайр ва барокатни кўп ё кам бўлишидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни) устувор қилур. Китоб (яъни барча нарсаларнинг билими) Унинг даргоҳидадир” (Раъд сураси, 39-оят).

“У сизларни (Отангиз Одам Атони) лойдан яратиб, сўнгра ажални (яъни тириклик муддатини) белгилаб қўйган Зотдир. Унинг ҳузурида яна бир белгиланган ажал (яъни тирилиш муддати) бордир” (Анъом сураси, 2-оят). Бу Оятдан Аллоҳ таоло иккита ажални тақдир этганини хотирга келтирмаслик керак. Зеро, ҳақиқий ажал биттадир.

“Саҳиҳи Муслим”да Ибн Умардан ривоят этилади: Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай дейдилар:

“Аллоҳ таоло осмонларни ва ерни яратмасидан эллик минг йил аввал Арш сув устида бўлганида яратиқларнинг қадарини тайин этгандир” (Муслим, ж IV, с. 2044, Ҳ №:2653).

Аллоҳ таоло яна бундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ бирон жонни ажали келганида кечга қолдирмас”

(Мунофиқун сураси, 11-оят).

“Ҳар бир жон фақат Аллоҳ таолонинг изни билангина муҳлати белгилаб қўйилган битик (ажал) етганда ўлади” (Оли Имрон сураси, 145-оят).

“Саҳиҳи Муслим”да Ибн Масъуддан ривоят этилади: Умму Ҳабиба: “Ё Аллоҳ! Эрим - Расулуллоҳнинг, отам Абу Суфённинг ва оғаси Муовиянинг умрини узоқ (узун) қил!” деб дуо қилганида Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга бундай дедилар:

“Сен Аллоҳ таолодан тайин этилган ажалларни, тақсим этилган ризқларни сўрадинг. Аллоҳтаоло вақти келмасидан ҳеч бир нарсани яратмайди, вақти келгач, ҳеч нарсани кечиктирмайди. Аллоҳ таолодан ўзингни жаҳаннам азобидан ва қабр азо-бидан асрашини сўрасанг эди, ўзинг учун хайрли ва фазилатли бўларди”.

Амал хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, ажални ўзгартирмайди.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан