loader
Foto

Мусулмон - қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир...

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон - қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир. Муҳожир - Аллоҳ қайтарган нарсаларни тарк этган кишидир». Ушбу лафз Имом Бухорийнинг лафзидир. Имом Муслимда эса қуйидагича: Бир киши Набий алайҳиссаломдан «Энг яхши мусулмон қайси», деб сўради. У зот: «Қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир», дедилар (Муттафацун алайҳ).

Ҳадисни ривоят қилган саҳоба - Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бениҳоя тақводор киши бўлганлар. Оталаридан ўн икки ёш фарқли бўлганлар. У зот энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар қаторида аввалги ўринда туради. Ҳатто Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам кўра кўпроқ ҳадис ривоят қилганлар. Лекин нақл эътиборидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадислари кўпроқдир. Бу саҳобанинг вафоти борасида тўрт хил ихтилофли қавл мавжуд бўлиб, ҳижрий 64, 65, 67, 72 саналар дейилган. Рожиҳ қавлга кўра, 72 ёшида Мисрда вафот этганлар.

Ҳадисдаги «мусулмон»дан комил мусулмон ирода қилинган. калимасида борлиги эътиборидан маърифа бўлиб, мубтадодир. калимаси эса хабар. У мавсула бўлган учун маърифадир. Қоидага кўра мубтадо ва хабар маърифа бўлса, ҳаср (чеклаш)ни ифода этади. Бундан маълум бўладики, ушбу азият бермаслик сифати топилган инсонгина ҳақиқий комил мусулмон бўлади. Бу сифат топилмаса, комиллик бўлмай қолади. Баъзи ўринларда маърифалик нафакат ҳасрни, балки камолотни ҳам ифодалайди. Ҳадиснинг зоҳиридан фақат мусулмонларга азият бермай, қолганларга, масалан, зиммийларга азият бериш жоизми деган савол туғилиши мумкин. Бунга шундай жавоб бериладики, мусулмон диёрларида аксар мусулмонлар яшагани сабабли улар умумий қилиб айтилган. Ваҳоланки, Исломий диёрларда зиммийларнинг моли ва жонига омонлик бор. Шу туфайли уларга ҳам азият бермаслик ушбу ҳадиснинг маъносидан тушунилади. Қолаверса, ҳадиси шариф матнида мусулмонлар дея музаккар лафз келди. Тағлиб қоидасига биноан ушбу лафз аёлларни ҳам ўз ичига олади.

Ҳадисда қўли ва тили билан азият бермаслик айтилди. Аслида бу киноя бўлиб, бошқа аъзолар билан ҳам азият бермаслик ирода қилинган. Айнан тил ва қўл келтирилишининг боиси, аксар азиятлар ушбу икки аъзолар билан бўлгани учундир. Шу туфайли иккиси келтирилиб, қолган аъзолар уларнинг остига дохил қилинди. Тилнинг қўлдан муқаддам қилиниши эса, тилнинг азияти қўлнинг азиятидан аламли ва аччиқ бўлгани учундир. Тилнинг азиятига ғийбат, ёлғон гапириш, чақимчилик ва ҳоказолар киради. Лекин қўл билан бериладиган баъзи азиятлар, масалан, шаръий ҳадларни адо қилиш ёки болани одоб бериш учун уриш кабилар азият дейилмайди. Тил ва қўлнинг азияти ўртасида катта фарқ бор. Чунки тилнинг азияти умумий бўлиб, айни пайтга, яъни ҳозирги замонга ҳам, келажакка ҳам тааллуқлидир. Қўл эса ундай эмас. У фақат ҳозирга тегишли бўлади.

Ҳадиснинг иккинчи бўлагида муҳожир мусулмоннинг зикри келди. Яъни комил ва ботиний ҳижрат баён қилинмокда. Бу ўринда Пайғамбар алайҳиссалом манманликни кетказиш учун ушбу сўзни айтдилар. Бу билан Маккадан ҳижрат қилган муҳожирларнинг қалбларида ужуб пайдо бўлишининг олдини олишни мақсад қилдилар. Сабаби, Макка муҳожирларининг ҳижрати зоҳирий ҳижрат эди. Чунки ҳақиқий ҳижрат аслида Аллоҳ таоло тақиқлаган нарсалардан қайтиш ва чекинишдир. Бунинг яна бир жиҳати шуки, Макка фатҳ бўлишидан олдин ҳижрат қилолмаган мусулмонларнинг қалбларига тасалли бериш мақсадида ботиний ҳижратни ирода қилдилар. Яъни зоҳирий ҳижратни қилолмаганлар тушкунликка тушмасинлар. Улар ботиний ҳижратни ихтиёр қилишсин, яъни Аллоҳ нимадан қайтарган бўлса, шундан сақланишсин, нимага рози бўлган бўлса, шуни ҳосил қилиш ҳаракатида бўлишсин. Ҳақиқий муҳожирлик мана шу нарса, деб уларга тасалли беряптилар.

«Ушбу лафз Имом Бухорийнинг лафзидир», дейилди. Бу ибора Имом Бухорий билан Имом Муслимнинг ривоятлари орасида фарқ борлигини ифодалайди. Имом Муслимнинг ривоятини ҳам ушбу ўринда келтиришидан мақсад, Имом Муслимнинг ривоятида «ал-муслиму» сўзидан мутлақ мусулмон ирода қилинмаган, балки комил мусулмон ирода қилинган. «Бунга нима далолат қилади?» дейилса, «сўровчининг саволи», деб жавоб берилади. Чунки сўровчи комил мусулмон ҳақида сўраган эди. Шунга кўра, Имом Бухорий ривоят қилган лафздан ҳам комил мусулмон ирода қилинган дейилади.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан