loader
Foto

Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлади

Аллоҳ таоло нарсаларни йўқдан бор қилди. Аллоҳ таоло ҳамиша, нарсалар бўлмасидан уларни билгувчидир. Нарсаларни қандай, қачон бўлишини тайин ва ҳукм қилган Удир. Дунё ва охиратда ҳар бир нарса фақат Унинг машиати (хоҳиши), илми, қазоси, қадари, Лавҳул маҳфузга битгани(га мувофиқ) билан бўлади. Лекин Лавҳул маҳфузга ҳукм этиб эмас, баён этиб ёзган.

Шарҳ: Аллоҳ таоло нарсаларни, ҳаракат, турғун, ёруғлик, қоронғулик, ёмонлик, яхшилик, баланд, паст каби ҳолатларни олдин (азалда) бор бўлган бир моддадан эмас, йўқдан яратди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

“Ҳамду сано осмонлар ва ерни илк яратган ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчи (воситачи)лар қилган Аллоҳ учундир” (Фотир сураси, 1-оят).

Аллоҳ таоло осмонларни ва ерни йўқдан яратди. Аллоҳ таоло Ўз иродасига мувофиқ баъзи нарсаларни баъзи моддалардан яратган бўлса-да, унинг асл моддасини олдин йўқдан бор қилган. Агар бирор нарса олдин бўлган деб тасаввур қилинса, уни ҳам Аллоҳ таоло йўқдан бор қилгандир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир, ҳар нарсанинг устида Вакилдир” (Зумар сураси, 62-оят).

Чунки азалда ҳеч нарса йўқ эди, фақат Аллоҳ таоло бор эди.

Аллоҳтаоло ҳамиша нарсаларни яратмасидан олдин Билгувчидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ ҳар нарсани Билгувчидир” (Аҳзоб сураси, 40-оят). Нарсаларни қачон, қандай бўлишини Ўз иродасига, хоҳишига ва ҳикматига мувофиқ тайин, ҳукм қилган Удир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“(Ахир) Яратган Зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У Латиф ва Хабир (ҳар недан Хабардор)дир” (Мулк сураси, 14-оят).

Яъни, нарсаларни Яратган уларни яратмасидан олдин билмасми?! Яратгувчининг илми қадимдир, унга боғлиқ бўлганлар эса ҳодисдир, яратилгандир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичикроқ, (ёки) каттароқ бирор нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас - албатта, очиқ Китобда (Лавҳи маҳфузда) мавжуд бўлур (Юнус сураси, 61-оят).

Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат этадилар:

“Аллоҳтаоло энг аввал яратган нарса - қаламдир. Аллоҳ таоло қаламга: “Ёз!” - деди. Қалам: “Ё Робб, нимани ёзайин?” - деди. Аллоҳтаоло бундай марҳамат қилди: “Қиёматга қадар бўладиган ишларни ёз!”

Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ “Ал-Васиййа” китобида бундай ёзади:

“...Сўнгра, биз барча яхши ва ёмон Аллоҳ таолонинг тақдири (белгилаши, тайин этиши) билан бўлишига иқрормиз, ишонамиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Агар уларга (мунофиқларга) бирор яхшилик етса, “Бу, Аллоҳ таолонинг ҳузуридан”, дейдилар. Борди-ю, бирон ёмонлик етиб қолса, “Бунга сен сабабсан”, дейдилар. Айтинг: “Ҳамма нарса Аллоҳдандир!” (Нисо сураси, 78-оят).

Ким яхши ва ёмон Аллоҳ таолодан ўзганинг тақдири билан бўлишига ишонса, Аллоҳ таолони инкор этган кофир бўлади ва тавҳиди ботил бўлади”.

Имом Аъзам ҳазратларининг сўзи шу ерда тугади.

Дунёда ва охиратда бўлган ва бўладиган ҳар бир нарса фақат Аллоҳтаолонинг хоҳиши, илми, ҳукми, амри, қадари (тақдири) ва Лавҳи маҳфузга ёзганига мувофиқ бўлади.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарса ҳақида “шундай бўлади” дея ёзган. “Шундай бўлсин” деб ёзмаган. Лавҳул маҳфузга ёзилганда бирор нарса мавжуд эмас эди. Аллоҳ таоло Лавҳул маҳфузга баён этиб, Ўзининг ҳукмига мувофиқ “шундай бўлади” деб ёзган; амр тарзида “шундай бўлсин” деб ёзмаган. Чунки Аллоҳ таоло “Бўлсин!” деб ёзганида ҳамма нарса ўша онда бўларди.

Имом Аъзам “Ал-Васиййа” китобида бундай дейдилар: Аллоҳ таоло қаламга “Ёз” деб амр этганида, қалам “Ё Робб, нима-ни ёзайин”, деди. Аллоҳ: “Қиёматга қадар бўладиган ишларни ёз”, деди. Биз ана шунга ишонамиз.

Аллоҳтаоло бундай марҳамат қилган:

“Улар қилган ҳар бир нарса дафтарларда (номаи амалларида) бордир. Ҳар бир кичик ва катта (нарса, амал, Лавҳул маҳфузда) битилгандир” (Қамар сураси, 52-53-оятлар).

Яхши ҳам, ёмон ҳам, ширин ҳам, аччиқ ҳам, бандадан содир бўладиган ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг иродаси ва тақдири (яратиши) билан бўлади. Аллоҳтаолонинг истагани бўлади, истамагани бўлмайди.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан