loader
Foto

Тасбеҳ ишлатиш бидъатми?

Кейинги йилларда диёримизда тарқалган ихтилофлардан бири тасбеҳ тутиш масаласидир. Қадим-қадимлардан бери юртимизда ҳеч ихтилофсиз ишлатиб келинган тасбеҳ яқин-яқиндан бидъат, ҳаром дейдиганлар чиқа бошлади. Тўғри қадимдан тасбеҳ ишлатиш афзалми ёки зикрларни қўлда санаган яхшими, деган масалада уламоларнинг қарашлари турлича бўлган. Лекин у ерда афзаллик ҳақида гап кетади, бидъат ёки ҳаромлик ҳақида эмас. Бунинг устига динда бир амални бидъат ёки ҳаром, дейиш учун кучли далиллар керак бўлади. Тасбеҳ ишлатишдан ман қиладиган бундай далиллар эса мавжуд эмас.

Бу гапларни ўқиган тасбеҳ ушлаб зикр қиладиган мусулмон киши наҳотки биз ҳаром бўлган, бидъат ишни қилаётган бўлсак, деган фикрга боришлари табиий. Аммо бундай фикрга боришга шошилмаслик керак. Зеро дунёга донғи кетган уламоларимиз тасбеҳ ишлатиш жоиз экани борасида бир эмас ўндан ортиқ китоблар ёзганлар.

Тасбеҳ ишлатиш жоиз эканига келган далиллар инкор этиб бўлмас даражада кувватли ва кўпдир.

София бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади:

Яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олдимга кирдилар, олдимда тўрт минг дона данак бор бўлиб, улар билан тасбеҳ айтар эдим. Шунда У Зот: "Сенга сен айтаётган тасбеҳдан кўра кўпроғиниўргатайми?" - дедилар. Мен: “Ўргатинг” - дедим. У Зот "Субҳаналлоҳи адада холқиҳи" - деб айт, дедилар" (Имом Термизий ривоятлари).

Мазкур ҳадис тасбеҳ ишлатишни жоизлигига далилдир. Зеро, бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрирлари (жоиз ишни ўз ўрнида қолдиришлари) бор. Агар тасбеҳ ишлатиш мумкин бўлмаганида Расул алайҳиссалом онамизни дарҳол бу ишдан қайтар-ган бўлар эдилар. Онамизни олдидаги данакни кўриб индамаганлари бу ишни жоизлигига далил бўлади. ("Мирқотул мафотиҳ" ва "Туҳфатул аҳвазий” китоблари)

Тасбеҳ ишлатишни мумкин эмас, дейдиганлар ҳам шу маънодаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар. Аслида бу ҳадис жоиз дегувчиларнинг далилидир.

София онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олдимга кирдилар, олдимда тўрт минг дона данак бор бўлиб, улар билан тасбеҳ айтар эдим. Шунда У Зот "Эй, Ҳуяйнинг қизи нима бу? дедилар". Менулар билан тасбеҳ айтаман, дедим. УЗот: "Мен сени бошинг(ёнинг) дан туриб кетганимдан кейин бундан кўп тасбеҳ айтдим" дедилар. Мен: "Менга ҳам ўргатинг", дедим. "Субҳааналлоҳи адада ма холақо мин шайин", деб айт, дедилар” (Имом Ҳоким ривоятлари).

Улар мазкур ҳадисдаги Расул алайҳиссалом: "Нима бу?” деганлари қайтариқ, яъни, сени олдингда булар нима қиляпти, деган маънода дейдилар.

Уламолар эса, бу гап қайтариқ эмас, афзалига далолат холос, агар қайтариқ бўлганида очиқ айтар эдилар. Зотан имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расули акрам алайҳиссалом масжидга кирганларида икки устунга боғланган арқонни кўриб қолиб, "Нима бу?" деганлар. Саҳобийлар бу Зайнабнинг арқони (ибодатдан) толиққанда осилиб олади, дейишди. Шунда У Зот "Йўқ, уни ечинглар, ҳар бирингиз тетиклигида намоз ўқисин, толиқса, ўтириб олсин", дедилар. Мазкур ҳадисда очиқ қайтариқ бор. Агар аввалги ҳадисда ҳам шу маъно бўлганида қайтаришлари аниқ эди. Қолаверса, бирор нарсани афзалини айтиш иккинчисининг жоиз эмаслигига далолат қилмайди ("Ат-Тасҳиҳ ват тасриҳ фий аҳодийсис субҳа" китоби, Аднон ибн Абдуллоҳ).

Бундан ташқари бир қанча саҳобийлар тасбеҳ айтишда данак ишлатганлари маълум ва машҳур.

Абу Назра Тафовалик кишидан ривоят қилади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг халтачада тош ёки данаклари бўлиб, улар билан "Субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ" деб тасбеҳ айтар эдилар. Тошлар тугагач чўриларига берар, чўри уларни тўплаб халтачага солиб, яна у кишига қайтариб берар эди. (Имом Ибн Аби Шайба ривоятлари).

Қосим ибн Абдурраҳмон (қирқта Бадрда қатнашган саҳоба билан учрашган зот)дан ривоят қилинади: Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг бир халтачада ўнта атрофида ҳисобланган ажва хурмосининг данаклари бўлиб, бомдод намозини ўқигач, халтачадан данакларни бирма-бир олиб тасбеҳайтар, данаклар тугагач, бирма-бир яна халтачага қайтариб солар эди. Доим шу ҳолатда тасбеҳайтар эдилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Юнус ибн Убайд онасидан ривоят қилади: Онаси "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган Абу София деган киши бизнинг қўшнимиз эди. У кишининг тасбеҳ айтиш учун тошчалари бор эди”, деган (Имом Аҳмад ривоятлари].

Ҳофиз Ибн Ҳажар «ал-Исоба»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳолида (4-жилд, 98-бет), шунингдек, Ибн Саъд саҳиҳ санад билан Икримадан қилган ривоятида бундай дейилган: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳар куни ўн икки минг тасбеҳ қайтарар эди ва «Гуноҳим миқдорича тасбеҳ айтаман», деган эди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳаётидан олинган лавҳада ҳар куни ўн икки минг зикрни тасбеҳ доналари ва тошчалар ёрдамисиз қандай амалга ошириш мумкин?!

Ҳақли савол туғилади, зикр қилишда тасбеҳнинг қадимги кўринишини ишлатган Абу Ҳурайра ва у киши каби бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумни бидъатчилар деб аташ мумкинми? Бидъат иш бўлса, улар буни қилишармиди?! Йўқ, албатта, қилишмасди! Юқорида бу борада ҳадислар ҳам келтирилди.

Баъзилар келтирилган ҳадисларни заиф деб эътиборга олмаганлар. Ушбу ривоятлар гарчи уларнинг фикрича фалончи, фалончи ровийлар сабабидан заиф бўлса-да, бироқ, ўтган муҳаддислар фикрига кўра ҳасан лиғойриҳи ҳадисдир. Чунки, заифлик ҳадис тариқ (йўл) ларининг кўплиги сабабли қувватланиб қолади. Шу билан бирга, жами уламолар фикрига кўра фазилатли амаллар борасида заиф ҳадисга амал қилиш жоиздир!

Мулоҳаза қилиб кўрилса, зикр қилувчи зикрда фикри адашиб, чалғиб кетмаслик учун тасбеҳ тутади. Ҳар кунги зикрини маълум миқцорга етказиш учун тасбеҳ ушлайди. Халойиқнинг энг яхшиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш, истиғфор, тасбеҳ, таҳлил, такбир, таҳмид кабиларни янглишсиз айтиш учун қўлига тасбеҳ олади.

Абдуллоҳ ибн Имом Аҳмад «Завоид аз-зуҳд» асарида бундай келтирган: Нуайм ибн Муҳарриз ибн Абу Ҳурайра бобоси Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Абу Хурайра розияллоҳу анҳунинг мингта тугуни бор ипи бўлган экан. Ул зот уни тасбеҳ қилиб айлантириб зикр қилмагунча ухламас эканлар.

Айрим зикрни бармоқларни букиб айтишни тасбеҳдан кўра афзал, деганлар. Лекин, тасбеҳ айтувчи хато қилишдан сақлана олса, бармоқлари билан санаш афзал. Бундай қилолмаса, тасбеҳ афзал ҳисобланади. Тасбеҳни ўтган уламоларнинг улуғлари тутишган, уни кўлларига олиб, унга эътибор қаратишган. Абу Хурайра розияллоху анҳунинг мингта тугунли тасбеҳлари бўлган. У билан ҳар куни ўн икки минг марта зикр айтган. Буни унинг шогирди Икрима хабар берган. Ўйлаб кўрайлик, ўн икки минг тасбеҳни ёдда сақлаб айтиш мумкинми?!

Аллома Абдулҳай Лакнавий ўзларининг "Зийнатул фикр фи субҳатиз зикр” номли асарларида тобеинларнинг улуғларидан бўлган Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилиб айтадилар. "Умар ал-Маккий устози Ҳасанул Басрийдан қўлларида ҳамиша тасбеҳ бўлишини кўриб, бу ҳақида сўраганида биз авваллари (саҳобалар даврида) буни ишлатар эдик, келажакда ҳам буни тарк қилмаймиз. Мен қалбим, тилим ва қўлим билан зикр қилишни яхши кўраман дедилар". Маълумки, Ҳасанул Басрий тобеинларнинг улуғи, саҳобаларни кўриб, улар билан яшаганлар.

Мазкур далиллардан маълум бўладики, тасбеҳ ишлатиш асло бидъат эмас, балки жоиз, ҳатто мустаҳаб бўлган ишдир. Чунки буни ман қиладиган бирорта далил йўқдир. Балки саҳобалардан келган хабарлар туфайли бу ишни қилиш марғуб амалдир. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан