loader
Foto

Закот моли сарф қилинадиган ўринлар

 

1. Фақирлар. Моли нисобга етмаган одам.

2. Камбағаллар. Ҳеч нарсаси йўқ одам.

3. Закотчилар. Давлат раҳбари томонидан закот йиғиш топшириғи берилган кишилар. Уларга ишига яраша закотдан берилади.

4. Мукотаблар. Маълум мол эвазига озод бўлишлари хусусида хожалари билан шартнома тузган қуллар.

5. Қарздорлар. Қарзини тўлашдан ожиз бўлган одамлар.

6. Аллоҳ йўлидагилар. Қўшиндан ажраб қолган аскар, йўлда қолиб кетган ҳожилар.

7. Ўз диёридан ва у ердаги мулкидан узоққа кетиб, уларни олиб келишдан ожиз бўлган мусофирлар.

Аллоҳ таоло:

“Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, унда (садақа ишида) ишловчиларга, қалблари улфат қилинадиганларга, қулларга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўқсил йўлчига Аллоҳтомонидан фарз қилингандир. Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир”, деган (Тавба сураси, 60-оят).

Закотни шароитга қараб айтиб ўтилганларнинг барчаси ёки баъзиларига шахсий мулк қилиб берилади. Жинни ва ёш болага закот бериб бўлмайди.

Закотни ўзи бермай, бировни унга вакил қилиш мумкин. Вакил қилинган одам мусулмон бўлиши керак. Вакилга закотни топшираётганда закотни ният қилиш лозим. Бунда вакил закотни ҳақдорга топшираётиб ният қилиши шарт бўлмайди.

Закотни Бани Ҳошим(Бани Ҳошим - Қурайш ичида энг нуфузли уруғ. Ҳошим ибн Абдуманоф - Расулуллоҳнинг боболари бўлган (Мухдммад алайҳиссалом ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф).)га, яъни Пайғамбар алайҳис-саломнинг қариндошлари" ва уларнинг озод қилган қулларига, ота-онага, бобомомога, ўғил-қизга, невара-чеварага, эр хотинига ва хотин эрига, ўзининг қулига, бойга ва унинг кичик ёшдаги боласи ва қулига, кофирга бериб бўлмайди. Зиммийга закотдан бошқа садақаларни бериш мумкин.

Кимки закотини узоқ ўйлаб-ўрганиб берганидан сўнг ўша закот олган одами закотга ҳақли эмаслиги маълум бўлиб қолса, закотини қайта бермайди. Аввалги берган закоти закот ўрнига ўтаверади. Аммо ўйламасдан закот берган бўлса-ю, кейин олган одам бунга ҳақли эмаслиги маълум бўлса, қайтадан закот беради.

Ўз қишлоғи ва шаҳрида камбағал кишилар бўла туриб, закотни бошқа қишлоқ-шаҳардаги муҳтож кишиларга юбориш макруҳдир. Фақат бошқа қишлоқ-шаҳардаги камбағаллар закот берувчининг яқинлари ёки ўз қишлоқ-шаҳридаги фақирлардан кўра қашшоқроқ бўлса, макруҳ эмас.

Фитр садақаси озод, нисоб миқдори мол-мулкка эга мусулмонга вожиб бўлади. Мазкур нисоб миқдоридаги мулкнинг кўпаювчи бўлиши ёки орадан бир йил ўтган бўлиши шарт эмас. Нисоб эгаси фитр садақаси нисобига қурбонлик ва нафақа харажатларини ҳам киритади. Закотда эса мазкурлардан ортган мулк нисоб ҳисобланади. Мол нисобга етиши билан садақа олиш ҳаром бўлади ва қурбонлик қилиш ҳамда муҳтож қариндошларга нафақа бериш вожиб бўлади.

Фитр садақаси миқдори 2 кг буғдой ёки 4 кг арпа ёки 4 кг араб хурмоси ёки 4 кг майиз ёки шуларнинг баҳосича қилиб белгиланган.

Фитр садақасини ота фақатўзи учун эмас, балки қанча болага эгалик қилиб, моддий жиҳатдан таъминлаб турган бўлса, ҳаммаси учун беради. Хотини ҳамда балоғатга етган фарзандлари, шунингдек, бой бўлган ёш фарзандлари учун бериш вожиб эмас. Лекин улар илтимос қилмаса ҳам, отанинг улар учун фитр садақасини бериши маъқул иш ҳисобланади. Чунки одатда бундай тўловларда улар отага кўпроқ таянадилар.

Фитр садақасини бериш Рамазон ҳайитининг биринчи куни тонг отиши билан вожиб бўлади. Ҳайит намозига чиқмасдан туриб бериш мустаҳабдир. Уни ҳайит кунидан аввал ҳам бериш мумкин, агар ҳайит кунидан кечиктирса ҳам барибир бериши керак. Тонг отгандан кейин камбағал бўлиб қолган киши ҳам фитр садақасини бериши керак. Тонг отишидан олдин туғилган ёки Исломга кирган киши ҳам беради. Кексалиги ёки хасталиги сабаб рўза соқит бўлган кишидан фитр садақаси соқит бўлмайди. Фитр садақаси закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан