loader
Foto

Пайғамбарларнинг мўъжизалари ҳақдир

Пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) мўъжизалари, авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Ҳадисларда ривоят қилинган, Иблис, Фиръавн, Дажжол каби Аллоҳ таолонинг душманларидан содир бўлган ва бўладиган хориқулодаларни (одатдан ташқари ишларга) мўъжиза, каромат демаймиз. Уларни ҳожатларни раво қилиш, деймиз. Чунки Аллоҳ таоло душманларининг ҳожатини, истидрож ва уларга уқубат (азоб) учун раво қилади. Улар чалғиб, яна ҳам кўп гуноҳ қилишади ва куфрга кетишади. Бунинг ҳаммаси жоиз ва мумкиндир.

Шарҳ: Мўътазила ва бидъат аҳли авлиёларнинг кароматини инкор қилади.

Мўъжиза, ўликни тирилтириш, тоғни йўқ қилиш каби фавқулодда (одатдан ташқари) ишларни қилиш ва ана шундай қилишга бошқаларни чорлашдир. Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг изни билан ана шундай ишларни қилишган.

Каромат ҳам хориқулода (ғайриодатий) ишдир, лекин унда (хориқулода ишларни қилишга) чорлаш бўлмайди. Валийларнинг каромати Пайғамбар (с.а.в.)нинг пайғамбарлиги рост эканлиги белгисидир. Чунки умматнинг каромати Пайғамбарнинг мўъжизасидир.

Валий Аллоҳ таолони таниган, Унинг сифатларини билган, ибодатларни мукаммал адо этадиган, гуноҳлардан сақланган, дунёвий лаззатлар ва шаҳватлардан, ғафлатдан, ўйин-кулгудан тийилган кишидир. Ҳазрат Умар (р.а)нинг мактуби билан Нил дарёсининг оқиши, у зот (р.а)нинг Мадинада масжид минбарида туриб Ниховандда (жой номи) аскарларини кўриб, қўмондонига: “Ё Сория! Тоғдан эҳтиёт бўл, сақлан!” дея уни тоғ ортидаги душман пистирмасидан огоҳлантиришлари ва масофа узоқлигига қарамасдан аскарларнинг ҳазрат Умар (р.а.) овозларини эшитиши, Холид ибн Валиднинг заҳар ичиб зарарланмаганлиги кабилар кароматдир. Бошқа саҳобалардан ҳамда аҳли сунна ва жамоа эътиқодидаги солиҳ мусулмонлардан ҳам ана шундай кароматлар содир бўлган.

Абу Али Журжоний бундай деган:

“Сен Ислом дини шариатида истиқоматда бўл, шариатдан оғма, кароматни (кўрсатишни) талаб қилма. Нафсинг каромат кўрсатишни истайди. Роббинг сендан истиқомат (шариатда собит бўлишинг)ни истайди.”

Шайх Сухровардий раҳимаҳуллоҳ “Авариф”да бундай дейди: “Кўп солиҳ кишилар ўзларидан олдин ўтган салафи солиҳлардан содир бўлган кароматларни эшитиб, ўзларига ҳам каромат ва хориқодалар насиб этилишини исташади. Ҳатто уларнинг баъзилари ўзларидан каромат содир бўлмагани учун қалблари шикастланиб, қилган амалларини нотўғри, деб ўзларини койишади. Агар улар кароматнинг сиррини билсалар эди, ундай қилмасдилар. Маълум бўлсинки, Аллоҳ таоло баъзи содиқ, солиҳ мусулмонларга каромат эшигини очади. Бунинг ҳикмати хориқода ва қудрати илоҳий далилларини кўриши боис имони, эътиқоди кучаяди, зуҳд ва тақвоси ортади, нафсоний истакларини амалга оширмайди. Имонида содиқ мўминнинг йўли нафсидан шариатда истиқоматда собит бўлишни талаб қилишдир. Шу кароматдир (иқтибос тугади).

Хулоса будир: шаръий амаллар илмини билиш дунёвий ишлар илмини билишдан яхшидир. Биринчисининг бўлмаслиги ё камлиги динига зарардир. Иккинчисининг бўлмаслиги нуқсон эмасдир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Мўминнинг фиросатидан эҳтиёт бўлинг. Зеро, у Аллоҳнинг нури билан қарайди”, дедилар (Термизий) ва бу оят каримани тиловат қилдилар:

“Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир” (Ҳижр сураси, 75-оят)”.

Имоний фиросат Аллоҳ таоло мўминнинг қалбига соладиган нурдир. Фиросатнинг ҳақиқати мўминнинг қалбига бирдан келадиган фикрдир. Кимнинг имони кучли бўлса, фиросати ҳам ўткир бўлади. Абу Сулаймон Дароний раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Фиросат нафснинг огоҳлиги пинҳон (яширин) нарсаларни кўришидир. Фиросат имон мақомларидан бир мақомдир” (иқтибос тугади).

Иблиснинг шарқу ғарбдаги инсонларни бирдай, осон васваса қилиши, одам боласининг томирларида юра олиши, Фиръавннинг Нил дарёсини хоҳлаган тарафига оқизиши каби хориқу-лодат ҳолатлар Аллоҳ таолонинг улар хожатини раво қилишидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

“Фиръавн ўз қавмига шундай нидо қилди: «Эй қавмим! Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар меники эмасми?! Ахир, кўряпсизларми?!” (Зухруф сураси, 51-оятп)

Ҳикоя этиладики, Фиръавн саройига отда чиқишни ёхуд тушишни истаса, отнинг оёқлари хоҳишига кўра узаяр ва қисқарар экан.

Ҳадисларда Дажжол чиққан вақтида инсонни ўлдириб, тирилтириши ривоят этилган. Биз Аллоҳ таолонинг душманларидан содир бўлган ва бўлажак ҳолатларни мўъжиза ва каромат демаймиз, чунки мўъжиза пайғамбарларга, каромат авлиёларга хосдир. Уларни Аллоҳ таолонинг улар ҳожатини раво айлаши деймиз. Чунки Аллоҳ таоло душманларининг ҳожатини уларни охиратда азоблаш, дунёда истидрож (ҳалокатга аста-аста яқинлаштириш) учун раво қилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

“Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ўзлари билмай қоладиган тарафдан секин-аста ҳалокатга олиб борурмиз” (Аъроф сураси, 182-оят). Яъни, уларга кўп неъмат ва узоқ умр бериб, азоб ва ҳалокатга аста-секин яқинлаштирамиз. Улар ўзларига берилган неъматларни ва узоқ умрни эҳсон ва Аллоҳ таолога яқинлашиш деб ўйлаб қолишади. Аслида эса, у Аллоҳ таолодан узоқлашиш хизлон (бетавфиқлик) эканини билишмайди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар: “Аллоҳ таоло гуноҳида давом этаётган кишига истагани неъматларни бераётганини кўрсангиз, билингки, у истидрождир”. Сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу оятни ўқидилар:

“Энди - ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, уларга барча нарсаларнинг эшикларини очиб қўйдик” (Анъом сураси, 44-оят).

“Токи уларга берилган нарса (нозу неъмат)лар билан шоду хуррам бўлиб турганларида, уларни бирдан забт этдик. Бас, (энди) улар ноумиддирлар” (Анъом сураси, 44-оят).

Аллоҳ таолонинг душманлари ўзларини берилган хориқода ва неъматлар сабабли исёнларини ва куфрларини орттиради. Буларнинг ҳаммаси жоиз ва мумкиндир.

Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ ҳадиси шарифда зикр этилгани учун Иблис ва Фиръавнни зикр этганлар. У ҳадиси шариф будир: Суддийдан ривоят этилади: «Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ (с.а.в.)га бундай деганлар: “Аллоҳ таолонинг бандаларидан иккитасидан нафратланганим каби бошқалардан нафратланмадим. Уларнинг бири жинлардандир, иккинчиси инсонлардандир. Жинлардан бўлгани Иблисдир, У Одам алай-ҳиссаломга сажда этишдан бош тортганда ундан нафратландим. Инсонлардан бўлгани Фиръавндир. У: “Мен сизнинг энг буюк Роббингизман” деганида ундан нафратландим”.

Билки, илоҳлик даъвосини этувчидан хориқулода ҳолат содир бўлиши жоиз, лекин пайғамбарликни даъво этган кимсадан хориқулода содир бўлиши жоиз эмасдир. Зеро, пайғамбарликни иддао этувчидан хориқулода пайдо бўлса, Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарни таниш мушкул бўларди. Лекин илоҳликни даъво этадиган кишидан баъзи хориқулода содир бўлса ҳам, Аллоҳтаолони таниш мушкул бўлмайди. Зеро, ақлли ҳар бир инсон илоҳликни даъво этаётган кимса ноқис, ожиз эканини билади. Шунинг учун у минг марта хориқулода кўрсатса ҳам, унинг илоҳ эмаслигини билади.

Фавқулодда иш мўъжиза бўлгани каби, одат бўлган ишни қилишдан тийилиш ҳам, агар бирор сабабдан бўлмаса, мўъжиза бўлади. Масалан, Закариё алайҳиссалом уч кун одамлар билан сўзлашишдан тийилганлар. Закариё алайҳиссаломнинг гапирмай, фақат ишора билан сўзлашлари Аллоҳ таоло у зотга (алай-ҳиссалом) бир фарзанд ато этишига бир ишора бўлган. Бу ҳам мўъжиза дейилади.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан