loader
Foto

Таълиқ сабабли талоқ тушиш масаласи

Ҳозирги кунда одамлар орасида ихтилоф чиқараётган тоифаларнинг қилаётган ишларидан яна бири эр талоқни таълиқ қилганда талоқ тушмайди, балки қасам бўлади дейишларидир.

"Таълиқ талоқ қилиш" деган талоқ тарзининг кўриниши қуйидагича: эр хотинига "Агар уйдан чиқсанг талоқсан" ёки "Агар фалон ишни қилсам, хотиним талоқ бўлсин", "Фалон ишни қилмасам хотиним талоқ бўлсин" каби талоқни бирор ишга боғлаб қўйишдир.

Мазкур тоифалар мана шундай ҳолатда талоқ тушмайди. Агар эр шундай шартли талоқ қўйса ва ўша шарт қилинган иш содир бўлса, қасам бўлгани учун талоқ тушмайди, балки эр каффорат тўлайди, деган даъвони илгари сурадилар. Улар бу даъволарига эътиборли уламолар томонидан раддияга учраган саноқли олимларнинг гапини далил қилиб келтирадилар.

Бироқ Ислом оламининг қадимда ва ҳозирдаги мўътабар ва эътироф этилган тўрт мазҳаб уламолари бундай ҳолатда ўша иш содир бўлса, талоқ тушишини таъкидлаб айтганлар.

Таълиқ талоқ қасам бўлади деган киши Ибн Таймия бўлгани боис унга аллома, ҳофиз, фақиҳ Абул Ҳасан Тақийюддин Субкий раҳимахуллоҳ раддия ўлароқ "Ад-Дурратул музийя фир родди ала Ибн Таймия” номли китоб ёзган. Мана шу китобда Ибн Таймия раҳимахуллоҳнинг таълиқ талоқ борасидаги хатоларини далиллар билан баён қилган бўлиб, улар билан қуйида танишиб чиқамиз:

Таълиқ сабабли қасам эмас, талоқ тушишига умматнинг ижмоси бор. Бир ёки икки кишининг унга қарши чиқиши ҳеч қандай ҳукмни ўзгартира олмайди.

Булардан ташқари аллома бир қанча мужтаҳид ва уларнинг мақомидаги зотларнинг таълиқ билан талоқ тушишига ижмо борлигини айтганларини нақл қилиб келтирган. Жумладан, Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий, Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Абу Бакр ибн Мунзир, Имом Раббоний Муҳаммад ибн Наср Марвазий, Имом, ҳофиз Абу Умар ибн Абдулбар розияллоҳу анҳумлар бу борада умматнинг ижмоси борлигини нақл қилишган.

Демак, бутун уммат таълиқ сабабли талоқ тушишига ижмо қилган экан, унга хилоф тарзда фатво айтиш мумкин эмас. Чунки ижмо ислом шариатида энг катта ҳужжатлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу умматни хато гaп устида бирлашишларидан муҳофаза қилган. Ҳатто айрим уламолар ижмога хилоф қилишни куфр дейишган. Фатво берувчининг шартларидан бири мутақаддим уламоларнинг сўзларига зид бўлган фатвони бермасликдир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Кимга ҳидоят аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса ва мўминлар йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у! (Нисо, 115-оят).

Умматнинг ижмосига хилоф қилиш мўминлар йўлидан ўзгасига эргашиш бўлади. Ва шундай ишни қилган кимса оятдаги ваъидга тушиб қолади.

Ибн Таймия ўзининг даъволарида ёлғиз эмаслиги, уни бир қанча олимлар ҳам айтишганини айтган. Бироқ ўша олимлар унинг гапини аксини айтганлари саҳиҳ тарзда нақл қилинган.

Бу даъвони айтадиганлар таълиқ талоқ билан талоқ тушишини бирорта саҳоба айтмаган дейди. Ҳолбуки, "Саҳиҳи Бухорий”да Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг талоқ тушиши борасида фатволари бор:

Нофеъ раҳимахуллоҳ айтади: “Бир киши хотинига “Агар (уйдан ташқарига) чиқса, боин талоқдир", деб талоқ қўйди. Ибн Умар розияллоҳу анҳуучо “Агар ташқарига чиқса, боин талоқ тушади. Агар чиқмаса, ҳеч нарса бўлмайди”, деганлар".

Бирорта саҳобий Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг бу фатвосига қарши чиқмаган.

"Сунани Байҳақий"да саҳиҳ санад билан Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келган:

“Бир киши хотинини "Агар фалон ишларни қилса, талоқ"деб айтган. Хотини ҳам шу ишларни қилган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Аёл бир талоқ бўлибди ва эр уни қайтиб олишга ҳақли", деди"

Мазкур ҳадисда ҳам Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кишининг айтган таълиқ талоғидан бир талоқ тушди, деб жавоб берганлар. Қасам бўлади, каффорат берсин демаганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда шундай дейилади:

"Талоқ ва итоқ (қул озод қилиш) йўқ бўлган барча қасам, ҳар қанча катта бўлмасин, унда каффорат бўлади”. (Ибн Абдулбар, "Тамҳид”, “Истизкор”). Оиша розияллоҳу анҳо қасамлар ичидан талоқ ва итоқни истисно қилдилар.

Бундан ташқари яна бошқа кўплаб асарлар келганки, уларни ҳаммасини келтириш имконсиздир.

Қасам бўлади деган тоифалар Оиша розияллоҳу анҳонинг бу сўзларидаги "Талоқ ва итоқ йўқ бўлган" деган жойини олиб ташлаб туриб тарқатишади. Улар-даги бундай журъат қаердан пайдо бўлган экан?! Аллоҳ асрасин.

Саҳобалар даврида бу турдаги талоқ билан талоқ тушиши бўйича фатво берилган экан. Тобеъинлар розияллоҳу анҳум ҳам бир овоздан талоқ тушишини айтганлар. Яъни уларнинг ижмоси собит бўлган. Саъид ибн Мусаййиб, Ҳасан Басрий, Ато, Шаъбий, Шурайҳ, Саъид ибн Жубайр, Товус, Мужоҳид, Қатода, Зуҳрий розияллоҳу анҳумлар талоқ тушишини айтганлар. Мадинанинг етти фақиҳлари бўлмиш Урва ибн Зубайр, Қосим ибн Муҳаммад ибн Зайд, Абу Бакр ибн Абдурраҳмон, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Сулаймон ибн Ясор розияллоҳу анҳумлар ҳам талоқ бўлишини таъкидлаганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг буюк шогирдлари Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда Салмоний, Абу Воил Шақиқ ибн Салам каби зотларнинг таълиқ талоқда талоқ тушади, деган гаплари нақл қилинган. Юқоридаги сўзлардан маълум бўладики, на саҳоба ва на тобеин таълиқ талоқ билан қасам бўлишини айтмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган аввалги уч асрдаги барча уламои киромларнинг бирортасидан таълиқ талоқ қасам бўлиб, таълиқда айтилган иш топилса, каффорат тўлайди, талоқ тушмайди, деган гап келган эмас.

Шундан маълум бўладики, Ибн Таймия ва у кабиларнинг айтган фатволари қабул қилинмайди. Унинг бу борада айтган гапларини ҳукм сифатида қабул қилиш катта хато ва тойилиш аналади.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан