loader
Foto

Ишончли ровийлардан ривоят қилиш ва каззоб ровийларни тарк қилиш вожиблиги

Аллоҳ сенга тавфиқ берсин! Билгинки, ривоятларнинг саҳиҳи билан иллатлиси орасини, ҳадисларнинг ишончли ровийларини муттаҳам ровийларидан ажрата олган ҳар бир кишига фақат дуруст ровий ва адолатли ноқил деб билган кишилардан ҳадис ривоят қилиб, муттаҳам бидъатчи гумроҳлардан нақл қилинган ривоятлардан сақланиши вожиб бўлади.

Юқорида «Бу лозим унинг хилофи эса дуруст эмас»(Мусанниф бу ерда «Сиқа ровийларнинг ривоятини қабул қилиб, муттаҳам бидъатчиларнинг ривоятини тарк қилиш лозим», деган мазмундаги юқорида баён қилган сўзига ишора қилмокда.) деб баён қилган сўзимизнинг далили Аллоҳ жалла зикруҳунинг ушбу сўзидир: «Эй иймон келтирганлар! Агар бир фосиқ бирор хабар келтирса, аниқлаб олинглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишингизга надомат чекувчи бўлманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят). Аллоҳ таоло яна: «Ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан» (Бақара сураси, 282-оят) деган. Яна У Зот: «Ўзларингиздан икки адолатлини гувоҳ қилинглар» (Талоқ сураси, 2-оят) деган. Биз зикр қилган ушбу оятлар фосиқнинг хабари эътиборсиз, мақбул эмаслигига, адолатсиз кимсанинг гувохдиги эса мардуд эканига далолат қилади. «Хабар»нинг маъноси «шаҳодат»нинг маъносидан айрим жиҳатларда фарқ қилсада, лекин асосий маъноларда у иккиси муштаракдир. Чунки фосиқнинг шаҳодати билиттифоқ мардуд бўлгани каби у келтирган хабар ҳам аҳли илмлар наздида номақбулдир.



Шарҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ юқорида ўзидан муҳаддис ясаб олган кишиларни ўта қоралаган эди. У: «Аллоҳ сенга тавфиқ берсин! Билгинки» деган сўзи орқали айнан ўша кимсалар борасида яна сўзни давом эттириб: «Ишончли ва комил забтли ровий - ёлғончи муттаҳам гумроҳ ва бидъатчи ровийларнинг ривоятидан ўта ҳазар қилиши лозим бўлади», демокда.

«Муттаҳам» сўзидан кейин келган (вал муъонидина) сўзига «умумдан кейинги тахсис» дейилади. Бу икки сифатдаги ровийлар аҳли бидъат ҳисобланадилар.

Ровийларнинг адолатига таъсир қиладиган тўртта нарса бор:

1. Ёлғончилик;

2. Ёлғон билан туҳмат қилиниш;

3. Фосиқлик;

4. Бидъатчилик.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ мазкур матнда «бидъатчи» атамасини қўллади. «Бидъат» сўзи луғатда «янги ихтиро қилинган нарса», деган маънони англатади. Унинг шаръий истилоҳий таърифи қуйидагичадир: «Бидъат - саҳоба ва тобеъинлар даврида бўлмаган, салафлар халафлардек унга муҳтож бўлишмаган ва бугун инсонлар савоб ниятида қилаётган динда янги пайдо қилинган ҳар қандай ишдир». Бу таърифдаги бидъат шаръий бидъат ҳисобланиб, унинг барчаси «саййиа» бидъатдир, яъни унинг орасида бидъати ҳасанаси мавжуд эмас.

Бидъатнинг шаръий таърифида келган ибораларга қуйида бирма-бир тўхталиб чиқамиз: «салафлар халафлардек унга муҳтож бўлишмаган», яъни салафлар халафлар каби у ишни қилишга муҳтож бўлишмаган бўлса, халафларга у ишни қилиш зарурий бўлади, яъни бидъат бўлмайди. Бунга наҳв сарф ва бошқа янги илмларни мисол қилиб келтириш мумкин. Салафлар наҳв илмига халафлардек муҳтож бўлишмаган. Халафлар эса унга ўта эҳтиёж сезишган. Демак, наҳв фани бидъат эмас заруратдир. Шунингдек, масжид ва мадрасаларни барпо қилишни ҳам шунга мисол қилиш мумкин.

«...бугун инсонлар савоб ниятида қилаётган», деган иборадан «салафлар ҳам, халафлар ҳам уни қилишга эҳтиёж сезишгану, бироқ улар уни савоб умидида қилмаганлар», деган маъно тушунилади. Масалан, азон айтишдан олдин дуруд ўқиш, жума намозини ўқигандан кейин саломлашиш, калимаи шаҳодатни азонда айтгандан кейин бош бармоқларни ўпиб, уни қошга суртиш, ўн бир, қирқ ва бошқа динда янги ихтиро қилинган нарсаларни динда бор, деб бажариш бидъат саналади.

Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ат-Таърифот» асарида «бидъат» сўзига бундай таъриф берган:

«Бидъат - саҳобалар, тобеъинлар қилмаган ва шаръий далил тақозо этмаган, (динда) янги пайдо қилинган ишдир».

Шаръий истилохдаги бидъат икки қисмга бўлинади: 1. (Бидъатун мукаффиратун) «Диндан чиқарувчи бидъат»; 2. (Бидъатун муфассиқатун) «Фосиқ қилувчи бидъат».

(Бидъатун мукаффиратун) - диннинг бирламчи ҳукмларидан бирини инкор қилишга олиб борувчи бидъат бўлиб, у ўз соҳибини куфрга киргизиб қўяди. Масалан, исно ашарийларнинг рофизийлари, ботинийлар, қаромита, оғахоний, қодёний ва баъзи хорижий, мўътазилий оқимларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

(Бидъатун муфассиқатун) - инсонни фосиқликка олиб борувчи бидъат. Бунга шиалардан «Алий розияллоҳу анҳуни бошқалардан устун», деб эътиқод қилувчи тоифасини мисол сифатида келтириш мумкин.

Бидъатчиларнинг ривоятини олиниши ёки олинмаслиги борасида муҳаддисларнинг икки хил қараши мавжуд: биринчиси, баъзи муҳаддислар ҳар қандай бидъатчининг ривояти олинмайди, деганлар.

Иккинчиси, «бидъатун муфассиқатун», яъни фосиқ бидъатчининг ривояти қуйидаги шартлар билан қабул қилинади деганлар:

1. Бидъатчи, лекин бошқаларни унга тарғиб қилмайдиган кишининг ривояти;

2. Бидъатчи, лекин ўзининг мазҳабини кенг тарқатиш учун ҳадис тўқишни мубоҳ деб билмайдиган кишининг ривояти;

3. Бидъатчининг ривояти билан қандайдир бидъат амал қўллаб-қувватланмаслиги;

4. Бидъатчининг ривояти қайсидир шаръий далил ёки мутавотир ҳукмга хилоф бўлмаслиги;

5. Бидъатчи амалий фисққа мубтало (яъни намоз, рўза каби амалларни тарк қиладиган) бўлмаслиги. Шунингдек, у адолатли, забтли, тақволи бўлиши лозим. Бундай инсон эътиқодий таъвилга мубтало бўлади, яъни шаръий далилларни ўзининг эътиқодига мослаб таъвил қилишга одатланган бўлади. Муҳаддислар мазкур тоифадаги бидъатчиларнинг ривоятини қабул қилганлар.

Алий ибн Мадиний раҳматуллоҳи алайҳ: «Мўътазилий бўлгани сабабли басраликларнинг ривояти, шиа бўлгани туфайли куфаликларнинг ривояти тарк қилинса, унда барча ҳадисларни тарк қилишга тўғри келиб қолади», деган.

Имом Муслим ва Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳларнинг китобларини ўқиб, ўрганган баъзи тез характерли кишилар шоша-пиша: «Фалончи ровий шиа, фалончи ровий мўътазила» дейди. Аслида, бугунги шиалар билан илк даврдаги шиаларнинг катта фарқи бўлган. Чунки «шиа» сўзи «гуруҳ» деган маънони англатади. Аввалда, Алий тарафдорларига «шиату Алий», Муовия тарафдорларига «шиату Муовия» дейилган. Демак, «шиа» сўзи борасида чуқурроқ тафаккур юритиш лозим бўлади. Ровийлар ҳақидаги китоблардан «шиа» сўзини эшитиб, бугунги куннинг шиаларини тасаввурига келтириб катта-катта муҳаддисларнинг ривоятларини «У шиа бўлган», деб тарк қилиш мумкин эмас.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ажойиб шеъри бор:

«Муҳаммад олини яхши кўриш рофизийлик бўлса,

Инс ва жин гувоҳ бўлсинки, мен, албатта, рофизийман».

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ юқорида «Саҳиҳ ва заиф ровийларнинг бирини иккинчисидан фарқлай оладиган киши ишончли ровийдан ҳадис ривоят қилиши вожиб бўлади. У гумроҳ, муттаҳам, бидъатчи ровийлардан ривоят қилмасин», деган даъвони ўртага ташлаб, унга Қуръони Каримдан учта оятни далил сифатида келтирди. Шундан кейин у: «Биз зикр қилган ушбу оятлар фосиқнинг хабари эътиборсиз, мақбул эмаслигига, адолатсиз кимсанинг гувоҳлиги эса мардуд эканига далолат қилади», деди.

Бу ўринда шундай савол пайдо бўлади: «Имом Муслим томонидан даъвога далил сифатида келтирилган илк оят мавзуга алоқадор. Чунки унда адолатсиз фосиқнинг хабарига эътибор берилмайди, дейилган. Лекин иккинчи ва учинчи оятлар шаҳодат ва гувоҳликка тегишли бўлиб, уни қандай қилиб адолатсиз, фосиқ кишининг хабарини қабул қилинмаслигига ҳужжат қилиш мумкин?

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу саволга қуйидаги ибора билан жавоб берган: «Хабар»нинг маъноси «шаҳодат»нинг маъносидан айрим жиҳатларда фарқ қилса-да улар муштаракдир». Демак, «шаҳодат» ва «хабар» бир неча жиҳатдан бир-биридан фарқланса-да, лекин асосий жиҳатда у иккиси муштаракдир. Шу жиҳатдан шаҳодатга алоқадор оятни ривоят ва хабарни қабул қилинишига далил қилиб келтириш мумкин бўлади.

«Шаҳодат» ва «хабар» ўртасидаги фарқлар қуйидагилардир: 1. Шаҳодатда маълум адад шарт, лекин хабарда бу шарт эмас; 2. Шаҳодатда ҳурлик шарт қилинади, лекин ривоят ва хабарда бу шарт қилинмайди; 3. Шаҳодатда кўз билан кўрган бўлиши шарт, хабарда эса бу шарт қилинмайди; 4. Шаҳодатда гувоҳлар эркак киши бўлиши талаб килинади, хабарда бу шарт эмас; 5. Шаҳодатда адоват гувохликка ўтишга монелик қилади, ривоят ва хабарда бу шарт эмас;

6. Шаҳодатда яқин қариндошларнинг бири иккинчисига гувоҳ бўла олмайдилар, ривоят ва хабарда бу шарт қилинмайди.

Мазкур фарқлар билан бир қаторда шаҳодат билан хабар ўртасини боғлаб турадиган ўхшаш жиҳатлар ҳам мавжуд бўлиб, у ровийни ҳам, гувоҳнинг ҳам адолатли бўлишидир, яъни шаҳодат эътиборли бўлиши учун гувоҳ адолатли бўлиши шарт қилинганидек, хабар мақбул бўлиши учун ҳам ровийни адолатли бўлиши шарт қилинади. Жумладан уммат уламолари фосиқнинг гувоҳлигини рад этишгани каби, фосиқнинг хабарини ва ривоятини қабул қилмаганлар. Шу боис Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ шаҳодатга алоқадор мазкур икки оятни хабарни кабул бўлишига далил сифатида келтирганлар. Бундан ташқари шаҳодатга алоқадор мазкур оятларни ровийнинг хабарини қабул қилинишига далил қилиш мумкинлигига ақлий далил ҳам мавжуд, яъни дунёвий муомалаларда гувоҳнинг адолатли бўлиши шарт экан, диний муомалаларда ҳам, яъни ҳадисларни ривоят қилишда ҳам ровийнинг адолатли бўлиши талаб қилинади.

(ас-ситора) сўзи «сақлаш, муҳофаза қилиш», деган маъноларни англатади.



Мазкур даъвога суннатдан далил



Қуръон фосиқнинг хабарини рад этишга далолат қилгани каби, суннат ҳам хабарларнинг мункарини ривоят қилмасликка далолат қилади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган машҳур ҳадисдир: «Ким ёлғон деб гумон қилинган «ҳадис»ни менинг номимдан ривоят қилса, у ёлғончилардан биридир».

Шарҳ:

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг даъвосига иккинчи далилни такдим қилмоқда. Биринчи далил Қуръони Каримдан келтирилган бўлса, иккинчи далил ҳадиси шарифдан келтирилмокда. Бу далилнинг хулосаси шундай: «Қуръони Карим оятлари фосиқнинг хабари қабул қилинмаслигига ҳужжат бўлгани каби, мазкур ҳадиси шариф ҳам фосиқ, каззоб ровийнинг ривояти рад этилишига далолат қилади. Ахир каззобнинг жойи жаҳаннамдир». Мазкур ҳадиси шарифнинг санади қуйидагичадир:

1. Бизга Абу Бакр ибн Абу Шайба сўзлаб берди: «Вакиъ бизга Шуъбадан, у Ҳакамдан, у Абдураҳмон ибн Абу Лайлодан, у эса Самура ибн Жундубдан ривоят қилиб сўзлаб берган». Таҳвил.

Яна Абу Бакр ибн Абу Шайба уни бизга сўзлаб берди: «Вакиъ бизга Шуъба билан Суфёндан, улар Ҳабибдан, у Маймун ибн Абу Шабибдан, у эса Муғира ибн Шуъбадан ривоят қилиб сўзлаб берган. Иккови: «Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар», деб ривоят қилганлар.

Шарҳ:

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким ёлғон деб гумон қилинган «ҳадис»ни менинг номимдан гапирса, у ёлғончилардан биридир», деган ҳадисни дастлаб санадсиз нақл қилиб, сўнгра унинг икки санадини зикр қилди. Ҳадис матнини биринчи келтириб, кейин унинг санадини зикр қилиш ғайри одатий нарсадир. Бу ҳадисдан ташқари «ёлғончи ва фосиқнинг хабари мақбул эмас», деган даъвони асослашга Имом Муслим бешта ҳадис келтирган.

Ҳадисдаги (юро) сўзини «яро» деб маълум сийғада ҳам, «юро» деб мажҳул сийғада ҳам ўқиса бўлади. У маълум сийғада ўқилса, «Ким ёлғон деб билган ҳадисни» деган маънони англатади. Борди-ю, мажҳул сийғада бўлса, ҳадис «Ким ёлғон деб гумон қилинган ҳадисни» деган маънони билдиради.

(ал-козибийна) сўзини икки хил шаклда, яъни кўпликда ҳам, иккиликда ҳам ўқиш мумкин. Кўпликда ўқилса, ҳадис «у ёлғончилардан биридир», деган маънони англатади. У иккиликда ўқилса, ҳадис «у икки ёлғончидан биридир» деган маънода бўлади. Бунда биринчи ёлғончи у ҳадисни тўқиган киши бўлса, иккинчи ёлғончи у ҳадисни ривоят қилган ровий бўлади.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни «асар» деб атади. Ҳолбуки, жумҳур муҳаддислар истилоҳида «асар» деб саҳобийларнинг сўзини ҳам, марфуъ ҳадисни ҳам қамраб оладиган мутлақ ривоятга айтилади.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғлаш орқали уни марфуъ ҳадис эканига ишора қилган. Хуросон фақиҳлари «хабар» билан «асар» ўртасини фарқлаб, «хабар» деб марфуъ ҳадисга, «асар» деб саҳобийлар сўзларига айтилади», деганлар.

Ровийлар орасидаги Абдураҳмон ибн Абу Лайло борасида Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: «У катта тобеъинлардан бўлган». Абдулмалик ибн Умайр: «Абдураҳмон ибн Абу Лайлони дарс ҳалқасида кўрдим. Унинг атрофида жуда кўп саҳобаи киромлар жим ўтиришиб, ундан ҳадис эшитишаётган эди. Улар орасида Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ҳам бор эди», деган.

Саҳобийлар орасида «Абу Лайло», деган кунялик саҳобий ҳам бўлган. Унинг исми Ясор бўлиб, Сиффин жангида шаҳид бўлган. Яна бир «Абу Лайло» кунялик киши бор, кўпинча унинг номи фиқҳий китобларда такрор-такрор келади. Лекин у ҳадисда моҳир бўлмаган, балки заиф ровий ҳисобланган.

Мазкур ҳадисдаги Абдураҳмон ибн Абу Лайло 83/702 йил вафот этган.



«Таҳвийл» борасида сўз



Муҳаддислар истилоҳида ҳадис санадини зикр қилиш асносида бир санаднинг тариқидан иккинчи санаднинг тариқига ўтишга (таҳвийлун) «ўзгартириш, ўтказиш» дейилади. Муҳаддислар чўзиб юбормаслик мақсадида «таҳвийл»дан фойдаланишиб, бир неча санадларни бир жойга жамлаб, охирида ҳадис матнини зикр қилганлар. Бунда жумҳур муҳаддисларнинг фикрича, келтирилган матн биринчи қайд қилинган санадга тегишли бўлади. Баъзи муҳаддислар: «Таҳвил билан келтирилган санадлар орасида қайси бир санад олий бўлса, матн ўша санадга тегишли бўлади», деганлар.

Сиҳоҳи ситта тўпламлари ичида «таҳвийл» атамаси энг кўп қўлланилган тўплам Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг «Саҳиҳи Муслим» асаридир. Ундан кейин «Саҳиҳул Бухорий», сўнгра «Сунани Абу Довуд», сўнгра «Сунани Термизий» туради.

Муҳаддислар чўзилиб кетишдан сақланиш мақсадида (таҳвийлун) сўзини (ҳо) ҳарфи билан ифодалашган. Қайси бир ҳадис санадида (ҳо) ҳарфи ёзилган бўлса, ундан ҳадиснинг санади ўзгараётганини тушунамиз. Баъзан (ҳо) ҳарфи санаднинг охирида келади. Бунга мазкур ҳадисда Самура ибн Жундуб розияллу анҳудан кейин (ҳо) ҳарфи қўлланилиши мисол бўлади. Баъзан (ҳо) ҳарфи санаднинг аввалида, баъзан санаднинг ўртасида келиши мумкин.

Муҳаддислар (ҳо) ҳарфи қайси сўзнинг қисқартирмаси экани борасида ҳам турли қарашларни илгари сурганлар. Жумладан, баъзи муҳаддислар: (ал-ҳадису) «ҳадисни охиригача ўқи» деган мазмундаги сўзнинг қисқартирмаси» десалар, яна баъзи муҳаддислар: «У (таҳвийлун) «санад ўзгариб, иккинчи санад келмоқда», деган маънодаги сўзнинг қискартирмаси, деганлар. Баъзилар: «У аслида (ҳо) эмас, балки бошқа санадга ишора қилувчи (охару) «бошқа» сўзининг қисқартирма шакли (хо) бўлган», деганлар. Ва яна баъзилар: (хо) ҳарфи ҳадиснинг охирига ишора қилади», деганлар.

Муҳаддислар (ҳо) ҳарфини қандай ўқилиши борасида ҳам ихтилоф қилганлар. Баъзилар уни мад билан (ҳоо) деб ўқиса, баъзилар мадсиз (ҳо) деб ўқиганлар. Ва яна баъзилар: (ҳо) ҳарфи (таҳвийлун) деб ўқилади» деганлар. Энг рожиҳ ва машҳур қарашга кўра, уни мадсиз (ҳо), деб, кетидан (қола) «деди» сўзини ўқишдир, яъни (ҳо қола) тарзида бўлади.

(ҳаддасанаҳу) сўзидаги «ҳа» замир, «машҳур асар»га қайтади. (қолаа) сўзидаги тасния замир икки саҳобий, яъни Самура ибн Жундуб ва Муғира розияллоҳу анҳуларга тегишлидир. Ҳар икки санадни тўлиқ айтгандан кейин, (қолаа) деб иккилик сийғасида феълни айтиш мумкин.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ушбу муқаддимада 92 та ривоятни жамлаган.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан