loader
Foto

Бидъат масаласи

Ҳозирги кунда бидъат сўзи кўпчилигимизнинг қулоғимизга тез-тез эшитилиб туриши сир эмас. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам билмаган ҳам, тушунган ҳам тушунмаган ҳам ишлатмоқда. Хўш, бидъат ўзи нима? Унинг луғавий, шаръий маънолари ҳамда унинг турлари, келиб чиқиш сабаблари-ю, оқибати ҳақида қуйида сўз юритамиз. Аввало, бидъатнинг луғавий маъноси ҳақида:

Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг "Фатҳул Мубийн” номли асарларида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирганлар:

"Бидъат сўзи луғатда - ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш", деган маънони беради.

"Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатни луғавий маъносини

"Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш" деб келтирганлар. Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда бўлсин, хоҳ одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар. Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.

Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.

Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, Жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки, булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.

Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.

Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга ҳаддан ошиқ зийнат бериш.

Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзили-ни ўта чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан ҳоли бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки, шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.

Бидъатнинг шаръий - истилоҳий маънолари.

Бидъатнинг шаръий - истилоҳий маъноларини "Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:

"Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш".

"Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш"

"Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш"

Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар иккита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.

“Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир". Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.

"Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир".

Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса, масалан, машина, телефон ёки турли фойдали жиҳоз ва ускуналар ўйлаб топиб ихтиро қилса, "Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир", қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади. Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, "Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир", қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.

Шу ўринда баъзи уламоларни бидъатни ҳақиқий ва изофийга тақсимлаб, динда мутлақо асоси бўлмаган амалларни ҳақиқий бидъат десалар, динда асоси бор бўлиб, лекин унга турли қайдлар, қўшимчалар қўшилиши натижасида вужудга келган бидъатларга бўлган-лигини айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, маййитга савоби етсин учун унинг номидан садақа қилиш. Бунинг асоси динда бор бўлиб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қабрдаги маййит худди ёрдам сўраб гарқ бўлаётган кишига ўхшайди. Отаси, ёки онаси, ёки туғишгани, ёки дўстидан унга етадиган дуони кутиб туради. Агар дуоунга етиб келса, буунингучун дунё ва ундаги нарсалардан кўра севимли бўлади. Аллоҳ таоло тирикларнинг дуоларини қабр аҳлига тоғдек қилиб етказади. Тирикларни ўликларга ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир” дедилар" ("Мишкотул масобиҳ", Имом Байҳақий ривояти).

Фойда: Ушбу ҳадисда тирикларнинг амаллари хоҳ дуо бўлсин, хоҳ молиявий тоат бўлсин, хоҳ баданий ибодат бўлсин вафот этганларга наф бериши ошкора баён этилган.

Тирикларни маййитга садақа қилишлиги ва унинг савоби етиши ҳақ бўлса-да, лекин садақани махсус кунларга қайдлаш, ўша кунларда қилиш керак деб билиш яна унга қўшимчалар қўшишни изофий бидъат деганлар.

Бидъатнинг турлари.

"Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳайтадилар: "Имом Байҳақий Имом Шофеийдан нақл қилиб айтганлар: "Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки "Муҳдасоту маҳмда" яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир", деганлар.(Қасталоний, 1-жуз, 203 б.)

Имом Муслим Жарир ибн Абдуллоҳдан қилган ривоятда:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас уучунунинг ажри ваундан кейинунга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди. Ким исломда ёмон йўлни жорий қилса, унга унинг гуноҳи ва ундан кейин бунга амал қилганларнинг ҳам гуноҳи бўлади, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарса камайтирилмайди" (Имом Муслим ривояти).

Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат). Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимахуллоҳ: "Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътикрдни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади" деганлар ("Фатҳул Борий” китоби, 4-жилд, 253-саҳифа).

Бидъати ҳасана - бунга ҳазрати Умар розияллоху анхунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган Таровеҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: "Қандай яхши бидъат бўлди”, - дедилар.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса - шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, шариатимизда рад этилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам айтдилар:

“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади" (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш китобу суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса бас, у рад қилингандир. Аммо, дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш гарчи китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да зинҳор бидъат дейилмас экан. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, агар киши диндаги бирор амални "диннинг ажралмас бир қисми, уни бажармаслик суннатга хилоф" деб эътиқод қилмай бажариб юрса ҳам, биз уни бидъатчи, залолатдаги киши деб қарамаймиз. Масалан, саҳобалардан бирлари намознингҳар ракатида "Ихлос" сурасини қироат қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом буни билган ҳолда у саҳобани бу ишдан қайтармаганлар. Чунки мазкур саҳоба бу амални суннат деб эмас, балки ихлос сурасига муҳаббат қилганлигидан ўқиб юрганлар (Саҳиҳ Бухорий, "Бир ракатда икки сурани жамлаш боби"). Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам "талбия"да маъсур лафзлардан ташқари қўшимча:

лафзларини айтганлар. Лекин, сўраганларга буни суннат, албатта айтиш керак демаганлар (Саҳиҳ Муслим, 1184-ҳадис, талбия боби). Қолаверса, "Сияру аъламун-нубало" китобида бир қанча саҳоба ва тобеинларнинг фазилатли амалларни ўзларига вазифа қилиб олганлигини кўри-шимиз мумкин. Жумладан, Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳар куни минг марта тасбеҳ айтганлар (Сияру аъламун-нубало, 2-жилд 187-саҳифа). Тобеинлардан Абдурраҳмон ибн Аби Лайло ҳар куни Бомдоддан кейин то қуёш чиққунча Қуръон тиловати билан машғул бўлганлар {4-жилд, 27-саҳифа). Имом Аҳмад ҳар куни уч юз ракат намоз ўқиганлар {5-жилд, 212-саҳифа). Товус ибн Кайсон раҳимаҳуллоҳ ҳар куни асрдан кейинги вақтни дуо учун тайинлаб олган эдилар (5-жилд, 47-саҳифа}. Юқорида айтганимиздек, мазкур азизлар бу ишларни "диннинг ажралмас бир қисми, буни албатта ҳар бир киши бажариши керак" деган эътиқодда бўлмаганлар ва буни қилмаганларни маломатламаганлар. Шунинг учун ҳам бу ишларни бирортаси бидъат дейилмайди.

Бидъатнинг пайдо бўлишидаги асосий сабаблар

1. Дин ҳукмларини билмаслик.

Баъзи одамларга ибодатларидаги камчиликлари айтилиб, фалон пайтда намоз ўқилмайди, фалон кунлари рўза тутиш жоизмас дейилса, "мен гуноҳ қилмаяпман, ибодат қиляпман” деб, гапни қабул қилмасликларига гувоҳ бўламиз. Ана шундай кишиларга Ҳазрати Али ва бир киши ўртасидаги воқеа яхши эслатма бўлади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ийд намозидан олдин нафл намоз ўқишга чоғланаётган кишини бу ишдан қайтардилар. Шунда ҳалиги киши халифанинг гапига эмас, ўзининг ноқис ақлига суяниб, шундай деди:

Эй! Мўминлар алшри, ишонаманки Аллоҳ намоз ўҳиганни азобламайди.

Шунда Ҳазрати Али унга жавобан:

"Мен эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳилмаган ва бошҳаларни ҳам ҳилишга қизиҳтирмаган ишга Аллоҳ савоб бермайди деб биламан", дедилар ва орқасидан:

"Зеро, шундай экан сенинг намозинг абас (бекор иш) дир. Абас ҳаромдир. Аллоҳ сени Ўзининг расулига хилоф ҳилганингучун азоблайди деб биламан" дедилар.

Вақт ўтиб, асри саодатдан узоқлашган сайин инсонларда илм озайиб жаҳолат ортиб бораверади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисларида "Сизлардан ким узоқ яшаса, кўп ихтилофларга гувоҳ бўлади", дедилар (Имом Термизий ривояти).

2. Ҳавойи нафсга эргашиш.

Ким Қуръон ва суннатга эргашмаса, албатта, у нафси ҳавосига эргашади. Зеро, Аллоҳ таоло: "Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?!..."деб, марҳамат қилган.

3. Мутаассиблик.

Баъзи кимсалар ўтган ота-боболарининг сўзларини, улардан қолган урф-одатларни маҳкам ушлайдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари бу ишларни қилмаганларига эътибор қилмайдилар. Шундайларга Қуръони каримда Аллоҳ таоло: "Уларга: "Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз", дейилса, улар: "Йўқ, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз", дерлар..." деб, уларнинг хато қилаётганларини эслатади (Баҳара сураси, 170-оят). Қолаверса, Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу мана бундай деганлар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари қилмаган бирор бир ибодатни қилманглар. Зотан, аввалгилар кейингиларга бу борада би-рор гап қолдирмаган. Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқинглар ва сизлардан олдингиларни йўлини маҳкам тутинглар".

4. Кофир ва мушрикларга тақлид қилишлик.

Бугунги кундаги баъзи кимсаларнинг кийиниш, юриш-туриш, таомланиш ва жуда кўп ишларда ғайридинларга тақлид қилиши бунга мисол бўлади.

Бидъатнинг оқибати.

Бидъат оқибатида амаллар хабата бўлади. Зотан, Набий соллаллоху алайҳи васаллам:"Кмл« бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади" дедилар. Ҳадиси шарифдаги "Рад қилинади”, деган жумла бидъатчининг амаллари хабата бўлишлигига далилдир. Яна бир ҳадиси шарифда эса:

"Динда ҳеч бир асосга эга бўлмаган ҳар бир бидъат залолатдир" дедилар.

Зотан шундай экан динимизни ўрганишга эътиборсиз бўлмайлик. Дин мавзуси ҳассос мавзу бўлиб, бизларни китобу суннатни маҳкам тутган ҳамда ўтган салафу солиҳ уламоларни йўлларидан оғишмаган уламолардан ўрганишни, билмаганларимизни улардан сўраб билишни тақозо этади. Тавфиқ Аллоҳдан.

(“Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” китоби асосида тайёрланди)

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР