loader
Foto

Жаннатда Аллоҳ таолони кўриш

Жаннат неъматларидан энг яхшиси - жаннат аҳли Аллоҳ таолони зиёрат қилиш шарафига эришадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Жаннат аҳлининг олдига бир фаришта келиб: «Аллоҳ сизларга У Зотни зиёрат қилишни буюрмоқда», дейди. Жаннат аҳли тўпланишади. Аллоҳ таоло Довуд алайҳис-саломга буюради, Довуд баланд овозда тасбиҳ ва таҳлил айтадилар. Кейин абадийлик дастурхони қўйилади». Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, абадийлик дастурхони нима?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «У жаннат гўшаларидан бири. У машриқ билан мағриб орасидан ҳам кенг. У ерда таом ейишади, ичимликлар ичишади, сўнгра кийимлар кийишади. Шундан сўнг: «Биз учун Роббимизнинг юзига қарашдан бошқа неъмат қолмади», дейишади. Шунда Аллоҳ таоло уларга кўринади, барчалари саждага йиқилишади. Шунда Аллоҳ: «Сизлар амал қилиш дунёсида эмассизлар, мукофот дунёсидасизлар», дейди» (Имом Абу Нуайм ривояти).

Аллоҳ таоло Ўзининг улуғлигида тажаллий қилган пайтда барча жаннатийлар: «Роббимиз, Сен саломсан, тинчлик бергувчисан. Саломатлик ва тинчлик Сендандир. Улуғлик ва мукаррамлик ҳаққи Сеникидир», дейишади. Аллоҳ таоло: «Мен Саломман, саломатлик ва тинчлик Мендан, улуғлик ва мукаррамлик ҳаққи Меникидир. Менинг буйруқларимни муҳофаза қилган, Мени кўрмай туриб, ҳар ҳолатда Мендан қўрққан бандаларим, хуш келибсизлар!» дейди. Бандалар: «Азизлигинг, улуғлигинг, қадринг олийлигига қасамки, биз Сени даражангга муносиб даражада улуғлай олмадик, Сенинг ҳақларингни адо қила олмадик, Сенга сажда қилиш учун бизга рухсат бер», дейишади. Аллоҳ таоло уларга: «Мен сизлардан ибодатнинг машаққатини кетказдим, жисмингизни роҳатлантирдим. Аммо сизлар жисмингизни қийнадингиз, ўзингизни машаққатга қўйдингиз, шу боис бугун Менинг хурсандчилигим, раҳматим ва иззат-икромимга етишдингиз. Энди хоҳлаган нарсаларингизни сўранглар. Мендан сўранглар, сўраганингизни бераман. Бугун амалларинг миқдорига қараб мукофотламайман. Раҳматим, ҳурматим, иззатим, сахийлигим, улуғлигим, юксаклигим, шаънимнинг олийлиги миқцорида мукофотлайман», дейди. Бандалар тўхтовсиз совға ва ҳадяларни сўрай бошлашади. Ҳатто ҳиммати энг паст киши ҳам дунё яратилганидан тугагунича бўлган барча нарсаларни орзу қилади. Аллоҳ таоло эса «Жуда кам сўраяпсизлар, ҳақли бўлганингиздан кам нарсага рози бўляпсизлар. Сўраган нарсангизни ижобат қилдим. Орзу қилган нарсаларингизни ҳозир қилдим. Кам сўраганларга орттириб бердим. Энди Роббингиз сизларга ҳадя қилиб берган совғаларга қаранглар!» дейди. Қарашса, баланд жойда гумбаз турган бўлади. Унинг остида дуру маржонлардан қурилган хоналар бўлади. Эшиклари тилладан, сўрилари ёқутдан, тўшаклари нафис ипаклардан, минбарлари нурдан бўлади, эшикларидан, барча томонларидан нур таралиб туради. У нур гўё кундузи чақнаб турган юлдуз мисол қуёшнинг шуъласи бўлади. Иллийюннинг юқори қисмида ёқутдан баланд қасрлар бўлади. У ҳам ўзидан нур таратиб туради. Агар у бўйсундирилмаса, кўзларни қамаштириб қўйган бўлар эди. Оқ ёқутдан қурилган бу қасрларда оппоқ ипаклар тўшалган бўлади. Қизил ёқутдан қурилган қасрларда ажойиб қизил матолар тўшалган бўлади. Яшил ёқутдан қурилган қасрларда яшил тўшаклар тўшалган бўлади. Сариқ ёқутдан қурилган қасрларда сариқ матолар тўшалган бўлади, яшил, зумрад, қизил тилла ва оқ кумуш билан қопланган бўлади. Унинг устунлари ёқутдан бўлади, шифтлари маржонли гумбаз бўлади, қароргоҳи маржондан ясалган хоналар бўлади. Улар Аллоҳ берган неъматларнинг олдига келишганида уларга от берилади. Бу от ёқутдан бўлиб, унга руҳ пуфланган бўлади. У отни мангу ёш йигитлар етаклаб юради. Ҳар бирининг қўлида бир отнинг жилови бўлади. Уларнинг жилови оқ кумушдан бўлиб, дуру ёқутлар билан қопланган бўлади. Эгарларига нафис гиламлар тўшалган бўлади. Ўша зотдор от уларни тантанавор равишда югуриб олиб боради. Жаннат боғларига қарайди. Ўз жойларига етиб келгач, Аллоҳдан сўраган ва орзу қилган нарсаларининг барчасини У Зот муҳайё қилиб қўйганини кўришади. Ҳар бир қасрнинг олдида тўрттадан боғ бўлади: қалин дарахтли икки боғ, серсув, серсоя, ям-яшил яна икки боғ. Уларда суви тинмай отилиб турувчи икки чашма бўлади. Бу боғларда барча меваларнинг иккитадан нави бўлади. Чодирларда эса улар учун ҳурлар сақлаб қўйилган бўлади. Манзилларига ўрнашиб, жойлашиб олишгач, Аллоҳ таоло улардан «Роббингиз сизларга ваъда қилган нарсалар муҳайё бўлганини кўрдингизми?» деб сўрайди. Улар: «Ҳа, кўрдик, рози бўлдик. Сен ҳам биздан рози бўл», дейишади. Аллоҳ таоло: «Сизлардан рози бўлганим сабабли бу ҳовлимни сизларга ҳалол қилдим. Мени кўрдингиз, фаришталар сизларни қучишди. Бутун, тўлиқ, камчиликсиз ва тугамайдиган ҳадяларга марҳабо!» дейди. Шунда бандалар: «У Зот Ўз фазли билан бизларни мангу диёрга туширди, бу жойда бизга машаққат ҳам, чарчоқ ҳам етмайди», дейишади» (Ибн Абу Дунё ва Абу Нуъайм ривояти).

Ҳа, жаннат аҳлига ато этилган энг улуғ неъмат шуки, улар Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга мушарраф бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Жаннат аҳли жаннатга кирса, Аллоҳ таоло: «Бирон нарса хоҳлайсизларми? Ортиғи билан бераман», дейди. Бандалар: «Юзимизни ёруғ қилдинг, бизни жаннатга киритдинг, дўзахдан қутқардинг-ку?!» дейишади. Ана шунда ўртадаги парда очилади. Уларга берилган энг буюк неъмат - Аллоҳ таолонинг жамолини кўришдир. Сўнгра Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Солиҳ амал қилганларга гўзал неъмат (жаннат) ва зиёда (Аллоҳнинг дийдорини кўриш) бор» (Юнус сураси, 26-оят).

Бу ҳадисни Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом " Насоий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло барчаларимизга гўзал хотима ато этсин, жаннатни кўрсатсин, жаннатда Ўзининг жамолини кўрсатсин!

Муҳаммад Ҳасанийниг

"Энг шарафли уммат" китобидан