Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Ҳурматли Шайх ҳазратлари! Бир кун дўстларимиз билан Нақшбандия тарийқатида бўлган инсонларнинг олдига борган пайтимизда у ерда қўл бериш (байъат) бўлаётган экан. Байъат қилинаётган вақтда муршид ўз муридига оят ва ҳадисдан далил келтириб, бугунгача қазо қилган намозларингизнинг қазосини ўқимайсиз, деб мурожаат қилди. Бу ҳол бизда жуда ғалати таассурот қолдирди. Чунки бошқа бир Нақшбандия тарийқатидаги муршид ўз маърузасида Аллоҳ Ҳаққ субҳанаҳу ва таоло қиёмат куни бандалардан иккита нарсани умуман кечмаслигини айтди, улардан бири қўл ҳаққи, иккинчиси Аллоҳнинг буюрган фарзлари (ўқилмаган намозлар, тутилмаган рўзалар, берилмаган закотлар). Қизиғи шундаки, бу зот ҳам ҳадисдан далил билан гапирган эди. Бу ҳолнинг қайси бири тўғри? Жавобингиз учун ташаккур.
Жавоб (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ):
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Ибодатларнинг қазосини адо этишга кўрсатма берган шахснинг гаплари ва ишлари тўғри. Шайхга қўл бериш билан қазо ибодатларни бажаришдан озод бўлади, дейиш мутлақо нотўғри.
Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилишни «қазо» дейилади.
Имом Бухорий ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким намозидан ухлаб қолса ёки уни эсдан чиқариб қўйган бўлса, эслаганда, уни ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир», деганлар.
Ухлаб қолган ва эсдан чиқарган одамга дангасалик ёки қасд ила намозни тарк қилган одам қиёс қилинади. Чунки намознинг фарзлиги ҳар доим зиммада бордир. Фарз нарса адо қилинмагунча зиммадан тушмайди.
Барча фиқҳий китобларимизда бу масала кенг ёритилган. Ҳеч ким «қазо намоз ўқилмайди» деган гапни айтмаган. Рухсатингиз билан, эътиборингизга ҳанафий фиқҳининг энг машҳур асарларидан бири бўлган «Мухтасари Виқоя»да бу масала бўйича келган матн таржимаси ва унинг шарҳини ҳавола қиламан:
ҚАЗО НАМОЗЛАРНИ ЎҚИШ ҲАҚИДА
Беш фарз ва Витр орасида уларнинг ҳаммаси ёки баъзиси ўтиб кетганда, тартибга риоя қилиш фарздир. Илло, вақт тор бўлиб қолса ёки унутса ёхуд олтитадан зиёда бўлса, бундан мустасно.
Амр ила фарз ва вожиб бўлган нарсани айни ўзининг вақтида бажариш «адо» дейилади.
Фарз ва вожиб нарсани вақтидан кейин бажа-риш қазо дейилади.
Дийн ва ақлнинг тақозосига биноан, мусулмон банда намозни ўз вақтида адо этиши лозимдир. Намозни узрсиз вақтида адо этмаслик катта гуноҳдир. Бу гуноҳни қазони ўқиш билан ювиб бўлмайди, балки тавба ҳам қилиш керак.
Ким намозни шаръий узр ила кечга қолдирса, гуноҳ эмас. Бундай шаръий узрнинг бири душман хавфи бўлса, бошқаси доянинг туғилаётган бола-нинг ҳалок бўлишидан қўрқишидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ уруши куни намозни орқага сурганлар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Хандақ куни мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўрт намоздан машғул қилди. Ҳаттоки кечанинг Аллоҳ хоҳлаганичаси ўтди. Бас, у зот Билолга амр қилдилар. У азон айтди. Бас, Пешинни ўқидилар. Кейин яна иқома айтди. Асрни ўқидилар. Кейин яна иқома айтди. Шомни ўқидилар. Кейин яна иқома айтди. Хуфтонни ўқидилар».
Имом Термизий, Аҳмад ва Насаий ривоят қилишган.
Ухлаб қолиб ёки унутиб намозни ўтказиб юбор-ган одам гуноҳкор бўлмайди.
Имом Насаий ва Термизий Абу Қатода рози-яллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоздан ухлаб қолишларини зикр қилдилар. Шунда у зот: «Ухлаб қолиш камчилик эмас. Камчилик уйғоқликда бўлади. Вақтики, бирор-тангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда, ўқиб олсин», дедилар».
Банда ўз зиммасидаги амални адо ёки қазо қил-магунича мазкур амал унинг зиммасидан туш-майди. Қарз бўлиб туради.
Имом Бухорий ва Насаий Ибн Аббос рози-яллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бас, Аллоҳнинг қарзини қазо қилмоқ ҳаққлидир», деганлар.
Кимга намоз фарз бўлса-ю, уни вақтида адо эт-маса, қазосини ўқиши лозим бўлади. У намозни қасдан тарк қилиш ила гуноҳкор бўлади. Аммо қазосини ўқиш лозимдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайти-да ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир. Аллоҳ: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил»,деган», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Муслимнинг ривоятида:
«Вақтики, бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда, ўқиб олсин. Чунки, Аллоҳ: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деди», дейилган.
Унутган ва ухлаб қолган одам намознинг қазо-сини ўқиши лозим бўлганидан кейин қасдан қол-дирган одамга унинг қазосини адо қилиш, албатта, лозиму лобуд бўлади.
Ҳайз ёки нифос кўрган аёлдан намоз соқит бўлади. У қазосини ўқимайди. Шунингдек, асли кофир ёки жинни бўлган одам ҳам намознинг қазо-сини ўқимайди. Беш вақт намоздан кўпроқ муддат ҳушидан кетиб ётган одам ҳам қазосини ўқимайди. Муртад яна Исломга қайтса, муртадлик вақтидаги намозни қазо қилмайди.
Ҳаётлик вақтида имо билан ҳам намоз ўқишдан ожиз бўлган одам каффорот беришни васият қили-ши лозим эмас. Чунки, у узурли ҳисобланади.
Шунингдек, сафар ёки хасталик туфайли рўза тута олмаган одам тузалмасдан ёки сафардан қайт-масдан ўлиб қолса-ю, фидя беришни васият қилма-ган бўлса ҳам мазкур фидяни адо қилиш мустаҳаб-дир.
Ким узрсиз, ҳатто имо билан ўқишга қодир бўлиб туриб олти намоздан зиёдни қолдирган бўл-са, каффорот беришни васият қилмоғи лозимдир. Рамазонда узрсиз рўзасини еган одам ҳам шунга ўхшашдир.
Уларнинг фидяси ва каффороти қолдирган ме-росининг учдан биридан берилади. Ўлганнинг ва-лийи фидяни ўз ҳисобидан берса ҳам, бўлади.
Фидя ва каффоротнинг миқдори бир кунлик намоз учун ярим соъ буғдой (1087,5 гр) ёки унинг қиймати, бир кунлик рўза учун ҳам шунча бўлади.
Киши ўзи ҳаётлик чоғида ўқимаган намозининг каффоротини тўлаши мумкин эмас. Аммо қазосини бажаришга кўзи етмаса, рўзаникини беради.
Меросхўрлар ўлган шахснинг қазо намозларини ўқиб қўйиши мумкин эмас. Чунки намоз шахсий баданий ибодатдир. Аммо унинг қазо намозлари учун каффорот берсалар, марҳумга кўп яхшилик қилган бўладилар.
Қазо худди адодек бўлади. Сафарда қазо қилган бўлса-ю қазосини ҳазарда ўқиса ҳам, икки ракъат ўқийди. Ҳазарда қазо қилган тўрт ракъатли намоз-нинг қазосини сафарда ўқиса ҳам, тўрт ракъат ўқийди. Қироатни ошкора ёки махфий қилиш ҳам шунга ўхшаш.
Қазони дарҳол ўташ керак. Тирикчилик ва ҳожат учун узр қабул. Қазони жамоат бўлиб ўқиш мум-кин. Бомдоднинг суннатидан бошқа суннатлар қазо қилинмайди.
Беш фарз ва Витр орасида уларнинг ҳаммаси ёки баъзиси ўтиб кетганда, тартибга риоя қилиш фарздир.
Чунки, Хандақ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.
Илло, вақт тор бўлиб қолса ёки унутса ёхуд олтитадан зиёда бўлса, бундан мустасно.
Тартибга риоя қилиш уч сабаб ила соқит бўлади;
1. Вақтли намознинг ўтиб кетиш хавфи.
2. Қазоларнинг олтидан кўп бўлиши.
3. Адо пайтда қазони унутиб қўйиш.
Агар қазо намозлар ададини билиб бўлмайдиган даражада кўп бўлиб кетса, зиммасидагини адо қилганига кўнгли тўлгунча қазони ўқийди. Ўзига осон бўлиши учун аввалги ўқимаган намозини ва охирги ўқимаган намозини тайин қилиб олиб, ўшанга қараб ўқийверади.
Қуёш чиқаётганда, қиёмда турганда ва ботаёт-ганда бошқа намозлар қатори қазо намозни ҳам ўқиб бўлмайди.
Аммо Бомдод ва Асрдан кейин нафл ўқиш мум-кин бўлмаса ҳам, қазо ўқиса, бўлаверади. Валлоҳу аълам.