loader
Foto

Тақдир эллик минг йил аввал ёзиб қўйилган

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳалқ қилган нарсаларининг тақдирини еру осмонлар яратилишидан эллик минг йил аввал ёзиб қўйган, Унинг арши сув устида эди», дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).



Шарҳ: Ҳадиснинг хулосаси шуки, Аллоҳ таоло бутун мавжудоднинг такдирларини осмонлару ер яратилишидан эллик минг йил аввал битиб қўйган.

Савол: Юқоридаги баҳслар орқали такдирнинг азалий экани ҳакида кўникма ҳосил қилинди. Азалнинг эса чегараси йўқ. Унинг бирор муддатини маълум қилиб бўлмайди. Лекин бу ҳадисда осмонлару ернинг яратилишидан эллик минг йил аввал дейиляпти. Бу билан азални чегаралаш юзага келмайдими?

Жавоб: Ҳадиси шарифда азални муддат билан чегараланмаяпти, балки хос бир девондаги қайд қилиниш замони баён қилинмоқда. Эҳтимол, хос бир нарсани ёзиб қўйишлик эллик минг йил олдин бўлган бўлиши мумкин. Ваҳоланки, тақдир азалда бўлган.

«Аллоҳ таолонинг арши сув устидадир» ибораси ўз ҳақиқатига ҳамл қилинади. Чунки у вақтда арш ва сувдан бошқа бирор нарса яратилмаган эди. Уша вақтгача такдир ёзиб қўйилган. Арш ва сувдан қайси бири аввал яратилгани борасида учта қавл мавжуд:

Биринчиси, сув аввал, кейин арш яратилган.

Иккинчиси, арш аввал, кейин сув.

Учинчиси, ҳар иккиси биргаликда яратилган, дейилади.

Аллоҳнинг арши сув устида дейишлик ҳақиқий маънодами ёки киноями, дейилса, ушбу мазмун илоҳий қудратдан киноядир дейилади.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан