loader
Foto

Ҳадис тўқувчиларнинг бир нечтаси

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу ерда олтита ҳадис тўқувчи кимсаларнинг исмларини очиқлади. Уларни бундай кимсалигига аксарият муҳаддислар ёки барчаси: «Ривоят тўқувчи», деб иттифоқ қилганлар. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: «Ушбу олтита ҳадис тўқувчи кимсаларнинг қилмишлари кучли асослар би-лан бўйинларига қўйилгандир. Шунинг учун уларнинг ҳар бирини бирма-бир қилмишини баён қилишга хожат йўқ». Улар қуйидагилар:

1. Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Мисъар Мадоиний. У ўта каззоб ва ҳадис тўқувчи кимсадир («Мийзон ал-эътидол». Ж. 2. -Б. 504).

2. Амр ибн Холид Воситий. У Ибн Можанинг ровийларидан бўлиб, ўта каззоб ровийдир («Мийзон ал-эътидол». Ж. 2. - Б. 258).

3. Абдул-куддус Шомий. У ҳақида Ибн Ҳиббон шундай деган: «Абдулқуддус каззоб ва ҳадис тўқувчи киши бўлган» («Мийзон ал-эътидол». Ж. 2. -Б. 643).

4. Муҳаммад ибн Саид Маслуб Шомий. Подшоҳ уни ҳадис тўқигани учун дорга остирган. Аҳмад ибн Солиҳ шундай деган: «У тўрт мингта ҳадис тўқиган».

5. Ғиёс ибн Иброҳим Куфий. Жавзажоний айтади: «Халифа Маъмуннинг ёнида туриб, у ҳадис тўқир эди» («Мийзон ал-эътидол». Ж. 2. - Б. 643).

6. Сулаймон ибн Амр Нахаъий. Имом Абу Довуд уни ўта ёлғончи-каззоб ровий деган. Ибн Ҳажар Асқалонийнинг айтишича, жарҳ ва таъдил имомларидан ўттизтаси уни ҳадис тўқувчи кимса эканлигини таъкидлаганлар («Мийзон ал-эътидол». Ж. 2. -Б. 216).

Қасддан, билиб туриб атайлаб ҳадис тўқиш ҳаром амал ҳисобланади ва унинг ҳаромлигига уммат ижмо қилган. Мубтадиъ фирқалардан карромия оқими тарғиб-тарҳиб ва нафс тарбияси каби панд-насиҳат мавзуларида ҳадис тўқишга рухсат берганлар. Афсуски, уларнинг маслакига баъзи жоҳил сўфийлар юриб, ҳадис тўқиганлар ва шунга рухсат берганлар. Аллоҳ таоло Уз динини ҳимоя қилсин. Амийн!

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан