loader
Foto

Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини тўғри йўлга бошлайди

Аллоҳ таоло фазл айлаб, хоҳлаган бандасини ҳидоятга, тўғри йўлга бошлайди, адолат айлаб, хоҳлагани бандасини адаштиради.

Аллоҳ таолонинг адаштириши (излоли) хизлонидир. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган нарсаларга бандасини муваффақ қилмаслиги хизлонидир. Бу (хизлон) Унинг адолатидир. Бетавфиқни гуноҳи учун азоблаш ҳам адолатдир.

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг ҳидояти тавфиқидир, яъни имонга ва солиҳ амалларга муваффақ қилишидир. Аллоҳтаоло куфр ва исён йўлини тутган бандаларини Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ қилмайди.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

“Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай” (Анъам сураси, 125-оят).

Яъни, Аллоҳ таоло кимнинг ҳидоят йўлида бўлишини истаса, қалбини тавҳид учун кенг қилиб қўяди ва нурлантиради. Бунинг аломати ҳаётликда (ўлмасдан олдин) охират учун ҳозирланиш, гуноҳлардан узоқ бўлишдир.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан