loader
Foto

Ўтмишга назар

Тарихдан, унинг ҳодисаларидан, Аллоҳнинг қонунларидан ибрат олмоқ лозим. Зеро, ўтмиш ҳодисалар томиридир. Аждодларимиз қолдирган илм-одобларни яхшилаб ўрганиб, текшириб бўлгандан сўнг, улардан бизнинг асримиз, шароитимизга тўғри келадиганларини олмоғимиз даркор.

Ҳадисда айтилади: “Ҳикматли сўз мўминнинг йўқотган нарсасидир. Қаерда топиб олса уни олишга ҳақлидир”.

Ўтмишни ўтмиш деб ташлаб қўймаслик лозим. Кўп эски нарсалар фазилат деб аталур. У нарсалар ўз табиати билан янгилашни қабул қилмас. Бунга замонлар ўтса-да, эскирмайдиган Аллоҳнинг Каломи бўлган Қуръон яққол далилдир. Асрлар давомида ҳожиларнинг кўзлаган жойларига айланган “эски уй” - Каъбанинг афзаллиги далилдир. Зеро, Қуръон эскирмас, Каъба эскирмас. Ҳақиқатлар эскирмас.

Янгилик яратишга интилаётганлар ўтмиш-тарихдан юз ўгириб, янгиликка ўз бағрларини очмоқдалар. Ваҳоланки, кўп эскиларнинг фойдаси, кўп янгиларнинг эса зарари кўпдир. Ана ўшалардан бири Мустафо Содиқ ар-Рофиъийнинг: Янгилик яратишни истовчилар динни ҳам, луғатни ҳам, қуёшу ойни ҳам янгилашни истайдилар, деб айтган сўзларини масхара қилганлари ҳам қулоққа чалинади.

Эскилик ва янгилик. Ҳар иккиси нисбий ишлардир. Бир қавм эски деб атаган нарса бошқа қавм учун янгиликдир. Бир жамият янги деб билган нарса бошқа жамият олдида эскига айланар. Янгилик умрбод янги бўлиб қолмас. Зеро, бугуннинг эскиси кечанинг янгисидир. Бугуннинг янгиси эса эртанинг эскисига айланиши ҳам аниқдир.

Инсон ўтаётган ҳар бир кун ниҳоясида тўхтаб, ўзига сарҳисоб бермоғи керак: Бугун мен нима иш қилдим ва нима учун қилдим. Нимани қилмадим ва нима сабабдан қилмадим?

Инсон ўз-ўзига ҳисоб бермоғи ўша инсонни юксакка олиб чиқувчи ишлардандир. Бундай сарҳисоб инсонни ўз иймони томонидан уни таъқиб ва тафтиш қиладиган бир соқчи, посбонни яратади. Ана шунда инсон номаъқулчиликларга яқинлашиб, буюрилган ишни қилишдан қосирлик қилаётган бир пайтда, ёмонликларга буюрувчи нафсдан у нафсни маломат қилувчи ҳолатга ўтиб олади.

Ҳадисда айтилади: “Оқил одамнинг тўрт соати бордир. Ўша соатларнинг бирида ўзига сарҳисоб бермоғи даркор”.

Амийрул мўминийн - Умар ибнул Хаттоб айтади: (Аллоҳ таоло томонидан) ҳисоб-китоб қилинишингиздан аввал ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Амалларингизни зарарингизга тортилишидан аввал тортиб-ўлчаб кўринг.

Аммо оқил инсон худди онгли савдогарлар йил бошида рўйхат дафтарини текшириб, бу

йилда кўрадиган фойда ёки зарарларини билиш мақсадида, Аллоҳдан бугунини кечагидан, эртасини эса бугунидан яхши қилишини сўраб мол-мулк, қарзларини ҳисоб-китоб қилгани каби мана бундай фойда, маъноси бўлмаган ишларга тақлид қилиш ўрнига ҳаётининг яна бир йили ниҳояланаётган бу фурсатни ғанимат билиб, бир муддат тафаккур қилмоқ учун тўхтамоғи даркор.

Ақлли инсон бутун умридан тўла бир йил суғурилиб турган бир пайтда ўзига ҳисоб бермоғи керакки, Аллоҳ ҳам тез орада банда ўтказган ўша бир йил ҳақида сўроқ қилар. Бир йил оз вақт эмас. Бир йил ўн икки ой, бир ой ўттиз кун, бир кун йигирма тўрт соат, бир соат олтмиш дақиқа, бир дақиқа олтмиш сония демакдир. Ҳар сонияда Аллоҳнинг неъматлари мужассам, У Зотнинг бандаси олдидаги омонатлари мужассам. Ақлли инсон мана шу ўтган бир йиллик умри давомида қилиб ўтган ёмон ишларига афсус чекмоғи лозим. Зеро, ҳар бир ўтган кун инсон дарахтининг бир баргидир. Энди у барг қуриб, ерга тўкилиб тушди.



Киши ўтган ҳар бир тунига хурсанд бўлар

Ҳолбуки унинг ўзи ҳам тунлар каби ўтар



Бу сўзларни оқил одам айтар. Лекин дунёда оқиллар камдир.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Ўтмишга боғланиб қолганлар