loader
Foto

Ўтмишга боғланиб қолганлар

Одамлар орасида фақат кечани тан оладиганлар бордир. Улар ёлғиз ўтмиш билан яшайдилар. Ўзгасини сезмайдилар, ўтмишдан бошқа бўлган бугунги кунга эътибор бермайдилар, эртанги кун ҳақида ўйламайдилар. Ўтмиш қуллари аталмиш одамларнинг бу синфининг турли кўринишлари бордир.

Улар ўтмиш билан фахрланадилар. Аждодлари билан мақтанадилар. Ўзлари эса янгилик қилишга, аждодлар силсиласини давом эттиришга - ўтмишни ҳозирга, бугунни кечага улашга ҳаракат қилмайдилар. Улар доимо шуни айтадилар: Бизнинг аждодларимиз шундай ўтганлар. Лекин бирортаси: Биз шундай қилдик, ёки мана бу ишни бажардик, қабилидаги гапларни айтмайдилар.



Олий насаб боболарла ҳилсанг ифтихор

Тўғри, аммо авлодлари эмиш бунча хор.



Ол билим, касб эт камол,

отанг сени ким бўлса ҳам.

Ҳожати бўлмас насабга

илму фан топган одам.

Марду майдон улки, юксак

чўққига чикқай ўзи,

Мард эмас ким мақтанар

“Ул чўкқига чиққан отам”

Аждодлар, уларнинг қилиб ўтган жасоратлари ҳақида фахрланиш яхши, улар бошлаган ишни камолига етказиш, улар қилган эзгу ишларига эргашиш ундан ҳам яхшидир. Аммо мақтанишдан бошқани билмаслик салбийликнинг бир туридир-ки, бу билан умматни барпо қилиб бўлмайди.

Ахир чириган суяклар: Бизлар ўтмишда тирик жасад эдик, дейишидан не фойда?

Ана шулардан яна бирлари ўтмишга тақлид қилиб ҳаёт кечирадиганларидир. Улар Ҳақни ноҳақдан, Ҳидоятни залолатдан ажратмай туриб, мозий ҳақида тафаккур қилмай туриб ўтган аждодларига тақлид қиладилар холос. Ундайларни яхшини ёмондан ажратувчи тажрибакор эмас, янгилик яратувчи ҳам эмас, топшириқни бажарувчи, тобеълар дейдилар.

Қуръон бу кабилар ҳақида айтади:

“Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган нарсаларга эргашингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, Тўғри Йўлни тополмайдиган бўлсалар, ҳам-а?”. (Бақара сураси, 170-оят).

Бу мафкура қадимдан элчи-пайғамбарлар йўлига ғов бўлган. Ҳуд алайҳиссаломга қавми деди:

“Улар: «Сен бизга, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми? У ҳолда, агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни, Аллоҳнинг азобини) келтиргинчи?» дедилар”. (Аъроф сураси, 70-оят).

Иброҳим алайҳис-салом қавмига деди:

“Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: «Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир (яъни, нега жонсиз ҳайкалларга сиғиняпсизлар?!)», деганида; Улар айтдилар: «Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз”. (Анбиё сураси, 52-53-оятлар).

Қуръон инсонлар орасидаги мана бундай оқил аждодлари қолдирган нарсада тошдай қотган, уларнинг меросига қуруқ эргашган кимсаларни қоралайди. Уларга мана бундай иборалар билан юзлашади.

“Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган нарсаларга эргашингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, Тўғри Йўлни тополмайдиган бўлсалар, ҳам-а?”. (Бақара сураси, 170-оят).

“Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайгамбарга келинглар», дейилса, улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни, қайси диннинг) устида топган бўлсак, ўша етарли», дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва Ҳақ Йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?!”. (Моида сураси, 104-оят).

“(Шунда пайғамбарлари уларга) «Агар мен сизларга сизлар ота-боболарингизни (эътиқод қилган ҳолларида) топган диндан тўғрироқ Динни келтирган бўлсам ҳам-а?», деганида...”. (Зухруф сураси, 24-оят).

Яна улар ичида ўтмиш ҳақида надомат чекадиган, ўтиб кетган ишларга қайғурадиган, доимо ушбу орзу ва қайгуга тўла ибораларни айтиб юрадиганлари ҳам бордир. У иборалар: Кошки бундай қилсам, кошки ундай қилмасам. Агар бундай қилганимда шундай бўлар эди, ибораларидир.

Тафаккурнинг бу тури инсонни ғам-алам билан ўрайди. Уни фойдаси бўлмаган, оқловчиси ҳам йўқ бўлган изтироб оғушига ташлайди. Уни салбийликка олиб боради. Шунинг учун ҳам айтилади: Ўтган вақтни ўйлаб, у билан машғул бўлмоқ, нақд вақтни зоеъ қилишдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Кучли мумин заиф мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир. Ҳар иккисида яхшилик бордир. Сенга фойда берадиган нарсаларга ҳарис бўл. Аллоҳдан ёрдам сўра, аммо ожиз қолма. Агар мен бундай қилганимда бундай бўлар эди, дема. Балки: Аллоҳнинг тақдири, У Зот хоҳлаган нарса бўлади, дегин. Чунки “агар” сўзи шайтон амалининг эшигини очар”.

Аллоҳнинг қадарига иймон келтирмоқ таъсир ўтказувчи ижобий кучдир. У инсонларни “агар”, “кошки” иборалари каби салбийликдан амал ижобийлигига, келажакни қуришга олиб чиқади.

Юсуф Қаразовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур таржимаси