loader
Foto

Одам ва иблиснинг гуноҳи

Қуръони Карим бизларга Одам алайҳис-салом яратилиб, жаннатда маскан тутганидан сўнг икки гуноҳнинг бирининг хабарини беради.

У икки гуноҳнинг бири, Одам ва Ҳаввонинг Аллоҳ таоло ейишдан қайтарган дарахтнинг мевасини ейишларидир. Бу ташқи аъзоларнинг амалидирки, бу ишга уларнинг унутишлари ва иродасизликлари олиб борган. Аллоҳ таоло айтади:

“Дарҳақиқат, Биз илгари Одамга (Жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида) буюрган эдик у (буйруқни) унутди ва Биз унинг учун қасд-собитқадамликни кўрмадик”. (Тоҳа сураси, 115-оят)

Лаънати иблис уларнинг бу унутишларини ва мана шу заифликни суистеъмол қилди ва Одам ва унинг аёли Ҳаввога ўша дарахтнинг мевасини ейишни чиройли кўрсатди. Уларни алдади ва бу алдовини қасам билан қувватлади, натижада Одам ва Ҳавво Аллоҳга берган ахдларини бузишларига сабаб бўлди.

Лекин тезда Одам ва Ҳаввонинг яширин иймонлари уйғонди ва ўзларининг қилаётган ишлари нотўғри эканлигини билиб, Парвардигорларига тавба қилишди. Аллоҳ таоло уларнинг тавбалари ҳақида айтади:

“Улар: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр қилдик. Агар Ўзинг бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм-шафқат кўрсатмасанг шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз», дедилар”. (Аъроф сураси, 23-оят)

“Бас, (Одам билан Ҳавво иблиснинг иғвосига алданиб ўша дарахтдан) едилар-у, ўша онда уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзла-рини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди. Сўнгра Парвардигори уни сайлаб - Ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва Тўғри Йўлга ҳидоят қилди”. (Тоҳа су-раси, 121-122-оятлар)

‘Кейин, Одам ўз Парвардигори тарафидан бир неча Сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни Қабул қилгувчи Меҳрибон Зотдир”. (Бақара сураси, 37-оят)

Икки гуноҳнинг иккинчиси, Аллоҳтаоло иблисга фаришталар билан бирга Ўз қўли билан яратиб, унга Ўз руҳидан жон пуфлаган бандаси Одамга салом бериб, уни улуғлаб, унга сажда қилишни буюрган пайтда иблис гуноҳ қилди.

“Барча-барча фаришталар унга (яъни, Одамга) сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди. (Шунда Аллоҳ) деди: «Эй иблис, нечун сен сажда қилгувчилар билан бирга эмассан?». У айтди: «Мен (асли) қора ботқоқдан (бўлиб одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилгувчи эмасман». (Аллоҳ) деди: «Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз (Менинг даргоҳимдан) қувилган - малъунсан. Ва албатта то жазо (Қиёмат) Кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур”. (Ҳижр сураси, 30-35-оятлар)

Бу Аллоҳ таолонинг амридан бош тортиш ва кибр қилиш гуноҳи эди. Бақара сурасида келади.

“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб - кофирлардан бўлди”. (Бақара сураси, 34-оят)

Иблис ўзининг манманлиги сабаб сурбетларча Парвардигорига деди:

“Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг», деди у”. (Аъроф сураси, 12-оят)

Юқоридаги икки гуноҳнинг фарқи бор. Одамнинг гуноҳи ташқи аъзонинг иши бўлиб, у бу гуноҳига тезлик билан тавба қилди. Аммо иблиснинг гуноҳи эса ички қалб гуноҳи бўлиб, унинг бу хатарли иши уни ёмон оқибатга олиб бордики, бундай ёмон оқибатдан Аллоҳнинг ўзи асрасин.

Гуноҳи кабиралардан аталмиш қалб гуноҳларидан такрор-такрор қайтарилиб, қаттиқ огоҳлантиришлар берилиши сир эмас, кўпинча ана шундай буюрилган ишни тарк этиш, қайтарилган нарсаларни қилишдек ички гуноҳлар ташқи гуноҳларни қилишга олиб боради.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси