loader
Foto

Аллоҳ таолога итоат этувчи унга мислсиз яқиндир

Аллоҳ таолонинг яқинлиги ва узоқлиги масофанинг узоқлиги ва яқинлиги жиҳатидан ҳам, шараф ва хорлик маъносида ҳам эмасдир. Балки Аллоҳ таолога итоат этувчилар Унга мислсиз (тасаввури йўқ) яқиндир. Аллоҳ таолога итоат этмайдиганлар (осийлар) Ундан мислсиз узоқдир. Яқинлик, узоқлик, юзланиш илтижо қилувчига нисбатан ишлатилади. Шунингдек, жаннатда Унга яқин бўлишнинг, Унинг ҳузурида бўлишнинг ҳам мисли йўқдир.

Шарҳ: Ҳадиси шарифда бундай дейилади:

“Банда сажда қилганида Аллоҳ таолога яқин бўлади”.

Лекин у яқинликнинг мисли, яъни тасаввури йўқдир. Жаннатда Аллоҳ таолога яқин бўлишнинг, Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўлишнинг ҳам мисли йўқдир, яъни Унга яқин бўлиш ва ҳузурида туришни васф, баён қилиш иложсиздир.

Аллоҳтаоло бундай марҳамат этади:

“Парвардигори ҳузурида туришдан қўрққан киши учун икки Жаннат бордир” (Раарнон сураси, 46-оят).

“Энди ким (қиёмат куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг ҳузурида туриши (ва У Зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавои хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда унинг борадиган жойи фақат жаннат бўлур” (Нозиот сураси, 40-41-оятлар)

Аҳли сунна уламоларининг кўпчилиги Аллоҳ таолодан узоқликни ва Унга яқинликни, тоат қилиб Унинг раҳматига яқин бўлиш, Унга тоат қилмай, исён қилиб, Унинг неъматларидан узоқ бўлиш, деб таъвил қилишган. Ифода ва ишорат соҳиблари Аллоҳ таолога яқинликни бундай таъвил қилишган: “Барча ҳолатда Унинг неъматини кўриш ва марҳаматини билиш ҳамда ўз амали ва ҳаракатини йўқ ҳисоблаши.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан