Аллоҳ таоло Қуръони карим орқали билдирган ҳақиқий адолат одамларни яхши-ёмонга ажратмай, ҳар бир кишининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақсизлик ва зулмга рози бўлмасликка, ҳамиша мазлумлар тарафида туриб, уларнинг золимларга қарши манфаатларини ҳимоя қилишга буюради. Қуръонда баён этилган олий ҳаққоният ҳар бир воқеага ҳар томонлама баҳо бериш, холис ва адллик билан ёндошишни, софдиллик, раҳм-шафқат, беғаразлик ва сабр-тоқатни талаб этади. Чунки ҳис-туйғулар ва эҳтиросга қул бўлиб қолган одам воқеаларни холис, ҳар томонлама мулоҳаза билан баҳолай олмайди, тўғри қарорга келолмайди ва ўз ҳис-туйғуларининг таъсири остида қолади. Қуръонда буюрилган ҳаққониятга риоя этувчи инсон ўзининг шахсий эҳтирослари ва мулоҳаза-фикрларини ўйламаслиги керак. Чунки ҳар ерда ва ҳар қачон ҳақиқатни ҳимоя қилиш учун Аллоҳ таоло олдида масъулиятни ҳис этиш ва олий ҳаққониятга хизмат этиш йўлини танлагани учун у ҳар қандай шароитда ҳам ор-номус, адолатдан чекинмайди. Иймонли кишининг ахлоқий софлиги шунчалар олий бўлиши керакки, қаршисида турган одамнинг талаб ва эҳтиёжлари ўзининг шахсий манфаатларидан анча устун бўлиши керак. Мусулмон киши ҳатто ўзига зарар бўлса ҳам, адолатга риоя қилишда Аллоҳ таоло олдида масъулдир. Нисо сурасининг 58-оятида Аллоҳ таоло одамлар орасида ҳукм қилганда адолат билан ҳукм қилишга буюради.
Аллоҳ таоло иймон эгаларига, ҳатто ўзлари, қариндош-уруғлари ва яқинлари зарарига гувоҳлик беришга тўғри келса ҳам, адолатли бўлишга буюради: «Эй мўминлар, адолат билан тургувчи ҳамда ўзларингнинг ёки ота-она, қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинглар. У (яъни гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафси ҳавога эргашиб кетманглар. Агар тилларингни буриб (нотўғри гувоҳлик берсанглар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган зотдир» (Нисо, 135).
Аллоҳ таоло Қуръон орқали ҳаётга тадбиқ этишни амр этган олий адолат, ер юзидаги одамларнинг миллий, ирқий ва диний мансублигидан қатъий назар, барчага баробардир. Қуръон адолати замон, макон ёки одамга қараб ўзгармайди. Бугунги кунда ер курасининг турли бурчакларида одамлар қайсидир миллат, қабила ва жамоага мансубликларига қараб ёки терисининг ранги туфайлигина шафқатсизлик, зўравонлик ҳамда ҳақсизликка дучор бўлмоқдалар. Ҳолбуки, Қуръони карим ахлоқи таъкидлайдики, Аллоҳ таоло ер юзидаги турли қавмлар ва ирқларни бир-бири билан душманлик қилиш учун эмас, балки бир-бирлари билан танишиб-алоқа қилишлари учун яратган. Турли ирқ ва қавмларнинг биргаликда аҳил яшаши Парвардигоримиз томонидан бизларга ато этилган улуғ неъматдир, асло уруш ва тўқнашувлар учун баҳона эмас. Дунёнинг бу хилма-хиллиги Аллоҳ таоло яратган беҳисоб ва сон-саноқсиз ҳаёт гўзалликларининг биригина холос. Қуръон айтадики, одамларнинг қавмий жиҳатдан турли-туманлиги ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Аллоҳ таоло амр этган ҳаққоният - истисносиз ҳамма одамларга бир хил, очиқкўнгиллилик, иззат-эҳтиром билан муносабатда бўлишни кўзда тутади.
Бирор кишига ёки бутун бир халққа нисбатан нафрат туйғуси ана шундай кайфиятдаги одамга соғлом ва беғараз фикр юритиш, ҳаққоний ва адолатли қарорга келиш имконини бермайди. Том маънодаги эътиқод ҳамда иймондан узоқ бўлган жамиятларда бундай ҳодисалар тез-тез учраб туради. Одамлар ўз ғанимлари деб ҳисоблайдиган кишиларга нисбатан ҳар қандай бузғунчилик ва адолатсизликни осонгина, виждонлари озор чекмаган ҳолда қилаверадилар. Худди шу сабабдан ҳам жаҳолат ҳукмрон бўлган жамиятларда кишилар бир-бирларига бўлган муносабатда ишонч ва холислик, беғаразликни амалда йўқотиб қўядилар. Уларнинг ҳаёти доимий қўрқув, нотинчлик ва ўзга томоннинг ёвузлиги, сотқинлигини хавотир ичра кутиб кечяпти. Оқибатда кишининг бошқаларга ишончсизлиги вақт ўтиши билан Аллоҳ таоло ато этган ўзаро ёрдам, раҳм-шафқат, эзгулик ва биродарлик каби чин инсоний фазилатларни унинг қалбидан ўчириб юборади ва одамлар бир-бирларига тушуниб бўлмайдиган нафрат кўзи билан қарай бошлайдилар. Шу билан бирга ҳақиқий иймонли киши бошқа киши ёки жамиятга нисбатан салбий ҳис-туйғуларининг ўзи қабул қилаётган қарорга таъсир ўтказишига ҳеч қачон йўл қўймайди. Иймонли киши қаршисида турган киши қанчалик ахлоқсиз бўлмасин ёки у танлаган ҳаёт йўли нечоғли нотўғри бўлмасин, қарор қабул қилишга тўғри келиб қолса, шахсий ҳис-туйғуларини бир четга суриб, адолатли йўл тутади, одилона қарорга келади ва бошқаларда ҳам адолатга рағбат уйғотади. Унинг туйғулари ва эҳтирослари ҳеч қачон ақл-идрок ҳамда виждондан устун келмайди, зеро мусулмоннинг виждони ҳамиша унга Аллоҳнинг амр-фармонларига оғишмай риоя этиш мажбурияти ҳақида эслатиб туради. Чунки Қуръонда шундай деб буюрилган: «Эй мўминлар, Аллоҳнинг ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат-гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавм-ни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шуниси тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Моида, 8).
Қуръон даъвати мусулмондан ҳақиқий адолатни талаб этади. Иймонли киши эса ҳаётининг ҳар лаҳзасида Парвардигорига мақбул бўладиган амалларни қилиб юрсагина Аллоҳ таолонинг ажр-мукофотларга муносиб бўлишини билади. Бундан ташқари ана шу кишининг ахлоқий фазилатига гувоҳ бўлган ҳар бир одамда унга нисбатан ишонч пайдо бўлади, унинг ҳузурида ўзини хотиржам ҳис қилади ва ҳар қандай масъулиятли ишини унга топшира олади. Бундай одамлар ҳатто ўзининг душманлари ҳурматини ҳам қозона олади. Бунинг устига иймон-эътиқод ва адолатпарварликдаги қатъийлик бошқа одамларнинг иймонга келишларида ибрат ва сабаб вазифасини ўтайди.