loader
Foto

Ўзига бино қўйишнинг давоси

Бу хасталикнинг сабаби жоҳиллик ва билимсизлик бўлганидек, давоси эса илм ва маърифатдир. Илм ва ибодатидан ғурурланган кимсага бундай дейиш жоиз: “Ўзингга бино қўйишинг амалингнинг тўхташ жойими? Ёки бу амал ва ибодатлар сенинг қудратинг ва қувватинг билан бўлдими? Модомики, сенинг қудратинг бунга ожиз экан, мағрурлик ва ўзига бино қўйиш нечун?”

Агар ибодат учун қувват ўзимдан пайдо бўлди, десанг, хато қиласан. У ҳолда қўл ва оёқларни сен қаердан олдинг?

Агар сен ибодатни ўз кучим билан қилдим десанг, яна хато қилган бўласан. Сендаги бу орзу-истакни ким пайдо қилди? Сени ибодатга машғул қилиб қўйган куч қайси? Буларнинг бари Жаноби Ҳақ таолонинг неъматидир. Сенинг ўзингга ишонишинг жоҳиллигингнинг аломатидир. Чунки сенинг қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Сендаги иштиёқ аслида Аллоҳ таолонинг фазлу карами билан бу ҳақиқатни билиш учун бўлиши керак эди. Аллоҳ кўпчиликни бундан ғофил қилган. Кўпчилик одамнинг истак ва хоҳиши бошқа нарсаларга йўналган бўлади. Аллоҳнинг инояти ила сен яхши-ёмонни ажратувчи бўлдинг. Сенга яхшиликни раво кўрдики, сен Исломни танладинг. Подшоҳнинг бир хизматкорига бесабаб ҳадя бериши унинг лутфу карамидандир. Бу хизматкорнинг яхшилигига йўйилмайди.

Агар хизматкорнинг яхшилиги учун подшоҳидан ҳадя олди, деб ўйласанг, янглишибсан. Агар сенга подшоҳ от берса, бунга ҳайрон бўлмаслигинг мумкин. Лекин бир қул совға қилса, албатта, ҳайрон бўласан. Подшоҳ бошқалардан мени аъло тутиб, менга қул ҳадя қилди, деб ўйлашинг мумкин. Аслида иккала ҳадяни бирдек қабул қилмоғинг керак. Мен Аллоҳ азза ва жаллани таниганим учун менга ёрдам қилди, десанг, билки, сенга бундай ақл-заковатни Ҳақ таоло эҳсон айлади. Сендаги қудрат, таажжуб, жўмардлик ва иродани Аллоҳ истади. Сенинг ўзинг ҳеч нарсага қодир эмассан.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Қалбнинг давоси" китобидан