loader
Foto

“Дин номидан” ҳаракат қилувчи террорчиларнинг асл қиёфаси

Биз юқорида кўриб чиққан омиллар шуни тасдиқлаб турибдики, бегуноҳ одамларга қарши қаратилган ҳар қандай кўринишдаги шафқатсизлик Аллоҳнинг дини ахлоқига мутлақо зиддир. Бирорта мусулмон ҳеч қачон инсонларга қарши жиноятга қўл урмайди, аксинча жиноятнинг режасини қилаётган, ер юзида бузғунчилик ва ёвузлик тарқатаётганларнинг йўлини тўсиш, бутун инсониятнинг тинчлиги ва хавфсизлиги учун барча чораларни кўриш ҳар бир тақводор мўминнинг бурчидир. Бунинг устига Ислом террор йўлидаги тўсиқ ва инсоният учун иснод бўлган бу ҳолатни ер юзидан йўқотишнинг асосий йўлидир.

Салбчилар - ўз динларини оёқости қилган ваҳшийлар

Тарихдан маълумки, илоҳий диний таълимотнинг асл маъноси унинг сохталаштирувчилари томонидан жуда кўп марта бузиб, нотўғри талқин қилиб келинган. Насронийлик тарихида инсоният учун энг фожиали ва аянчли давр ҳисобланган Салб юришлари бунга ёрқин мисол бўла олади.

ХI аср охирида Оврупо насронийлари Худонинг марҳаматига мушарраф бўлган Фаластинни «сақлаб қолиш» учун Салб юришлари ўтказишга қарор қилишди. Насоро динини «асраб қолиш» учун бутун Овруподан тўпланган қўшинлар қадамлари етган жойга даҳшат ва шафқатсизликни олиб бордилар. Мусулмонлар қўл остида бўлганида тинчлик ва мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийларнинг аҳиллиги таянчи бўлган Қуддусни қўшинлар эгаллаб олгач, шаҳар даҳшатли ваҳшийлик ва қонхўрлик майдонига айланади. Салбчилар шаҳардаги мусулмон ва яҳудийларни аёвсиз қиличдан ўтказишди. Насроний тарихчиларидан бирининг ёзишича, «улар шаҳарда учратган барча арабларни ва туркларни... эркак ёки аёллигига қарамай ўлдиришди, ҳеч нарсани ҳисобга олмай, ёппасига қиришди».



Салбчилардан бири – Раймонд Агильскийнинг йилномасида мана бундай мазмундаги мақтанчоқлик билан ёзилган битиклар бор эди:

«Тасвирлашга лойиқ ажойиб воқеалар содир бўлди. Айрим одамларимиз – улар бизникиларнинг энг раҳмдиллари эди – душманларининг калласини сапчадек узишди. Одамларимизнинг бошқалари эса уларни найза билан тинчитишарди. Айримлари ғанимларини тириклай ўтга ташлашар, кейин узоқ қийнаб, секин ўлдиришар эди. Шаҳар кўчалари танадан узилган бош, қўл-оёқлар ғарамига тўлиб кетди. Шундай тўлдики, ана шу тана аъзолари ва каллаларга қоқилмасдан кўчадан юриш анча мушкул бўлиб қолди. Аммо буларнинг ҳаммаси Сулаймон подшо ибодатхонаси олдида содир бўлган воқеаларга солиштирганда ҳеч нарсага арзимай қолади. У ерда нима бўлгани қизиқтиряптими? Агар ростини айтадиган бўлсам, гапларимга ишонишингиз қийин. Гапнинг индаллосини айтсам, Сулаймон подшо ибодатхонаси олдида тўкилган қон дарёси одамларимизнинг тиззасидан юқорироққа чиқиб кетди».

Йилномалардаги маълумотларга қараганда, салбчиларнинг қўшинлари шаҳарда икки кун ичида 40 000 га яқин мусулмон ва яҳудийни ёвузларча қиймалаб ўлдирганлар. Салбчиларнинг ваҳшийлиги шу даражага бориб етдики, улар IV салб юриши пайтида ўз диндошларига қарашли Қустантания (Константипол) шаҳрини ҳам талон-тарож қилдилар. Улар шаҳар черковларига ички безак сифатида ишлатилган олтин зийнатларни, қимматбаҳо тошларни кўчириб олиб, ташиб кетишдан ҳам ҳазар қилмадилар.



Салбчиларнинг ваҳшийлиги насронийликнинг сиёсий доктринасига мутлақо зид эди. Инжил насронийликни инсониятга юборилган Илоҳий «муҳаббат ваҳийси» деб таълим беради. Пайғамбар Исо алайҳиссалом ўз эргашувчиларига шундай мурожаат қилган: «Душманларингизни севинглар... сизга жабр-зулм ўтказганларнинг ҳаққига ибодат қилинглар....» (Матто баён этган Инжил, 5/44). «Бир чаккангга урганга иккинчисини ҳам тут». (Луқо баён этган Инжил, 6/29). Янги аҳднинг ҳеч қайси ерида зулм ва зўравонлик қилишга ижозат берадиган амр-фармон йўқ, ҳатто бегуноҳ одамларни ўлдиришни оқлаш фикрининг ўзи ҳам йўқ. «Бегуноҳ ёш гўдакни ўлдириш» деган жумла фақат бир марта, яҳудий шоҳи Ироднинг пайғамбар Исони (с.а.в.) гўдаклигидаёқ ўлдиришга буюргани асносида тилга олинади.



У ҳолда нима сабабдан одамлар устидан ҳар қандай шаклдаги зўравонлик қилишни тақиқлаган муҳаббат динига эътиқод қилувчи насроний салбчилар бу қадар даҳшатли ваҳшийликни содир этдилар? Бунинг сабаби шундаки, ўз динларини гўё ҳимоя қилмоқчи бўлган салбчи жангчилар аслида бу дин ҳақида ҳеч нарса билмаганлар, Инжилни ҳеч қачон ўқимаганлар, насронийликнинг ахлоқий тамойиллари билан таниш бўлмаганлар, салбчиларнинг қўшинлари қаттиқ адаштирилган жоҳил ва нодон авомдан иборат эди. «Динни асраб қолиш учун» отилиб чиққан бир гуруҳ мунофиқлар Парвардигор номига қасам бердилар ва «Исо Масиҳ шунга буюрган» шиори остида нодон, жоҳил одамлар оммасини ваҳшийлик гирдобига улоқтирдилар. Ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида, алдов ва динга туҳмат билан одамларнинг ғоят кўп қисмини дин мутлақо тақиқлаган ҳаракатларни содир этишга ундадилар.



Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, анча юксак ривожланган жамоа ҳисобланган шарқий насронийлар ўзга диндагиларга тенглаб бўлмайдиган даражада адолат-инсоф билан муносабатда бўлганлар. Салбчилар келгунча ҳам ва салб юришлари тугагандан кейин ҳам, православ насронийлар мусулмонлар билан тинчлик ва тотувликда яшаганлар. Салб юришлари тарихига бағишланган Би-Би-Си телекомпанияси дастурларидан бирида тарихчи Терри Жонс шундай хулосага келадики, салбчиларнинг Яқин Шарқдан чиқиб кетиши билан «минтақадаги маданий ҳаёт қайта тикланди ва учала диннинг барча вакиллари Қуддусдаги тинч-осойишта ҳаётларига қайтдилар».



Салбчиларнинг қилмишлари битта умумий ҳолатни ойдинлаштиради: агар қандайдир бир ғоянинг издошлари маърифатдан йироқ бўлсалар, қалбларида иймон бўлмаса, Илоҳий дин томонидан буюрилган ахлоқ масалаларида нодонлик ва жоҳилликда юрган бўлсалар, ғоявий нуқтаи назардан баркамол бўлмасалар, у ҳолда уларнинг зўравонликка мойиллиги ҳаддан ташқари кучли бўлади. Ана шу қоида даҳрийлик мафкурасига ҳам бирдай тааллуқли. Дунёдаги барча коммунистик ҳаракатлар зўравонлик тарафдори бўлишган, лекин улар ичида энг қутургани ва инсонийлигини йўқотгани Камбоджадаги Қизил кхмерлар режими эди. Чунки коммунистик мафкура тарафдорларининг энг жоҳил, энг нодон, гумроҳ оммасидан ташкил топганди. “Душманингни ҳали совимаган юрагини суғуриб олиб есанггина уни мағлуб қиласан”, деган жоҳилона ақидага амал қилган қизил кхмерлар ўз халқлари бошига ваҳшиёна кулфатлар олиб келдилар.