loader
Foto

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрати

Саҳиҳ ҳадислар тўпламларида ва сийрат уламоларининг ривоятларида келганки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг Мадинага кетма-кет ҳижрат қилаётганларини кўриб, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломдан ҳижрат қилишга изн сўраганида, у зот: "Бир оз кута туринг. Мен ўзимга (ҳижрат қилишга) изн берилишини умид қилиб турибман", дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди: "Ота-онам Сизга фидо бўлсин, Сиз шуни истайсизми?" У зот: "Ҳа", дедилар.

Шундай қилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлиш учун ҳижрат қилмади ва ҳузуридаги икки уловни емлаб тўрт ой (ҳижрат учун) парвариш қилди. Шу аснода қурайшликлар у зотнинг бошқа қавм ва бошқа шаҳардан тарафдор - саҳобалар топганини кўришиб, у зотнинг уларнинг юртига чиқиб кетишидан ва улар билан бирга Қурайшга қарши уруш қилишга келишиб олишидан хавотирга тушиб қолдилар.

Шу сабабдан улар маслаҳат қилиш учун Дорун-надвада тўпландилар. (У Қусай ибн Килобнинг ҳовлиси бўлиб, қурайшликлар муҳим ишларини мана шу жойда муҳокама қилишар эди). Тўпланганлар фикрларини бирма-бир билдиришгач, ахийри қуйидаги тўхтамга келишдилар: ҳар бир қабиладан биттадан навқи-рон, бақувват йигитни олиб, уларга кескир қилич бериладиган бўлди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга худди бир киши ҳужум қилгандай ташланиб, ўлдирадилар. Шунда Бани Абдуманоф у қабилаларнинг ҳар биридан ўч олишга қодир бўлмайди. Бу иш учун маълум бир кунни белгиладилар.

Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ алайҳис-салоту вассаломга ҳижрат қилиш буйруғини олиб келиб, ўша куни ўз ётоғида ухламасликларини айтди.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: "Бир куни иссиқ туш пайтида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйида ўтирган эдик, (ўтирганлардан) бири Абу Бакрга "Ана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларини беркитган ҳолда келяптилар. Бундай пайтда бизнинг олдимизга ҳеч келмас эдилар", деди. Абу Бакр: "Ота-онам у зотга фидо бўлсин. Оллоҳга қасамки, у зот бундай пайтда муҳим бир иш бўлмаса келмайдилар", деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб киришга изн сўрадилар. Изн берилгач, кирдилар ва Абу Бакрга: "Ҳузурингиздагиларни чиқариб туринг", дедилар. Абу Бакр: "Ота-онам сизга фидо бўлсин, улар ўз аҳлингиз эй Расулуллоҳ", деди. Расулуллоҳ: "Менга (ҳижратга) чиқишга изн берилди", дедилар. Абу Бакр: "Отам Сизга фидо бўлсин эй Расулуллоҳ, икки уловимдан бирини олинг", деди. Расулуллоҳ: "(Фақат) пулга", дедилар.

Оиша онамиз айтади: (У икки уловни) тезлик билан жиҳозладик. Ҳар бирига озиқ-овқат ва сув солинган меш юкладик. Асмо бинти Абу Бакр ўзининг белбоғидан йиртиб мешнинг оғзини боғлаб қўйди. Шу боис Асмо Зотун нитоқ - белбоғ эгаси деб ном олган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Абу Толибнинг олдига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузуридаги одамларнинг омонатларини эгаларига топшириш учун Маккада қолишини буюрдилар. Чунки Макка аҳли ўзларининг энг эҳтиёт қиладиган нарсаларини ростгўй ва омонатдорлигини билганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига қўйишар эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳни кундузи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр ҳақида қандай сўзлар айтишса, эшитиб олиб, кеч кирганда Савр ғорига бориб айтиб беришини буюрди. (Озод қилган қулини) Омир ибн Фуҳайрани эса, кундузи қўйларни ўтлатиб, кеч кирганда ғорга ҳайдаб киришини, уларнинг сутидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккисига соғиб беришини тайинлади. Қизи Асмога эса кечаси таом олиб боришини буюрди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилган кечада мушриклар у зотни ҳалок қилиш ниятида эшик олдида пойлашга тушдилар. Расулуллоҳ эса ўзининг ётоқ ўринларига Али розияллоҳу анҳуни қолдириб ва унга ҳеч қандай ёмонлик етмаслигини айтиб, душман орасидан чиқиб кетдилар. Оллоҳ таоло уларнинг кўзларига уйқу-мудроқни ташлаган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўстлари Абу Бакр билан Савр ғорига бордилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эҳтиёт қилиб, ғорга аввал ўзи кириб, илон ёки йиртқич бор-йўқлигини би-либ чиқди. Улар у жойда уч кун турдилар.

Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чиқиб кетганини билишгач, Мадина йўлига тарқалиб, барча шубҳа остидаги жойларни текшира бошлашди. Ҳатто Савр ғорига ҳам етиб келишди. Оёқ товушларини эшитгач, Абу Бакр розияллоҳу анҳу қўрқиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деб пичирлади: "Агар биронтаси оёғининг остига қараб қолса, бизни кўриб қолиши аниқ!" Расулуллоҳ алайҳис-салоту вассалом: "Эй Абу Бакр, икки кишининг учинчиси Оллоҳдир", деб жавоб бердилар.

Оллоҳ таоло бу мушрикларнинг кўзларини "кўр" қилиб қўйди. Биронтасининг хаёлига бу ғорга қараш ҳам, унинг ичида нима борлигини сўраш ҳам келмади.

Мушриклар қайтиб кетишгач, Абдуллоҳ ибн Урқут келгандан кейин икковлари ғордан чиқишди. (Абдуллоҳ ибн Урқут мушриклардан бўлишига қарамасдан, ишончли бўлгани сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр уни Мадинага элтувчи махфий йўллар орқали йўлбошчилик қилиши учун ижарага олишган эди.) Бас, улар соҳил томон йўлга чиқдилар.

Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакрни ушлаб келган кимсага ҳар бирининг товон ҳаққини мукофот қилиб қўйишган эди.

Бир куни бану Мудлиж қабиласидан бўлган жамоат бир мажлисда ўтирган эди. Уларнинг ичида Суроқа ибн Жуъшум ҳам бор эди. Шу пайт ўзларидан бир киши келиб: "Мен ҳозир соҳилда бир неча кишининг қорасини кўрдим. Менимча улар Муҳаммад билан унинг шериклари бўлса керак", деди. Суроқа уларнинг ўшалар эканлигини билди-ю лекин ўтирганларни қувиб бориш ниятидан қайтариш учун шундай деди: "Сен фалон ва фалончини кўргансан. Иўқолган нарсаларини излаб бизнинг олдимиздан ўтиб кетишган эди", дедида, мажлисда бир оз ўтириб, сўнг туриб отига миниб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлашганда оти тойилиб, ундан йиқилиб тушди. Сўнг иккинчи бор миниб, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламнинг қироати эшитиладиган даражада яқинлашди. У зот ҳеч ўгирилиб қарамас, Абу Бакр эса у ёқ, бу ёққа кўп қарар эди. Шунда Суроқанинг отининг туёқлари қумга тиззасигача ботиб қолди. У отдан тушиб уни тургизди. Оти оёқларини қумдан базўр суғуриши билан осмону фалакка чанг тутундек кўтарилди. Суроқа билдики, у Расулуллоҳга зарар етказишдан тўсилган экан. Уни кучли қўрқув қуршади ва омонлик сўраб уларга нидо қилди. Бас, Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ва у киши билан бирга кетаётганлар тўхтаган эдилар, Суроқа етиб келиб, улардан узр, Оллохдан мағфират сўради. Сўнг озиқ-овқат ва баъзи ашёларни таклиф қилган эди. Улар: "Эҳтиёжимиз йўқ, фақат биз ҳақимизда ҳеч кимга айтмасанг, бас", дедилар. Суроқа: "Хотиржам бўлинглар", деди.

Шундай қилиб, Суроқа Маккага қайтиб Одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қидириб овора бўлмасликка чақирди.

Қаранг, эрталаб уларни ўлдириш ниятида чиқиб кетиб, кечаси уларни одамлардан ҳимоя қилиб қайтди.

Шайх Рамазон Бутийнинг

"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси