loader
Foto

Мусулмон шахс белгиланган суннат, нафл намозларни ўқийди

Охиратида зафарга эришишга ҳарис бўлган тақводор мусулмон белгиланган суннат намозларни ҳам ўқийди. Куну тун кучи етганича нафл намозларни адо қилади. Зеро, нафл намозларни кўп ўқимоқ, инсонни Парвардигорига яқинлаштиради. Уни Аллоҳнинг муҳаббати, Унинг ризоси мақомига етказадики, у олий мақомдир. Агар инсон у мақомга етса, Аллоҳ уни севади, азаз қилади, қўллаб-қувватлайди. Унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўлига айланади. Бунга қуйидаги ҳадиси қудсий далилдир: “Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашар экан, Мен уни севаман. Уни севсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли, юрадиган оёғига айланаман. Сўраса - бераман, паноҳ тиласа - паноҳимга оламан” (Бухорий ривояти).

Аллоҳ суйган бандани Еру осмон ахди ҳам суяр. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадис сўзимиз-нинг тасдиғидир. Айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло бирор бандасини севса - Жаброилни чақиради ва унга: “Мен фалон бандамни севдим, сен ҳам уни севгин”, дейди. Жаброил уни севади. Сўнг осмонга нидо қилиб: “Албатта, Аллоҳ таоло фалон бандасини севди, сизлар ҳам уни севинглар”, деб нидо қилади, бас, само аҳли уни севадилар. Сўнгра (унинг барча ишида) қабулият берилади. Агар Аллоҳ таоло бир бандасини ёмон кўрса, Жаброилни чақиради ва: “Мен фалончини ёмон кўрдим, сен ҳам уни ёмон кўргин”, дейди. Бас, Жаброил уни ёмон кўради, сўнгра само аҳлига нидо қилади: “Албатта, Аллоҳ таоло фалончини ёмон кўрди, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар”. Улар уни ёмон кўрадилар. Сўнгра у Ерда манфур қилинади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда кўп намоз ўқиганларидан оёқлари шишиб кетар, бу ҳолни кўрган уммул мўминийн Оиша розияллоҳу анҳо у зотга ичи ачишиб: “Нега шундай қиласиз, ё Расулуллоҳ, ахир Сизнинг аввалу охир гуноҳларингиз кечирилган-ку?” деб сўрар, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шукр қилгувчи банда бўлмайинми?” - деб жавоб берар эдилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан

Заҳириддин Мансур, ҳафизаҳуллоҳ таржимаси