loader
Foto

Замонни сўкмоқ

Офатлардан яна бири замонни сўкмоқ, замоннинг зулми, кунлар ёмонлигидан шикоят қилишни кўпайтирмоқдир. Ундайлар замонни ўзига кўз тутиб турувчи душман, халқига зулм қилувчи, гуноҳга ундовчи, бегуноҳга жазо берадиган золим ҳокимга ўхшатадилар.

Демак, инсон замонни сўкиб, уни айблашдан аввал ўзини маломат қилмоғи, эгрилигини ўнгламоғи даркор.

Сир эмас, баъзи шоир ва адиблар жамиятдаги бузуқлик, ҳокимларнинг золимкорликларини замондан шикоят қилиш билан айтадилар. Улар ўз шеърлари билан замонни эмас, балки унинг аҳлини, султонларни мақсад қиладилар.

Дерлар: Замон султон кабидир. Уни ҳақорат қилганга жазо муқаррар.

Бошига мусибат тушган мўмин банда ўзига, Парвардигорига қайтмоғи ва У Зотнинг тавба, истиғфор эшигини қоқмоғи ҳамда Одам ато, момо Ҳавволар жаннатдан чиқарилган чоғда айтган гапларини айтмоғи керак:

“Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр қилдик. Агар Ўзинг бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм-шафқат кўрсатмасанг шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз”. (Аъроф сураси, 23-оят)

Парвардигорига муножот қилиб қавми олдига қайтган Мусо Калиймуллоҳ қавми у кетгандан кейин йўлдан озиб, уларга гапирмайдиган, уларни эшитмайдиган (..худди тирик бузоқ каби) овози бор ҳайкал-бузоқни худо қилиб ушлаб олишганини, Ҳоруннинг насиҳатини эшитмай, уни заиф санаганлари, уни ўлдирмоқчи ҳам бўлишганини кўргач, Аллоҳ таолога юзланиб, унга тазарру билан дуо қилиб деди:

“..Парвардигорим, мени ва биродаримни Ўзинг мағфират қилгайсан ва бизни Ўз раҳматингга дохил қилгайсан, Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг Рахмлироғисан”. (Аъроф сураси, 151-оят).

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси