loader
Foto

Бу уммат залолат устида жамланмайди

Аллоҳ таоло бу умматни залолат устида жамланмаслик билан хослади. Бундан уларнинг ижмолари ҳужжат, ихтилофлари эса раҳмат экани келиб чиқади. Улардан аввалгиларнинг ихтилофлари азоб эди.

Имом Аҳмад ва Табароний Абу Басра Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таолодан умматим залолат устида жамланмаслигини сўрадим, У Зот дуойимни ижобат қилди. Аллоҳдан бирор душманнинг улардан устун келмаслигини сўрадим, У Зот дуойимни ижобат қилди».

Имом Ҳоким Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло умматимни ҳеч қачон залолат устида жамламайди», деганлар.

Шайх Наср Макдисий «Ҳужжат» номли китобида ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Умматимнинг ихтилофи раҳматдир», деганлар» (Бу ҳадисни Имом Дайламий «Муснадул Фирдавс» номли китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан марфуъ ҳолда ривоят қилган).

Имом Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло умматимни (ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматини) залолат устида жамламайди. Аллоҳнинг «яди»(инояти, ҳукми, қудрати) жамоат устидадир. Ким ундан ажралиб чиқса, дўзах томон ажралиб чиққан бўлади».

Изоҳ: Аллоҳ таолога нисбатан бу каби сўзнинг ишлатилиши ақийдага оид масаладир. Саҳиҳ хабарларда зоҳиридан махлуҳотларнинг аъзолари, сифатларига ўхшайдиган сўзлар Аллоҳ таолога нисбатан қўлланилган. Бундай оят ва ҳадислар «муташобиҳ» дейилади. Бунга «Аллоҳнинг юриши», «кулиши», «қўли», «кўзи», «оёги» каби сўзларни мисол қилсак бўлади. Салаф уламолар бу каби сўзларнинг маъноларига киришмай, Аллоҳга ҳавола қилишган бўлса, халаф уламолар замон тақозосига кўра бу каби сўзларни Аллоҳ таолонинг олийлигига мос маънолар билан таъвил қилишган, яъни изоҳлашган. Бироқ иккала замон уламолари ҳам кайфийят, яъни қандай ва қанақа экани борасида «Ақл бовар қилмайди, умуман тасвсаввур қилинмайди, аниқроғи бундай муташобиҳ оят ва ҳадисларга қандай ва қанақа деган саволумуман қўлланилмайди», дейишган.

Имом Абу Довуд Абу Молик Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таоло сизларни уч нарсадан ҳимоя қилади» деб, улардан бири «ва сизларни залолат устида жамламайди» деб айтдилар».

Муҳаммад Ҳасанийниг

"Энг шарафли уммат" китобидан