loader
Foto

Инсоннинг умри қандай узун бўлади

Шубҳа йўқ, инсон ҳаётни севади, умри узун бўлишини, иложи бўлса бу дунёда абадий қолишни истайди. Иблис алайҳиллаъна башар отаси Одам алайҳис-саломга унинг мевасини ейишдан қайтарилган дарахтни ейишни таклиф қилди.

“Сўнг шайтон унга васваса қилиб: “Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?”, деди”. (Тоҳа сураси, 120-оят).

Дин Ҳақ Йўлида, эзгу ишлар қилишда узун бўлган умрни эътиборга олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: Қайси инсон афзал? У зот: “Умри узун, амали гўзал бўлган инсон”, деб жавоб бердилар.

Лекин ўлим деган нарса инсон ҳаётига раҳна солар. Ўлим гоҳида ёшликнинг гуллаган баҳорида бўлган йигитга келса, гоҳо чимилдиқ ичидаги куёвга келар. Гоҳо оиланинг ёлғиз эркатойига келса, гоҳо бой-бадавлат одамга, ҳашамат эгаси бўлган ҳокимларга келар. Шунинг учун ҳам уни - ўлимни лаззатни йўқ қилувчи, жамоатни ажратиб юборувчи деб ҳам атайдилар.

Умр хотимаси, ҳаёт ниҳояси ўлим экан, демак инсоннинг орзулари қанчалар кўп бўлмасин, умрнинг ўзи ҳам қисқадир. У бир неча кунлар, чекланган нафаслардан иборатдир. Ўлим ҳаёт ҳузурига изн сўрамай келар, уни ўтмишда қолдирар.

Ҳадисда айтилади: “Истаганингча яша, чунки барибир ўласан. Хоҳлаганингни сев, чунки сен барибир ундан бир куни айриласан. Қанча хохдасанг шунча амал қил, чунки сен у сабабли мукофотланасан, у амалдан масъулдирсан”.

Кўз ўнгимда ўлимнинг эшик қоқишин Барча жонзот кўриб, англаб билдилар Гар йиғламоқ истасанг йиғла эй мискин Ўларсан сен ҳам Нуҳдек умр кўрсанг гар Бир юракни бошқа бир юрак ўрнига жойлай олган тиббиёт ҳам, инсонни ой сатҳига олиб чиққан илм-фан ҳам кексаликка қарши кураша олмас. Кексани ёшлик даврига қайтара олмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Аллоҳ таоло қариликдан бошқа ҳар бир дардни давоси билан туширган”.

Инсоннинг умри мана шундай суратда чеклаб қўйилган экан, у ҳолда умрни қандай қилиб узайтириш мумкин?

Инсон туғилиб вафот этгунча яшаган умр ҳақиқий умр эмас, балки унинг Аллоҳ ҳузуридаги сармоясига ёзиб қўйилган яхши амаллар, эзгу ишлар унинг ҳақиқий умридир.

Баъзан, юз ёшдан ҳам кўп умр кўрган кексаларни кўрамиз. Агар уларнинг тақво, эзгу ишлардан иборат ҳисоб дафтарига қаралса нолга баробарлигини, яъни сармоячилар тили билан айтганда банкрот бўлганини кўрамиз. Аммо айрим йигитлик чоғидаёқ бу дунёни тарк этганларнинг ҳисоб дафтарига назар солсангиз, эзгу амалларга тўла карвон эканини кўрасиз.

Демак, инсон Аллоҳга ибодат қилиб, бандаларига эҳсон қилиш билан ўз умрини узайтириши мумкин экан. Унинг қилаётган амалларига ихлос, бенуқсонлик қўшилган сари унинг Аллоҳ олдидаги ажр-савоблари кўпаяверади.

“Жаннатда юз поғона бордир. Ҳар икки поғона ораси осмон билан Ер ўртасидаги масофа кабидир”.

Амаллар турли ҳолатларда турлича тафовутда бўлар экан, демак, уларнинг энг афзалига ҳарис бўлган инсон бахтлидир. Аллоҳ таоло айт-ганидек.

“Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг бандаларимга - сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни, нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг!”. (Зумар сураси, 17-18-оятлар).

Баъзи одамлар кўп ишларни осонлик билан ҳал этиб, буни мўъжиза деб биладилар. Бу мўъжиза эмас, балки у Аллоҳнинг баракот ва тавфиқидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни зулматлардан нурга олиб чикдилар. Башариятнинг шу кунгача бўлган тарих саҳифаларини ўзгартирдилар. Ўша пайтлардаги қийинчиликлар, йўлидаги тўсиқларга парво қилмай, динга чақирдилар. Ўша динга мувофиқ янги авлодни тарбияладилар. Намунали уммат пайдо қилдилар. Оламшумул давлатга асос солдилар.

Балки сиз: Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мўъжизалар берилган. У зот қаерда-ю, бизлар қаерда, дерсиз.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъват йўлидаги кечирган ҳаётларига назар ташлаган киши у зотни Аллоҳнинг оддий қонунлари бўйича юрганини кўради. У зотга берилган коинот мўъжизаларидан ҳам буюкроқ мўъжиза Қуръони Карим эди. У зот бошқа мўъжизаларни муайян вақтларда, Ерда барча имкон чораларини қўллаб бўлган, энди осмоннинг ёрдамидан бошқа чора йўқлигидагина келтирганлар. Масалан Аллоҳ таоло ҳижрат пайтида у зотнинг қалбига сакинат тушириб, мисли кўрилмаган лашкарлар билан у зотни қўллаб-қувватлагани ёки у зот Бадр ғазотида барча чораларни қўллаб бўлганидан сўнг, Аллоҳ таоло у зотни бир-бирларига мингашган ҳолдаги минглаган фаришталар билан қўллаб-қувватлагани бунга мисолдир.

Хулафойи рошидийн, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, уларга эргашганлар уфқни қандай очганлари, Исломни тарқатганлари, умматга билим ўргатганлари, бир неча йиллар ичида уларни жоҳилий динлари, одатлари, луғатларидан нурга олиб чиққанларига қаранг. Ҳатто тарихчилар ҳам оз фурсат ичида ҳам сиёсий, ҳам ижтимоъий, ҳам мафкуравий, ҳам шахсий, ҳам диний жиҳатдан бутун оламда Ислом пайдо қилган бу инқолиб олдида лолу, ҳайрон қолдилар.

Умар ибн Абдул Азиз халифаликни Тўғри Йўлга солишга жазм этди. Мазлумлар ҳақларини, омонатларни ўз эгаларига қайтарди. Бу йўлда бирор маломатчининг маломатига қулоқ солмади. Натижада, у зотнинг икки ярим йиллик халифалик пайтидаги замин адолатга тўла бўлди. Қанчалар тўсиқ кўп бўлмасин Ҳақ мезонида амалнинг оғирлиги зиёдалашиб, унинг Аллоҳ олдидаги қиймати, савоби кўпаяверади.

Яна шулардан келиб чиққан маъно шуки, саҳобалар тобеинлардан афзалдир. Чунки улар одамлар кофир бўлган пайтда иймон келтирдилар. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи қилаётганларида, улар у зотни тасдиқладилар. Демак, жамият фасодга юз тутиб, аҳвол изтиробга тушган пайтда - бойлар ҳаддан ошганда, кучлилар ўзини кўрсатиб, уламолар хушомадгўй бўлганда, бузуқлик ёйилганда, гуноҳ ишлар кўриниб, яхшиликлар махфий бўлган-да, ана шу пайтда қилинган солиҳ амалнинг ажри улуғ, қадри буюк бўлар экан. Бу ҳақда аввалги уламолардан бири “Зуҳуврул фитан ва фасодуз замон - Фитналар кўриниши, замон бузилиши” номли китобида, ҳамда менинг “Жоҳилийятул ҳадийса - Янгича жоҳиллик” номли китобимда айтилган. Демак, Аллоҳнинг дини - дини Исломга амал қилувчилар, хусусан мана бундай дин ортга қараб қайтаётган, жоҳиллик олдинга қараб келаётган бир пайтда Аллоҳнинг наздида ўша янги саҳобалар кабидирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Фитна пайтидаги ибодатнинг савоби менга ҳижрат қилган билан баробардир”.

Ҳофиз ал-Мунзирий айтади: Баъзи ҳадислар-дауни қатл деб ҳам тафсир қилинган. Зеро, қатл сабаби фитна ва ихтилофлардир.

Абу Умайя Шаъбоний айтади: Мен Абу Саълаба ал-Хашнийнинг ҳузурига бориб, ундан: Мана бу оят ҳақида нима дейсиз, деб сўрадим. У: Қайси оят, деди. Мен оятни тиловат қилдим.

“Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни, гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, Ҳақ Йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас...”. (Моида сураси, 105-оят).

Шунда у: Роса одамидан сўрадингку. Мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шу ҳақда сўраганимда у зот: “Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараверинглар. Сизлардан кейин сабр кунлари келур. У кундаги сабр чўғни ушлаш билан баробардир. У кунда яхши амал қилганга ўзи кабининг элликтасининг ажри ёзилади”, дедилар. Бу ҳадисни ибн Можжа, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Лафз ибн Можжаники. Термизий бу ҳадисни ҳасан ғариб, деб айтган, Абу Довуд ҳадиснинг қўшимчасини ҳам ривоят қилган: Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, Улардан элликтасининг ажрими?, деб сўрашди. Шунда у зот: “Сизлардан элликтангизнинг ажри берилади”, деб жавоб бердилар.

Баъзи ривоятларда мана бу ажрнинг бир неча баробар эканлигининг сабаби келтирилади. У зот айтадилар: “Сизлар яхшилик учун кумакчи топасизлар, аммо улар яхшиликка ёрдам берадиган кўмакчи топа олмайдилар”. Яъни, ҳадисда Ислом ёйилиб, одамлар динга тўп-тўп бўлиб кирганларидан кейинги саҳобаларга яхшилик учун кўмакчи топилиши назарда тутиляпти. Зеро, муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари Ислом бошида ўзларига кўмакчи топа олмаганлар. У пайтда уларга фақат қарши жанг қилувчилар топилиши мумкин эди. Араблар уларни бир камондан ўққа тутган эдилар. Демак, фазилатда уларга бирортаси тенглаша олмас.

Ҳадис бизларга модомики эшитгувчи қулоқ, англовчи қалб, дуолар ижобатидан умид бор экан яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтаришда доим бўлишни вожиб қилади. Энди эшиклар беркилиб, сабаблар узилганида, иш инсон тоқатидан катталашганида эса.. “Агар сен унга тоқат қила олмайдиган ишни кўрсанг, (куч-қувват Ёлғиз Аллоҳникидир) у ҳолда Аллоҳ қилинадиган ишни амалга оширгунга қадар мўминнинг қўлидан келадиган нарса сабрдир”.

Бундаги сабр худди олов устидаги қозоннинг қайнашидек - нафсий бир ғалаён ўз йўлдошини интизор бўлиб кутишидир, кўз тутишидир.

Бу ердаги сабрнинг маъноси ёмон иллатларни таг-томиридан юлишдек олийжаноб ишлар ҳақида фикр юритмоқдирки, бу ишларда содиқ мўминлар бир-бирларига ёрдам берурлар. Зеро, бир киши қила олмаган ишни кўпчилик уддалайди. Ўзи ёлғиз бўлган биродарлари билан кўп бўлар. Балки, ўзи каби эллик одам - эллик саҳобанинг ажри билан мукофотланишга лойиқ амалдан мақсад ҳам шудир. Саҳобаларнинг амали кабилар; Ҳақни ушлаш, Ислом динига ёрдам бериш, жаҳолатга қарши курашиш, Аллоҳ йўлида фидо бўлиш ҳамда мусибатларга сабр-бардош қилмоқдир.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси