loader
Foto

Ислом беш (нарса)га бино қилинган

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш (нарса)га бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир», деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳадиси шарифнинг умумий мазмунига кўра, Ислом дини беш нарсанинг устига бино қилингани айтилган. Маълумки, ибодатлар қавлга ёки феълга тааллуқли бўлади. Қавлга тааллуқли ибодатларнинг ўзи ҳам икки ҳолатда бўлади. Қавлий ва ғайри кавлий. Икки шаҳодат калималари қавлийдир. Рамазон рўзаси эса ғайри қавлийдир. Феълий ибодатлар ҳам уч турга бўлинади: Баданий ибодат, молиявий ибодат ва баданий-молиявий ибодат. Баданийга намоз мисол бўлади, молиявийга закот мисол бўлади ва баданий-молиявийга эса ҳаж мисол бўлади.

Ҳадиснинг матнида ибодатлар даражама-даража тартиб билан келтирилди. Аввалида шаҳодат калимаси келтирилди. Чунки у ибодатларнинг энг муҳими ва асли бўлгани учун. Яъни қолган ибодатлар унинг фаръи ва унинг устига қуриладиган бўлгани учун. Ундан сўнг намоз зикр қилинди. Зеро, намоз мукаллафга энг аввал вожиб бўладиган ибодат бўлиб, ибодатлар ичида энг эътиборлисидир. Сўнгра закот зикр қилинди. Бу ўринда Қуръони Каримнинг назмига мувофиқ бўлгани учун. Чунки Қуръони Каримнинг бир қанча ўринларида закот намоз билан бирга ёнма-ён зикр қилиниб, «Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар» дейилган. Ҳажни эса рўзадан муқаддам келтирдилар. Бунда ҳажнинг шаъни ва аҳамияти эътиборга олинган. Чунки Қуръони Каримда ҳажга қодир бўла туриб уни тарк қилган кишига куфр лафзи билан таъбир берилган:

«Кимки куфр келтирса, Аллоҳ одамлардан беҳожатдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Шу сабабли, ҳаж ибодати рўза ибодатидан аввал келтирилди.

Биринчи жумламиз «Ислом беш (нарса)га бино қилинган» жумласи бўлди. Ушбу жумла бир неча истиораларни ўзида қамраган. Истиора мавзусига киришишдан аввал қуйидагиларни тушуниб олишимиз лозим: ҳадисларда келган ададлар, яъни уч, тўрт, беш сонларидан кейин тамйиз келади. Тамйиз жар бўлиб ёки насб бўлиб келиши мумкин. Бу ҳадисда ҳам беш сони келтирилди. Унга ҳам тамйиз керак. Аммо ҳадисда бешнинг тамйизи зикр қилинмаган. «Ислом бешга бино қилинган» дейилди ва ўша бешта нима эканлиги айтилмади. Биз бу ерда тамйиз ҳазф қилинган деймиз. Яъни «Ислом беш нарса, беш устунга бино қилинди», деб айтамиз.

Энди истиора масаласига ўтамиз. Истиора дегани «Зайд арслонга ўхшайди» дейилган ибора кабидир. Мисолимизда Зайд сўзи ўхшатилувчи, арслон сўзи ўхшатилинган, ўхшатиш томони эса шижоатдир. Ҳадисда Ислом бир чодирга ўхшатилиб, у чодир бешта устун устига турғазилгани айтилган. Улардан тўрттаси чодир атрофида, биттаси эса ўртасида. Ҳадисда Ислом ўхшатилувчи, чодир эса унга ўхшатилган бўлди. Ислом лафзи киноя ила истиора қилинган лафздир. Ва унга ўхшатилган нарса бўлмиш чодир эса ҳазф қилинган. Унинг ўрнига ўша чодирнинг устунлари зикр қилинган. Истиоранинг бу турини, яъни унга ўхшатилган нарса ҳазф қилиниб, ўрнига у лозим тутган нарсани зикр қилиш «истиораи тахйилия» дейилади. Чодир иссикдан, совуқдан ва бошқа нарсалардан сақлайди. Умуман олганда чодир керакли нарсаларни ҳосил қилиш ва зарарли нарсалардан сақланиш учун бир восита. Ислом ҳам шу кабидир. Ислом жаҳаннам ўтидан сақлайди, унга амал қилган кишини жаннатга киритади. Исломни чодирга ўхшатилишининг сабаби мана шудир. Ҳадисда «Ислом бешга бино қилинган» дейилди. Қоида бўйича қурилган нарса билан унинг устига қурилган нарса орасида фарқ бўлиши керак. Аммо бу ерда қурилган нарса бўлмиш Ислом ва унинг устига қурилган нарса бўлмиш беш устун орасида фарқ йўқ. Бунинг сабаби ҳадисда жар қилгувчи ҳарфлар истеъмолда бири бошқасининг ўрнида ишлатилади. Масалан, ҳадисда сўзи ишлатилган. Мана шу сўзи маъносида келгандир. Шунда ҳадиснинг маъноси «Ислом бешта нарсадан бино қилинган» бўлади.

Энди ҳадисни ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳақларида қисқача тўхталиб ўтсак. Китобларда ибн Умар дейилса, ҳазрати Умарнинг фақатгина ушбу ўғллари назарда тутилади. Олти саҳобийдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, бу киши ўшалардан биридир. Бу кишининг таваллудлари ваҳий нозил бўлишидан бир йил аввал бўлган. Етмиш учинчи ҳижрий йилда вафот этганлар. Оталари билан бирга Исломга кирганлар. Иймон келтирган вақтларида ўта ёш бўлганлар. Ёш бўлганликлари учун Бадр ғазотида қатнашмаганлар. Уҳуд ғазотида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ижозат берганлар. Баъзи ривоятларда Уҳуд ғазотига ижозат бермаганликлари ҳам нақл қилинган. Зеро, ўша вақтда бу киши ўн тўрт ёшда бўлган эканлар. Бу киши илмнинг кўплиги, зоҳидлик ва зеҳни ўткирлиги билан ажралиб турганлар. Жобир розияллоҳу анҳу бу киши ҳақларида «Бизлардан айримларимиз дунёга мойил бўлдик, айримларимизга дунё мойил бўлди. Умар ва унинг ўғли эса дунёга мойил бўлмадилар» деган экан. Маймун ибн Меҳрон айтган экан: «Ибн Умардан кўра парҳезкорроғини ва Ибн Аббосдан кўра билимлироғини кўрмадим».

Мазкур ҳадисни ушбу ўринда келтиришнинг сабаби, Муржиъаларга раддия қилиш эди. Муржиъа тоифасидагилар иймоннинг ўзи кифоя қилади дейишади. Ҳадисда эса намоз, рўза ва шу каби амаллар иймоннинг устуни экани баён қилинди. Бундан Исломимизнинг комил бўлишига иймоннинг ўзи кифоя қилмаслиги келиб чиқади.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан